– Ва алайкум ассалом! Қалбга оид ҳолатларда бошқаларни муҳокама қилинмайди. Ўзингизни тергаган пайтда энг афзали тавба қилиш, истиғфор айтиш. Шуни кунда қилсангиз, тергаган пайтингизда чуқурлашиб кетмайсиз.
Риё
Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг яна бири риёдир.
«Риё» сўзи кўз билан кўриш, назар солиш ва «одамлар кўрсин» маъноларини англатади. Риё учун охирги маъно кўпроқ хосдир.
Ибн Ҳажар Асқалоний риёни қуйидагича таърифлайди: «Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир».
Таҳонавий риёни қуйидагича таърифлайди: «Риё яхшиликни бошқалар кўришлари учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди».
Башарият мубтало бўладиган маънавий хасталиклар ичида энг ёмони ширкдир. Чунки ширк туфайли робблик ҳаққи Эгасидан бошқага нисбат берилади. Бандалик унга лойиқ бўлмаган зотга изҳор қилинади. Шу билан бирга, ширк башар қалбини парчаловчи омилдир. Чунки у туфайли инсон қалби бир неча тарафга сиғинишга мажбур бўлади. Унинг тошга, ҳайкалга, дарахтга, ҳайвонга ва бошқа нарсаларга ибодат қилаётганининг гувоҳи бўласиз.
Тавҳид ақийдасини лозим тутган мусулмон инсон мазкур нарсаларнинг барчасидан халос бўлган ҳур инсондир. Аммо унинг махфий ширк хасталигига чалиниш хавфи бор.
Бу хасталикнинг номи риёдир. Қуръони Каримда ўз амали ила холис Аллоҳ таолонинг розилигини истамаган риёкор ҳалокатга учрашини баён қилувчи очиқ-ойдин далиллар келган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
ﯡ ﯢ ﯣﯤ ﯥ ﯦﯧ ﯨ ﯩﯪ ﯫ ﯬﯭ ﯮ ﯯﯰ ﯱ ﯲﯳﯴ ﯵ ﯶﯷ ﯸ ﯹﯺ ﯻ ﯼﯽﯾ ﯿ ﰀﰁ ﰂ ﰃﰄﰅ ﰆ ﰇﰈ ﰉ ﰊ
«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб, ботил қилманг. У мисоли устини тупроқ босган, сўнгра кучли ёмғир ёғиб, уни сип-силлиқ қилиб қўйган ясси тошга ўхшайдир. Касб қилган нарсаларидан бирор нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (264-оят).
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
ﭑ ﭒ ﭓﭔ ﭕ ﭖﭗ ﭘ ﭙﭚ ﭛﭜ ﭝﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣﭤ
«Улар молларини одамлар кўриши учун нафақа қиладилар ва Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам иймон келтирмаслар. Кимнинг яқини шайтон бўлса, у қандай ҳам ёмон яқин!» деган (38-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло хуш кўрмайдиган мутакаббир ва фахрланувчи кимсаларнинг баъзи сифатлари зикр қилинмоқда. Улар аслида бахил бўлиб, молни яхшиликка сарфлашдан қочадилар. Аммо борди-ю сарфласалар ҳам, ояти каримада келганидек, кишилар кўришлари учун, риёкорлик учун сарфлайдилар.
«Улар молларини одамлар кўриши учун нафақа қиладилар».
Демак, бахил бўлиш ҳам Аллоҳ таолога ёқмайди. Риёкорона нафақа бериш ҳам Аллоҳ таолога ёқмайди. Чунки риёкорнинг мол сарфлашдан кўзлаган мақсади одамлар кўрсин ва эшитсин, гап қилсин, мақтасин, дейишдир. Аллоҳ учун, Унинг розилиги учун эмас.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдовчи»дир. Улар агар намозга турсалар, дангасалик билан, одамлар кўриши учун турурлар ва Аллоҳни камдан-кам зикр қилурлар» (142-оят).
Аллоҳ таоло Моъун сурасида марҳамат қилади:
ﭶ ﭷ ﭸﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾﭿ ﮀ ﮁﮂ
«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Улар риё қиладиганлардир» (4–6-оятлар).
Намоз ўқиса-ю, намознинг ҳақиқатини унутса, ёмонлик, иғво, бўҳтон, ёлғончилик, бузғунчилик ва бошқа разолатлардан қайтмаса, ундай киши риёкор, мунофиқ бўлади. Одамларнинг кўзини бўяш, улар ҳузурида обрў топиш, ўзини диндор қилиб кўрсатиш учун намоз ўқиган бўлади.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:
«Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин» (110-оят).
Риё ҳақида айтилган ҳадислардан намуналар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ t قَالَ: قَالَرَسُولُ اللهِ r: «قَالَ اللهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: أَنَاأَغْنَى الشُّرَكَاءِ عَنِ الشِّرْكِ، مَنْ عَمِلَ عَمَلًا أَشْرَكَ فِيهِ مَعِي غَيْرِي تَرَكْتُهُ وَشِرْكَهُ». رَوَاهُمُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шерик қилишини ҳам тарк этурман», деди».
Муслим ривоят қилган.
Бу ерда амалда риёкорлик қилиш ширкка тенглаштирилмоқда. Шунинг ўзидан риёкорлик қанчалар ёмон нарса эканини билиб олсак бўлади.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «تَعَوَّذُوابِاللهِ مِنْ جُبِّ الْحَزَنِ». قَالُوا: يَارَسُولَ اللهِ، وَمَا جُبُّ الْحَزَنِ؟ قَالَ: «وَادٍفِي جَهَنَّمَ تَتَعَوَّذُ مِنْهُ جَهَنَّمُ كُلَّ يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ». قُلْنَا: يَارَسُولَ اللهِ، وَمَنْ يَدْخُلُهُ؟ قَالَ: «الْقُرَّاءُالْمُرَاءُونَ بِأَعْمَالِهِمْ».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳдан Жуббул ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул ҳазан нимадир?» дейишди.
«Жуббул ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.
«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Қуръонни Аллоҳ таоло учун эмас, одамлар мақтови учун, «Фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундай қилади, бундай қилади», дейишлари учун ўқийдиган қорилар. Қаранг, Аллоҳнинг каломини ўқиш ҳам ният ва ихлос билан бўлмаса, риёкорлик учун бўлса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.
عَنْ أَبِي سَعْدِ بْنِ أَبِي فَضَالَةَ الْأَنْصَارِيِّ t،عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «إِذَاجَمَعَ اللهُ النَّاسَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ لِيَوْمٍ لَا رَيْبَ فِيهِ نَادَى مُنَادٍ: مَنْ كَانَ أَشْرَكَ فِي عَمَلٍ عَمِلَهُ لِلَّهِ أَحَدًا فَلْيَطْلُبْ ثَوَابَهُ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللهِ، فَإِنَّ اللهَ أَغْنَى الشُّرَكَاءِ عَنِ الشِّرْكِ». رَوَاهُالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Саъид ибн Абу Фазола Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида – бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат Зотдир», деб нидо қилади».
Термизий ривоят қилган.
Риёнинг зарарлари:
1. Риё амалнинг савобини зое қилади.
2. Риё Аллоҳ таолонинг ёмон кўришига сабабдир.
3. Риёкор Аллоҳ таолонинг лаънатига сазовордир.
4. Риё ҳалокатга олиб борувчи гуноҳи кабирадир.
5. Риё риёкорнинг ғоятда жоҳил эканига далил бўлади.
6. Риё фақирликни жалб қилади.
7. Риё ўз соҳибини фитналарга гирифтор қилади.
8. Риё эгасини қиёмат куни халойиқнинг олдида шарманда қилади ва ҳоказо.
(Руҳий тарбия.)
Валлоҳу аълам!