Беадаб фарзанд

07:58 / 21.01.2022 | Nazima Bakhadirovna | 303

Ассаламу алайкум. Ҳурматли устозлар. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Ўғлим бор 4 ёшда. Кундан кунга тарбияси бузилиб кетаяпти. Авваллари уни урардим жуда ҳам тўпалончи, қўпол қилиб айтганда жуда зараркунанда бола эди. Ҳозир ҳам шундай. Лекин энди фарзанд тарбияси ҳақидаги маърузаларни эшитиб, интернет каналларида ўқиб билдимки, болани уриб бўлмас экан. Кейин уни урмайдиган бўлдим ҳатто қаттиқ гапиришни ҳам тўхтатдим. Лекин ўғлим кундан кунга фақат ёмон тарафга ўзгараяпти. Ўзидан катталарга нарса отади, уради, ҳархил ёмон гаплар гапириб ҳаммани олдида беҳурмат қилади. Энг қизиғи биз оилада жуда ҳам бир-биримизга меҳрибонмиз, ҳечқачон уришмаймиз катталарни ҳурматини жойига қўямиз. Боғча опасини тарбияси нотўғримикин деб ҳатто боғчага ҳам олиб бормайдиган бўлдик. Энди уйда ўзим тарбияламоқчиман. Лекин афсуски фарзандим энди менга кўнмаяпти яхши гапимни умуман қабул қилмаяпти фақат бақирсам ё урсамгина айтганимни қилади. Яхши гапирсам биртийинга олмайди. Хатто ҳечкимдан қўрқмайди. Калтаклайвериб уни фақат урганда гапга кўнадиган қилиб қўйгандирман балки... Лекин ўзи“ойи уришманг, бақирманг, секин гапиринг” дейди, лекин секин гапирсам айтганимни қилмайди. Ўзи ёмон бола эмас Қуръон ёдлатаман, ёдлайди зикрлани айтади юрган йўлида саловотларни такрорлайди. Отаси билан қўшилишиб намоз ўқийди. Лекин ярмига келганда саждага бош қўйса устига сакрайди калтаклай бошлайди. Кундан кунга вахшийлашиб бораяпти. Унинг тарбиясида нималарга эътибор беришим керак?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Болани уришиш ёки калтаклашнинг энг зарар томони шундаки унинг миясида “ур ёки қочиб қол” муҳофаза механизми шаклланади. Бола ёки қўрқоқ бўлиб ҳаммадан қочиб юради ёки кези келса келмаса барчани калтаклайверади, қўполлик қилаверади. Болада ақл, тафаккур умуман мия тўлиқ шаклланиб улгурмагани сабабидан уришиш, калтаклаш фақат душманига қаратилиши керак деган нарсани тушунмайди. Чунки унинг энг яқин инсонлари ота-онаси ҳам душмани эмас энг яқин инсони, аммо болани калтаклашар, ота-она меҳрини шу йўсинда ифодалайдику деган ҳолат миясида ўрнашиб қолади. Демак бола учун ҳам меҳр шу тарзда ифодаланиши нормал ҳолат. У ўзининг баъзи эмоцияларини шу калтаклашлар орқасига яширади. Унинг мияси жисмини шундай бошқаради. Шу сабабли болани зинҳор уриб бўлмайди. Унга фақат меҳр бериш, кўпдан-кўп қучоқлаш, воқеа-ҳодисаларни тушунтириш, саволларига эринмай жавоб бериш, у билан ўйин ўйнаш орқали тарбияланади. Ота-она ибрат бўлиши керак. Ота-она нимани қилса яширибми ёки ошкорами бола ҳам умри давомида шу нарсаларни қайтараверади. Болага тинч-осуда ҳаёт керак. Онанинг ёки бошқа оила аъзосининг бақирган овозлари боланинг психикасини бузади. Бола тарбиялаш жуда катта масъулият. Биринчи ўринда оила аъзолари ўзларини тарбиялаган бўлишлари керак сўнг бола тарбияланади. Афсуски аксарият ҳолларда аввал боланинг психикасини ўрганиб чиқиб, тарбия масаласини кўриб чиқиб кейин фарзанд кўрилишига эътибор қилинмайди. Сизнинг бу ҳолатингизда болага сабрли бўлиб тарбиясини юқоридагиларга эътибор қилган ҳолда буткул бошқача давом эттиришингиз ва болалар психологи қабулига ёки психотерапевт шифокори қабулига олиб борганингиз маъқул. Валлоҳу аълам.