Ассалому алайкум!
Ҳурматли Устоз!
Таҳоратда юзни ювганда лаб бўёғи суртган бўлсам, бўёқ чапланиб, бир неча ноқулайликлар туғдиради. Таҳорат қилганимда чапланиб кетмаслиги учун махсус помада (лаб бўёғи) сотиб олдим. Ушбу помада бир ёки икки кун лабдан ўчиб кетмайди. Аммо бу мумкинмикан деб шубҳаланиб қолдим. Яъни лак асл тирноққа сув теккизмагани учун таҳоратда ман қилинган. Маълум муддат сув ўчириб юбормайдиган помада ҳам лакнинг ҳукмида эмасми? Бу помадани суртгач, таҳорат қилганда лабимни яхшилаб, ишқалаб ювсам таҳоратимга помаданинг зарари йўқми? Жавоб учун олдиндан раҳмат
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Лабнинг ташқи тарафи, яъни бўёқ қўйиладиган қисми юзга тобе. Юзни ювиш эса таҳоратда фарз амал. Демак, лабга ҳам сув тегиши керак. Ўша бўёқ лабга сув ўтказмайдиган бўлса, албатта уни кетказиб тагини ювиш фарз бўлади. Сиз бир икки кунлик турадиганини эмас, тез ювиладиганини олинг, таҳоратингизга осон бўлиши учун. Аслида уйдан ташқарида ва номаҳрамлар кўзи тушадиган ерларда лаб бўёғини ишлатиш жоиз эмас. Валлоҳу аълам