Ассалому алайкум!
«Сунний ақийдалар»да келишича, ақийда далиллари мутавотир ва оҳодга бўлинар экан. Мутавотирни инкор қилган шахс исломдан чиқар экан. Энди шу мутавотирнинг ўзи иккига бўлинар экан: қатъий ва қатъий эмас. Мен тушунмаган жойим, қатъий ҳабарни инкор қилган шахс исломдан чиқар экан, қатъий эмасини инкор қилган эса чиқмас экан. Юқорида мутавотирни инкор қилган шахс исломдан чиқади дейилган, мана шу қатъий ва қатъий эмас хабар ҳам мутавотирга киради-ку. Буни қандоқ тушунмоқ лозим.
Устоз бунга ойдинлик киритиб берсангиз.
Аллоҳ икки дунёда азиз қилсин
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
«Мутавотир» – бу истилоҳ луғавий жиҳатдан «кўплик» маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса, бундай ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи ҳалқа одамлари ёлғон келишувга имкон бермайдиган даражада кўп бўлиши керак. Мисол учун, бир ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз киши ривоят қилган. Худди шу ҳадисни мазкур ўттиз саҳобийдан шу қадар ёки ундан ҳам кўп ададдаги тобеъинлар, улардан эса худди шунча табаъ тобеъинлар ривоят қилганлар. Ана ўша ҳадис мутавотир ҳадис дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, рўза тутиб, ҳаж қилишлари, жумъада хутба ўқишлари, азон, иқомат каби амаллари кўп марта ва кўпчилик ҳузурида бўлганлиги учун ҳаддан ташқари кўп одамлар ривоят қилганлар. Мана шу масалаларга тегишли ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбаримизнинг: «Ким менинг номимдан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», деган ҳадислари мазмунига ўхшаш кўпгина ҳадислар мутавотир ҳисобланади. Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этган, лекин унга амал қилмаган одам эса, гуноҳкори азим бўлади.
«Оҳод». Бу сўз луғатда «озчилик кишилар» маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса, биринчи уч асрда ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод ҳадис билан собит бўлган ҳукмга амал қилиш вожибдир. Унга амал қилмаган одам тарки вожиб ила гуноҳкор бўлади.
Шу билан бирга уламолар оҳод ҳадисда келган ҳукмга амал қилиш учун баъзи шартлар ҳам қўйганлар. Жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари оҳод ҳадисга амал қилиш учун учта шарт қўйганлар.
1) Ўша оҳод ҳадисни ривоят қилган шахс унга хилоф иш қилмаслиги керак. Агар ровий бир ҳадисни ривоят қилса-ю, унга амал қилмаса, унинг ривоятига эмас, амалига эргашилади. Зеро ровий ўз ривоятига унинг мансух бўлганини (амалдан қолганини) билгани учунгина амал қилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳанафийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган «Ит ялаган идишни етти марта ювиш» ҳақидаги ҳадисга амал қилишмаган, чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзлари бундай идишни уч марта ювганлар. Уламолар ана шунга амал қилишни танлаганлар.
2) Оҳод ҳадисда келган нарса кўп такрорланмайдиган, кўпчилик кўз ўнгида содир бўлмайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар намозда Рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисга амал қилмаганлар. Бу иш аслида кўп такрорланадиган, кўпчиликдан яширин қолиши мумкин бўлмаган нарса. Чунки намоз кўп ўқилган, намознинг ҳамма амаллари мутавотир ҳадислар билан собит бўлган. Рукуъга кетишдан олдин икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис оҳод бўлиб қолишининг ўзи шубҳа туғдиради. Агар бу амал бошқа амаллар даражасида бўлганида, мутавотир ҳадис билан собит бўлар эди.
3) Оҳод ҳадисда келган нарса шариатнинг асосига хилоф бўлмаслиги керак. Бунга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган, бировнинг серсут қўйини соғиб ичиб турган одам сут эвазига бир соъ миқдорда хурмо беради, деган ҳадис мисол бўлади. Ваҳоланки, шариат қоидаси бўйича, бир нарсанинг эвазига унинг ўзига ўхшаш нарса қайтарилади.
Қолаверса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадис насх қилинган бўлиши ҳам мумкин. (“Ҳадис ва Ҳаёт”)