Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло қилаётган ишларингиздан рози бўлсин. Болам 2 ёшдан ошди. Лекин жуда инжиқ ва қизғанчиқ. Овсинимнинг ўғлига кун бермайди. Боғчадан келиб, бир хиллари роса инжиқланади, бақириб, айтганини қилдиради. У-бу жойга меҳмонга борсак, тўполон қилиб, ўша ердаги болалар билан ҳам уришади. Балки бир ўзи бўлгани учун эркалатиб юбордикми? Энди айтганимизни қилмайди. Бу уканг, ундан қизғанма, деб тўғри тушунтирсам ҳам, барибир, айтганида маҳкам туради ва укасини уради. Битта яхши томони шуки, роса ақлли, хотираси кучли, дарсни биттада илиб олади. Сиздан илтимос, қандай йўл тутай?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Она ва бола ўртасидаги энергетик боғлиқлик боланинг 14 ёшигача узилмайди. Шунинг учун боланинг инжиқликларини сизнинг, яъни онасининг руҳий кечинмаларига боғлаш мумкин. Бундай ҳолларда энг аввало она ўз устида ишлаши лозим бўлади. Эҳтимол, сизда нимадандир чўчиш, кимнингдир меҳрига тўймаслик, бировнинг эътиборига зорлик, ҳовлиқиш, ҳаётдаги баъзи ҳодисаларни вақтидан олдин тезлатишни исташ ва ҳоказо ҳис-туйғулардан бири бордир. Шулар ҳақида чуқур мулоҳаза қилиб кўринг. Албатта, эрталаб ва кечқурун болага ўзингиз учта “Қул…”ни ўқиб, дам солиб туринг. Бола ота-она меҳрига тўймаса ҳам, инжиқлик қилиши мумкин. Тез-тез уни бағрингизга босиб, эркалатиб туринг. Валлоҳу аълам!.