Ассалому алайкум! Қуръонда “Истиғфор айтсангиз мол-дунё, бола-чақа, боғ- роғ билан қўллаймиз, куч-қувватингизга куч-қувват қўшамиз” каби маънодаги оятлар бор. Ҳозирги кунда мен ўзим ҳар куни кўплаб истиғфор айтсам, бола-чақам ва пулим, жисмоний куч-қувватим кўп бўладими ёки бу оятлар ўша давр кишилари учунгина тегишлими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло “Нуҳ” сурасида марҳамат қилади:
10. «Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим.»
Истиғфорнинг луғавий маъноси мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўрашдир. Амалда банда тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса, истиғфор диндорликни ифода этади. Агар бу оятга амал қилсангиз.
11. «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир.
12. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир.
Буюк ватандошимиз имом Абул Баракот Насафий ўзларининг машҳур тафсирлари «Мадорик»да ушбу ояти карима тафсирига қуйидаги қиссани келтирадилар:
Ҳазрати имом Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб қурғоқчиликдан шикоят қилибди, Ҳазрати имом Ҳасан Басрий, истиғфор айтинглар, деб маслаҳат берибдилар. Иккинчиси келиб камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар ва барчаларига «истиғфор айтинглар» деган маслаҳат айтибдилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожат қилиб: «Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?» – дебди. Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига юқорида келтирилган оятларни ўқиб берибдилар.
Мазкур оятда истиғфор ва ризқлар бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан «Аъроф» сурасида: «Агар шаҳар, қишлоқ аҳолиси иймон келтирсалар ва тақводор бўлсалар, албатта Биз уларга осмонлару ердан баракотларни очиб қўямиз ва лекин улар (Пайғамбарни) ёлғонга чиқардилар, Биз уларни қилган ишлари туфайли (азобга) олдик.» дейилади. Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.
Демакки, қайси халқ Аллоҳ таолодан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ таоло у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади.
Гоҳида, Аллоҳдан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаровонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаравонлик ортидаги муаммолар ошкора бўла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг Ўзидан қайтган бандаларига юборган азобининг бошланиши бўлади.
(Тафсири Ҳилол)
Ояти карималар тафсиридан кўриниб турибдики, бу маъно ўша даврнинг ўзига эмас, ҳар замон учун умумийдир. Аммо истиғфорни бирор дунёвий мақсадни кўзлаб эмас, холис бўлиб, гуноҳлари мағфират қилиниш умидида айтилиши бандалик одобидир. Валлоҳу аълам