Ассалому алайкум! Аввало «Muslimaat. uz» сайтини тузган ва унда бизларга қулай имкониятлар қилган барча инсонларга Аллоҳ раҳматини ёғдирсин, илмингизни янада зиёда этсин. Менга маслаҳатингиз керак, илтимос. 1) турмуш ўртоғимда Гепатит В борлигини февраль ойида анализдан билдик. Гепатит В билан инсон қачон зарарланганлигини билиш мумкинми? Икки фарзандим бор: бири 3,5 ёш, иккинчиси шу ёзда бир ёшга тўлади, Ин ша Аллоҳ. Эшитишимча, бу вирус мавжуд бўлган ота ёки онадан гендан ўтар экан. Болаларим туғилганида поликлиникада қилинадиган эмлашларни, шу жумладан, Гепатит В га қаршисини ҳам олганман. Фарзандларимдан хавотир олмасам бўладими? 2. Қизчам 11 ойлик, сўрғични ҳеч олмайди. Икки қўлидаги бош бармоқчасини роса сўради. Лейкопластир ўраб кўрдим, каттароқ иккита сўрғични бармоқларига кийгаздим, эмаклаб юргани учун ерга ишқалаб, ечиб ташлайди. Одамлар «бармоқчаси кичкина бўлиб қолади» дейишмоқда. Илтимос маслаҳатингизни аяманг. Аввалдан сизнинг маслаҳатларингиз учун катта раҳмат
Шифокор:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ.
Аввало гепатит В касаллигининг юқиш йўлларини айтиб ўтсам: бу касаллик парентерал юқиш механизмига эга, яъни қон орқали юқиши мумкин, 30% ҳолларда жинсий йўл билан ҳам юқиши мумкин. Онадан болага вирус агар она шу вирус билан зарарланган бўлса, туғруқ пайтида тери бутунлиги бузилган ҳолларда ёки йўлдошда амниоцентез қилинган ҳолатда ўтиши мумкин. Маиший-мулоқот йўли билан бу касаллик юқмайди.
Оиласида гепатит В билан оғриган шахс бўлганлар оила аъзолари хавфсизлиги учун қуйидагиларга риоя қилишлари керак: шахсий гигиена воситалари-бритва, тирноқ олгич, педикюр ва маникюр асбобларини фақат ўзлари ишлатиб, болалар қўли етмайдиган баландроқ, алоҳида жойга қўйишлари мақсадга мувофиқ. Агар аёл киши бемор бўлса, булардан ташқари яна ҳайз одати пайтларида эҳтиёткорликни кучайтириши, бир маротабалик воситалардан фойдаланиб, уни иложи борича уй анжомлари билан мулоқотига йўл қўймасликка ҳаракат қилиши керак.
Бу вирус сиз эшитганингиздек ГЕНДАН ЎТМАЙДИ! Гепатит В генетик касаллик эмас, у ҳаёт мобайнида, юқорида кўрсатиб ўтилган йўллар орқали бемор одамдан соғлом инсонга ўтиши мумкин (Аллоҳ изни билан ).
Болаларингизга планли равишда туғруқхонада ва поликлиникада шу касалликка қарши вакцинация ишлари ўтказилган бўлса, хавотирга ўрин йўқ. Уларда бу касалликка қарши антитело мавжуд бўлади. Унинг кучи баъзи манбааларга кўра 15 йилларга етади. Аммо бу турмуш ўртоғингиз шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари шарт эмас дегани эмас. Ўзингиз ҳам мулоқотдаги шахс сифатида қонингизни шу вирус маркёрларига текширтиринг ва натижа яхши чиқса гепатит В вирусига қарши вакцина билан эмланганингиз маъқул (айтганимдек Аллоҳ изнисиз касаллик юқмайди-ку, эҳтиёт шарт айтяпман).
Турмуш ўртоғингизда бу касаллик ўткир даврда бўлса, унинг аломатлари ҳам ўткир намоён бўлар эди ва буни сезмай қолмасдинглар, сезишимча бу аста-секинлик билан ривожланиб борган сурункали процесс. Бу касалликни ўткир ёки сурункалилигини кўрсатувчи махсус маркёрлар бор. Агар қонда иммуноглобулин М аниқланилса, касаллик ўткир формада бўлади, агар қонда иммуноглобулин G миқдори юқори бўлса бу касаллик сурункали формага ўтганини билдиради. Ўткир гепатитда инфекция билан зарарлангандан 6 ой кейин ва яна “период окна” (сохта яхшиланиш даври) да иммуноглобулин М (Ig M) устун туради, кейинчалик эса- иммуноглобулин G (IgG ) . Бундан ташқари касалликнинг активлик даражасини кўрсатувчи маркёрлар ҳам бор : HBeAg ва вирус ДНК сини аниқланилиши, анти –HbsAg ни аниқланилиши ва ҳ.к. лар . Аммо буларни интерпретация қилиш ва у асосида даво тактикасини белгилаш фақат мутахассис вирусолог ва инфекционистларнинг иши. Асосийси бу касаллик бедаво эмас. Вақтида даволаниб, назорат қилиб юрилса асоратларнинг олдини олиш мумкин ин шаа Аллоҳ.
Қизингизнинг бармоқчаларини сўриши оқибатида кичиклашиб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирингиз ҳам асоссиз. Сиз қизингизни бармоқчаларига безиён мойлар, масалан седана ёғидан озгина суриб қўйишингиз мумкин. Ёки ҳар шу одатини қилмаганида уни рағбатлантириб туришингиз мумкин. Ушбу бўлимда яна бир онанинг фарзандидаги тирноқларини ғажиш борасида маслаҳат сўраб мурожаат қилган саволлари бор, шу саволга жавобни ҳам кўриб чиқишингиз мумкин. Аллоҳ оилангизга офият ато қилсин