Ассалому алайкум! Опажон, илтимос, менга ёрдам беринг, маслаҳат кўрсатинг. Дилимда қолиб кетган ўзимни қийнаб юришимга сабаб бўлган дардни қандай чиқариб ташлашга ҳайронман. Бундан 2.5 йил аввал менинг розилигимсиз уйимдагилар бир оила бн аҳдлашиб қўйишган. Шу вақтгача қанча гапирмай, тушунтирмай улар мен тараф бўлишмади, барибир унаштиришди. Мен ўзи унаштирилиб гаплашиб учрашиб юришни истамайман. Шунинг учун ўқишимни битириб олгач бирдан тўй қилишса яхши деб ўйлардим. 1-курслигимда аҳдлашиб қўйишган бўлса мана орадан деярли 3 йил ўтди, ҳозир 3-курсман. Биласизми мен жуда қийналиб эзилдим шу вақт оралиғида. Бувим мен ўзим қизимга тушунтираман у қарши чиқмайди деб розилик берган эди. Лекин мен у болани бошида ёқтирмасдим, мен диндор, тақводор оилага келин бўлишни истардим. Бола ёмон эмас, 5 вақт намоз ўқийди, диндан ҳам тушунчаси бор, оиласи эса диндан узоқроқ. Мен номаҳрам билан гаплашишнинг гуноҳлигини билардим, лекин мажбур бўлдим 3 йил давомида шу инсон билан мулоқот қилишга. Бошида 1.5-2 йил давомида унга нисбатан илиқ туйғуларим йўқ эди, унга тўғри гапирмасдим,қўпол эдим, шундай қилсам ўзи мендан воз кечади деб ўйлардим, аммо тақдир қўшилганга ўхшайди, унақа бўлмади. Анча вақтдан кейин ўзимни кўниктириб, тақдир-ку бу деб унга яхши гапира бошладим ва кўнглимда унга нисбатан яхшироқ ҳислар пайдо бўлди, Аллоҳ мени сабабчи қилдими, у ҳам сўзларимдан таʼсирланиб озми-кўпми айрим нарсаларни тушуниб, айрим гуноҳлардан тийилди. Ўзи кўп гаплашмаймиз, бошқа-бошқа вилоятда бўлганимиз учун камдан кам нечадир ойда бир кўришамиз, кўришганимизда ҳам умуман ёмон ишлар бўлмайди, масофа сақланади, хуллас, қўл бериб кўришилмайди, динга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин негадир ўша инсонда кўнглим бўлса ҳам ҳали ҳамон ота-онам, қариндошларимнинг ҳаётим устида менинг розилигимсиз чиқарган қарорларини унутолмайман. Чунки мен бошқача инсонни ният қилардим, ҳаммаси тақдир, иймон келтираман, лекин менда вазият умуман бошқача эди. Мен гаплашишни истамасдим, лекин ойим, бувим хафа қилма, ёмон гапирма деб қулоғимга қуйишарди. Хуллас, орадан кўп гаплар ўтиб кетди. Тўй қиламиз дейишса мен рози бўлмаганман, чунки ўқишим Тошкентда, улар эса вилоятда, мен ўқишимни кўчиришни истамайман, шунинг учун тўй шу пайтгача бўлмаган, ёзда деб режалаштиришган. Вазиятимни озроқ бўлса ҳам тушунтиролдим деб умид қиламан. Ҳозирги ҳолатим эса жуда ғалати. Ўзим жуда диндор эмасман, лекин турмуш ўртоғим илмда, тақвода мендан устун бўлишини истардим. Бу билан у кишини паст санамоқчи эмасман, лекин бу менинг катта ниятим эди, ота-онам эса менинг ниятим, кўнглимга эʼтибор беришмаган. Фотиҳани қайтаришга ҳаракат қилдим, лекин бувим агар қайтарсанг мени ўлдирган бўласан каби таʼсирли гапларни айтардилар. Нима десам экан, эзилсам ҳам, сиқилсам ҳам ўзимни кўниктириб келдим шу пайтгача. Ҳозир загсдан ҳам ўтиб қўйганмиз, аввалгидек у кишига бефарқ эмасман, лекин ўтган воқеаларни эслаб қалбим оғрийди, кўп йиғлаб тураман. Ўқишга кирдим-у бирдан совчига розилик бериб қўйишди, ҳаётимдаги катта воқеа устида менинг ниятларим, кўнглимга эʼтибор беришмади. Бу динда ҳам мумкин эмас-ку, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қизларини турмушга беришларидан аввал ўзларидан сўрашган-ку. Мен бировни айблашдан ҳам қўрқаман, тақдирлигини ҳам биламан, лекин юрагимдаги оғриқдан қандай қутилишни билмайман. Менинг оилам ҳам, уларнинг оиласи ҳам диндан узоқроқ. Тўй қилишса ҳам мусиқали, келин-куёв саҳнада ўтирадиган тўй қилишади катта эҳтимол билан. Лекин ота-онамнинг соғлигидан қўрқиб фотиҳани бузмадим, лекин ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Инсон ҳамма нарсага кўникар экан. У киши мени яхши кўради, характери оғир-босиқ, лекин унчалик диндор эмаслар. Менинг гапларимни ҳам инобатга оладилар, келажакда у кишини ҳам илм олишларига сабабчи бўлиб, улар билан бирга ўзим ҳам илм олиб, уларни тўғри яшашларига сабабчи бўладиган турмуш ўртоқ бўлиш ниятим бор. Лекин ҳозир дилимдаги оғриқли нарса ота-онам менинг кўнглимга эʼтибор беришмаганларидир. Ойим, бувим билан бу борада тортишиб қолган пайтларим кўп бўлди, Аллоҳ кечирсин. Лекин дилингиздагиларни тушунишмаса сизга қаттиқ таʼсир қилар экан. Ҳолатимни тушунтира олдим деб умид қиламан. Илтимос, менга ёрдам беринг, 3 йил ўша инсон билан гаплашиб гуноҳ қилганимга, ўзим билиб туриб тўйни кўп гуноҳларга сабаб бўладиган қилиб ўтказадиган оилага келин бўлаётганимга кўп сиқилиб йиғлайман. Ҳаммаси босим остида бўлган, бошида ўзим истамаганман, лекин кейинчалик мен ҳам номаҳрам билан мулоқот қилиб кетдим, лекин бошқа ҳеч нарса бўлмаган орамизда. Гапларим жуда чўзилиб кетди, минг бор узр сўрайман, руҳимни, юрагимни қандай тинчлантиришни билмаяпман. Ҳаммаси тақдирлигига иймон келтираман, лекин қалбим оғриқлардан холос бўлолмаяпти. Илтимос, менга ёрдам беринг.
– Ва алайкум ассалом! Иймон келтиргансиз, аммо қалб даражасида ҳали ҳам тушунмадингиз. Аллоҳ изн бермаса, бандасининг қўлига ҳатто зирапча ҳам кирмайди дейилади. Демак, тақдирингиздаги бу воқеаларга Аллоҳ изн бергани учунгина амалга ошди. Сизнинг уч йиллик бу сиқилишларингиз беҳуда иш бўлган. Яна шундай давом этаверсангиз Аллоҳга исён қилган бўлиб қолишингиз мумкин. Ота она ўз фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Сиздан изн сўрашлари керак эди. Лекин начора шундай қилишибдими, барибир ёмон бўлсин деб ният қилишмаган. Сиздан кўра кўпроқ ҳаётий тажрибага эга бўлишгани сабаб шундай қилинса тўғри иш бўлади деб ўйлашган. Бахтингиз чиройли бўлишини дуо қилиб юринг. Эҳтимол бу йигит сизга Аллоҳнинг берган катта неъматидир. Оиласига эътибор қилманг. Боланинг ўзи яхши бўлса етарлидир. Сиз хулқингиз одобингиз ислом бўлса, куёвнинг оиласидагиларга ҳам яхши таъсир кўрсата оласиз.Валлоҳу аълам!