– Ва алайкум ассалом!
Салам фасли
يَصِحُّ السَّلَمُ فِيمَا يُعْلَمُ قَدْرُهُ، وَوَصْفُهُ، كَالْمَكِيلِ وَالْمَوْزُونِ مُثَمَّنًا، وَالْمَذْرُوعِ كَالثَّوْبِ مُبَيِّنًا طُولَهُ وَعَرْضَهُ وَرُقْعَتَهُ، وَالْمَعْدُودِ مُتَقَارِبًا، فَيَصِحُّ فِي السَّمَكِ الْمَلِيحِ، لَا فِي الْحَيْوَانِ وَأَطْرَافِهِ، وَجُلُودِهِ، وَالْجَوَاهِرِ، وَلَا بِصَاعٍ وَلَا ذِرَاعٍ مُعَيَّنَيْنِ لَمْ يُدْرَ قَدْرُهُ.
Салам савдоси миқдори ва сифати маълум, нархланган кайлли ва вазнли каби нарсада тўғри бўлади.
Узунлиги, эни ҳамда юпқа-қалинлиги баён қилинган зироъ билан ўлчанадиган кийимга ўхшаш нарсаларда ҳам.
Бир-бирига яқин сифатли, доналаб саналадиган нарсаларда ҳам. Тузланган балиқда салам савдоси дуруст. Ҳайвон, унинг калла-пойчалари ва териларида ҳамда жавоҳирларда дуруст эмас. Миқдорини билиб бўлмайдиган муайян соъ ва зироъда ҳам дуруст эмас.
(شُرُوطُ السَّلَمِ)
саламнинг шартлари
وَشُرُوطُهُ بَيَانُ جِنْسِهِ، كَبُرٍّ. وَنَوْعِهِ كَسَقِيَّةٍ. وَصِفَتِهِ كَجَيِّدٍ. وَقَدْرِهِ وَأَجَلِهِ، وَأَقَلُّهُ شَهْرٌ.
وَقَدْرِ رَأْسِ الْمَالِ فِي الْكَيْلِيِّ، وَالْوَزْنِيِّ، وَالْعَدَدِيِّ. وَمَكَاِنِ إِيفَاءِ مُسْلَمٍ لِحَمْلِهِ مُؤْنَةٌ.
وَقَبْضِ رَأْسِ الْمَالِ قَبْلَ الْاِفْتِرَاقِ شَرْطُ بَقَائِهِ.
Саламнинг шартлари: саламга қўйиладиган нарсанинг жинсини (мисол учун, буғдой) навини (суғориладиган), сифатини (яхши), миқдорини (фалон килограмм) ва муддатини (фалон куни) баён қилишдир. Унинг ози бир ойдир.
Шунингдек, кайлий, вазний, ададий нарсаларда сармоянинг қиймати ва ташиш учун харажат кетадиган нарсаларда топшириладиган макон ҳам баён қилиниши шарт.
Тарафлар бир-биридан айрилишдан олдин сармояни қўлга олиш саламнинг боқий қолиш шартидир.
«Салам» луғатда «таслим қилиш», «бериш» маъносини англатади. Шариатда эса зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади. Бундай савдони «салаф» ҳам дейилади ва бу «қиймати олдин берилган» деган маънони англатади.
Бу савдо ҳожат тушганда, рибо аралашмаслиги шарти билан жоиз. Яъни олди-сотди қилинаётган нарса бир хил бўлмаслиги ва рибонинг бошқа кўринишлари ҳам аралашмаслиги лозим.
Саламда олувчи сотувчига: «Мен сенга бу динорни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.
Салам – салаф савдоси ҳақида уламоларимиз чуқур ва кенг кўламли баҳслар қилиб, бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанлар. Қуйида ўша муборак илмий изланишларнинг самараларидан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.
1. Салаф савдосига Қуръони Каримдан далил бор.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг», деган (282-оят).
Салаф савдосида ҳам шу маъно бор. Ислом умматининг илм денгизи, Қуръон таржимони дея улуғланган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Шоҳидлик бераманки, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга келишилган «салаф»ни Аллоҳ Ўз Китобида ҳалол қилиб, унга изн берган», деб туриб, юқоридаги оятни қироат қилар эканлар.
2. Салаф савдосига Суннатдан ҳам далил бор:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَدِمَ رَسُولُ اللهِ r الْمَدِينَةَ، وَهُمْ يُسْلِفُونَ فِي التَّمْرِ، السَّنَةَ وَالسَّنَتَيْنِ، فَقَالَ: «مَنْ أَسْلَفَ فِي تَمْرٍ - وَفِي رِوَايَةٍ: فِي شَيْءٍ - فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ، إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар мевани бир йил, икки йилга салаф савдо қилар эдилар. Бас, у зот:
«Ким хурмони (бошқа ривоятда «бир нарсани») салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан маълум муддатга салаф қилсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Аҳли Мадинанинг салаф савдоси жоҳилият қоидаси бўйича бўлар эди. Меванинг қанча берилиши, қачон ва қаерда берилиши тайин қилинмас эди. Шунинг учун ҳам ораларида турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар келиб чиқар эди.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам салаф савдосининг исломий васфини айтдилар. Яъни салаф савдосида қуйидагилар бўлиши шарт:
1. «Маълум ўлчов».
Соъ, мудд каби ёки бошқа ўлчовлар аниқ айтилиши керак. «Мен сенга бу динорларни бунча соъ хурмо учун бердим», деб, сотиб олинаётган нарсанинг ўлчови аниқ айтилиши керак.
2. «Маълум вазн».
Нархи олдиндан тўланаётган савдо молининг вазни, агар унинг миқдори вазн билан ўлчанадиган бўлса, аниқ айтилиши керак. Мисол учун, «Мен сенга ушбу динорларни менга бунча мисқол тиллани сотишинг учун таслим қилдим», дейиши лозим.
3. «Маълум муддат».
Яъни нархи олдиндан тўланган савдо моли харидорга қачон берилиши ҳам аниқ келишиб олиниши керак. Ана шунда турли келишмовчиликларнинг олди олинган бўлади.
قَالَ مُحَمَّدُ بْنُ أَبِي الْمُجَالِدِ t: بَعَثَنِي عَبْدُ اللهِ بْنُ شَدَّادٍ وَأَبُو بُرْدَةَ إِلَى عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى، فَقَالَ: سَلْهُ، هَلْ كَانَ أَصْحَابُ النَّبِيِّ r فِي عَهْدِهِ، يُسْلِفُونَ فِي الْحِنْطَةِ؟ قَالَ: كُنَّا نُسْلِفُ نَبِيطَ أَهْلِ الشَّامِ فِي الْحِنْطَةِ وَالشَّعِيرِ وَالزَّيْتِ، فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ، إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ، قُلْتُ: إِلَى مَنْ كَانَ أَصْلُهُ عِنْدَهُ؟ قَالَ: مَا كُنَّا نَسْأَلُهُمْ عَنْ ذَلِكَ، ثُمَّ بَعَثَانِي إِلَى ابْنِ أَبْزَى، فَسَأَلْتُهُ فَقَالَ: نَعَمْ، مَا كُنَّا نَسْأَلْهُمْ، أَلَهُمْ حَرْثٌ أَمْ لَا؟. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَابْنِ مَاجَهْ: «مَنْ أَسْلَفَ فِي شَيْءٍ فَلَا يَصْرِفْهُ إِلَى غَيْرِهِ».
Муҳаммад ибн Абу Мужолид розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Абдуллоҳ ибн Шаддод ва Абу Бурда мени Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг олдига юбориб:
«Сўра-чи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг даврларида буғдой билан салаф савдо қилишармиди?» дейишди. У:
«Аҳли Шом набийтлари билан буғдойда, арпада ва ўсимлик ёғида маълум ўлчов ва маълум вақтга салаф қилар эдик», деди.
«Ҳузурида (молнинг) асли борлар биланми?» дедим.
«У ҳақда улардан сўрамас эдик», деди.
Сўнгра икковлари мени Ибн Абзанинг ҳузурига юбордилар, ундан ҳам сўрадим. Бас, у:
«Ҳа, улардан экинлари борми, йўқми эканини сўрамас эдик», деди».
Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Абу Довуд ва Ибн Можа келтирган ривоятда:
«Ким бир нарсада салаф қилса, бошқасига буриб юбормасин», дейилган.
«Набийт» сўзи «ер остидан сув чиқаришга уста одам» деган маънони билдиради.
Ҳадисда «аҳли Шом набийтлари» дейилганда шомлик деҳқонлар назарда тутилган. Чунки улар экинларини суғориш учун ер остидан сув чиқарар эдилар.
Бу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:
– Буғдой, арпа ва ўсимлик мойида салаф савдоси жоизлиги;
– Салаф маълум ўлчов ила бўлиши шартлиги;
– Салаф маълум муддатга бўлиши шартлиги;
– Салаф савдосидаги иккинчи томонда айтиладиган молнинг асли бўлиши шарт эмаслиги;
– Салаф савдосида сотиладиган молнинг нархини тўлаган одам ўша молни олмасдан, бошқа молни талаб қилиши ёки бошқа бировга ўтказиб юбориши жоиз эмаслиги.
3. Ислом умматининг ҳаммаси салаф – салам савдоси жоиз эканига доимо иттифоқ қилиб келган.
Бу ҳақда Имом Ибн Мунзир қуйидагиларни айтадилар:
«Биз билган ҳар бир аҳли илм саламнинг жоиз эканига ижмоъ қилган. Чунки одамлар бунга муҳтождирлар. Зироат, мол ва тижорат эгалари маҳсулотларини бозорга чиқаргунларича улар бунга муҳтож бўлиб турадилар. Шунинг учун ҳожатни ҳисобга олиб, саламга изн берилган».
«Йўқ нарсани сотиб бўлмайди» деган умумий қоидадан истисно тариқасида иқтисодий фойдани кўзлаб, одамларга енгиллик яратиш учун жорий қилинган салам савдосининг худди бошқа савдолар каби учта рукни бор: савдо қилувчи, савдо моли ҳамда ийжоб ва қабул.
Савдо қилувчи – олувчи ва сотувчи икки тарафдир.
Савдо моли – бериладиган ва кейин унинг эвазига олинадиган мол.
Ийжоб – сотувчи ёки олувчи тарафидан биринчи бўлиб «олдим» ёки «сотдим»нинг айтилиши.
Қабул – сотувчи ёки олувчи тарафидан иккинчи бўлиб «олдим» ёки «сотдим»нинг айтилиши.
Салам савдосининг тўғри бўлиши учун бир неча тоифа шартлар мавжуд бўлиши керак:
1. Молнинг нархи сифатида берилаётган раъсулмолда бўлиши лозим шартлар тоифаси;
2. Олдиндан нархи тўланаётган молда бўлиши лозим шартлар тоифаси;
3. Салам савдосининг умумий сифатлари тоифаси.
Мана шу шартлар билан қисқача танишиб чиқайлик:
I. Салафнинг умумий шартлари:
1. Маълум жинсда бўлиши шарт.
Салам – салаф савдоси қилинаётган нарсанинг жинси номаълум бўлмаслиги даркор. Акс ҳолда кейин жанжал чиқади.
2. Миқдори маълум бўлиши керак.
Харидор: «Ушбу пулимга фалон миқдор нарса берасан», деб аниқ миқдорни айтиши, сотувчи ўшанга рози бўлиши керак. «Хоҳлаганингча берарсан, одамлар нима бўлса, биз ҳам шу-да», каби умумий, ноаниқ гаплар бўлмаслиги керак.
3. Маълум муддатга бўлиши керак.
Нархни тўлаб, сотиб олаётган одам: «Фалон куни молни берасан», деб аниқ айтиши, сотаётган киши ўша муддатга рози бўлиши керак. «Пишганда берарсан», «Керак бўлганда берарсан» каби гаплар билан бўлса, кейин жанжал чиқиши мумкин.
4. Раъсулмолнинг миқдорини билиш керак.
Яъни олдиндан тўланаётган нархининг аниқ миқдорини икки томон ҳам билиши керак.
5. Нархи тўланган молни топшириш жойи тайин бўлиши керак. Чунки уни олиб келиш учун кетадиган харажат туфайли ҳам кейинчалик хилоф чиқиши мумкин.
II. Молнинг нархи сифатида берилаётган раъсулмолда бўлиши лозим шартлар тоифаси:
1. Жинси баён этилиши керак.
Пул бўлса динорми, дирҳамми ёки бошқами. Бошқа нарса бўлса ҳам нималиги очиқ-ойдин баён қилиниши лозим.
2. Тури баён қилиниши керак.
Мадинанинг динорими, Бағдодникими, Макканинг дирҳамими ёки Шомникими, аниқ айтилиши шарт. Шунингдек, бошқа нарсаларнинг ҳам тури аниқ айтилиши лозим.
3. Сифати баён қилиниши керак.
Бу гап нақд пулдан бошқа нарсаларга тегишли. Ўша бериладиган нарса янгими, эскими, аъло сифатлими, ўртачами ёки паст сифатлими – бари айтилиши лозим.
Мазкур уч шарт савдодаги ноаниқликни йўқотишга хизмат қилади. Ушбу нарсалар олдиндан аниқ қилиб олинмаса, кейин ўртада низо чиқади. Бу нарсалар тайин қилинмаса, савдо фосид бўлади (бузилади).
4. Нархи олдиндан тўлаш учун ажратилган молнинг миқдори аниқ кўрсатилиши керак. Бир тўп пулни кўрсатиб: «Сенга ушбу пулни бераман, сен менга бунча буғдой берасан», деса бўлмайди. Бу ҳам ноаниқлик, бу ҳам низога сабаб бўладиган иш.
5. Берилаётган пул текширилган бўлиши керак.
Чунки қалбаки пул бўлса, жанжал чиқади. Ёки пулни олган одам бир муддатдан кейин: «Берган пулинг қалбаки экан», деб қолиши ҳам мумкин. Кейинчалик низога сабаб бўладиган ҳар бир ноаниқлик савдони бузади.
6. Савдо тугаб, икки томон ажрашишидан олдин келишилган нархдаги пул қўлга тутқазилиши лозим.
III. Олдиндан нархи олинаётган молда бўлиши лозим шартлар:
1. Жинси маълум бўлиши шарт.
Буғдойми, арпами, хурмоми, олмами ёки бошқами.
2. Нави маълум бўлиши керак.
Ажва хурмосими, Тобуний хурмосими ёки бошқами. Тоифи узумми, ҳусайними ёки бошқами.
3. Сифати маълум бўлиши керак.
Олий навлими, ўртачами ёки пастми ва ҳоказо.
4. Миқдори маълум бўлиши керак.
Неча соъ, ботмон, кило, метр, адад ёки бошқа ўлчови аниқ бўлиши керак.
Ушбу тўрт шарт ҳам ноаниқликни кўтариш учун киритилган. Агар бу шартлар мавжуд бўлмаса, низо чиқиш эҳтимоли бор.
5. Раъсулмол ва нархи олдиндан олинадиган молда рибонинг иллатлари бирлашмаслиги керак. Аввало, иккиси бир жинсдан бўлмаслиги лозим. Тилла билан кумуш орасида салаф савдоси бўлмайди. Шунингдек, таомларда ҳам бўлмайди. Таом, тижорат молларини пулга салаф қилса бўлади. Тижорат молларини бир-бирига салаф қилса бўлади. Умуман, рибо бўлиб қолмаслигининг риояси бўлиши керак.
6. Нархи олдиндан олинаётган мол савдо пайтида ҳозир бўлмаслиги керак. Ҳозир бўлса, ўша вақтнинг ўзида сотиб олинарди.
7. Нархи олдиндан олинган молнинг васф қилинган навдагиси ва сифатдагиси салаф савдоси қилинган вақтдан то уни бериш вақтигача бозордан топиладиган нарса бўлиши керак. Маълум вақт бозорда бўлиб, кейин йўқолиб қоладиган нарса бўлмаслиги керак. Масалан, қулупнайга салаф қилса, ўша салаф қилган вақтда ҳам, уни харидорга берадиган вақтда ҳам, оралиқ вақтда ҳам бозорда қулупнай бўлиши керак. Чунки ўзи кўзлаган ҳосил пишмай қолса, бозордан олиб бериш имкони бўлсин.
8. Савдо аҳдномаси қатъий бўлиши керак. Яъни икки тарафда ҳам айниш ихтиёри бўлмайди. Чунки айниш ихтиёри молни синаб кўриш, айби бўлса, аниқлаш мақсадида шариатга киритилган. Салам савдосида бу ҳолат умуман йўқ.
9. Нархи олдиндан тўлаб қўйилган молни таслим қилиш жойи аниқ бўлиши керак.
Кўриниб турибдики, салаф савдоси ҳам бошқа савдолар каби нозик масала. Мусулмон инсон бу ишга киришишдан олдин унинг қоидаларини яхшилаб ўрганиб олиши лозим. Молиявий муомаласида ҳаром аралашиб, гуноҳга ботмаслиги, бировнинг ҳақини еб, икки дунёда шарманда бўлмаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан тасарруф қилиши керак.
Барча молиявий муомалалардаги каби, салаф савдосида ҳам шубҳага ва бировнинг ҳаққи зое бўлмаслигига ўрин қолмайдиган тарзда аниқ иш юритиш лозим.
Бу ишларни иккита одил гувоҳ ҳузурида ёзиб-чизиб қўйилса, яна ҳам яхши бўлади.
Энди «Мухтасари Виқоя»да бу ҳақда келган матнни ўрганайлик.
Салам савдоси миқдори ва сифати маълум, нархланган кайлли ва вазнли каби нарсада тўғри бўлади.
Узунлиги, эни ҳамда юпқа-қалинлиги баён қилинган зироъ билан ўлчанадиган кийимга ўхшаш нарсаларда ҳам.
Бир-бирига яқин сифатли, доналаб саналадиган нарсаларда ҳам.
Бунда бир донаси бошқасига ҳажман яқин бўлган ёнғоқ ва тухумга ўхшаш нарсаларда салам савдоси жоиз бўлади. Аммо доналари орасидаги тафовут катта бўладиган қовун ва тарвуз каби нарсаларда салам савдоси жоиз эмас.
Тузланган балиқда салам савдоси дуруст. Ҳайвон, унинг калла-пойчалари ва териларида ҳамда жавоҳирларда дуруст эмас. Миқдорини билиб бўлмайдиган муайян соъ ва зироъда ҳам дуруст эмас.
Тузланган балиқдаги салам сон билан эмас, вазн билан ўлчанади.
Завод ва фабрикаларга бериладиган буюртмалар ҳам салам савдоси турига киради. (Кифоя.)
Валлоҳу аълам!