Ассалому алайкум! Ассалому алайкум. Тўйимиздан 1-2 ой ўтиб аёлим ўзидан ўзи ҳушидан кетиб қолаверди. Докторга текширтирсак бутунлай соппа-соғ деди. Суткалаб беҳуш ётсада, овозларни эшитади. Бир куни нақаси қисиб, эрталаб гапира олмай қолди (соқов бўлиб) 6:00 дан 17:00 гача. Аёлим ҳомиладор, энг қизиқ томони қизлик уйига борса дарров яхши бўлиб қолади. Бир доктор буни ИСТЕРИКА деди, бошқасини айтишича ҳомиладорликники эмиш. Агар бу истерика бўлса бутунлай даволаса бўладими ва қандай?
Хайрли ишингизга Аллоҳ мадад берсин! Аввалдан раҳмат
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Аввало хушдан кетишга олиб келувчи сабабларга тўхталиб ўтсак : булар анемия, гипогликемия (қонда қанд миқдорининг камайиши) , буйрак усти бези ўсма касалликлари, эпилепсия , юрак ритмининг бузилиши билан боғлиқ юрак касалликлари ва ўпка касалликлари ,гиперкапния ва истерия бўлиши мумкин. Агар аёлингизда қуйидаги текширув усулларининг бари ўтказилганда ҳам патология аниқланмаган бўлса буни истерия деб гумон қилиш мумкин: Холтер ЭКГси (Оддий ЭКГдан фарқли равишда у 24 соат давомида бемор юрак ритмларини қайд қилиб туради ,бунда касалликни ташхислаш осонроқ ); Юрак эхокардиограммаси (ЭХОКГ); Бош мия ЭЭГ си (эпилепсияни истисно қилиш учун); Қонда қанд миқдорини аниқлаш; Умумий қон таҳлили;
Беморни обьектив кўриги;
Қон босимни текшириш; Мана шу текширувларни бари ўтказилганми аёлингизда?
Агар ўтказилган бўлса ва у меьёрда бўлса хавотирга ўрин йўқ деб ўйлайман.Яна бир нарсага эьтиборингизни қаратишни истардим: ҳомиладорлик неча ойлигини ёзмабсиз -у, ҳомиладорларда тепага қараб ётганида қорин аортасининг ҳомила томонидан босилиши ,эзилиши содир бўлиши ва шунинг оқибатида вазовагал рефлекс натижасида хушдан кетиш содир бўлиши мумкин. Шунинг учун уларга чалқанча ётмасликни тавсия қилардим.
Истериянинг ҳақиқий хушдан кетишдан фарқини билиб олишингиз қийин эмас: истерияда бемор бирдан ,тўсатдан ,дуч келган жойда йиқилмайди , ҳеч қачон ўзига зарар етадиган ҳолатда-боши билан ,қирраларга тегадиган бўлиб йиқилмайди, яна истерияда қон босими пасаймайди, пульс ўзгармайди , бемор ранги докадек оқариб кетмайди. Ҳақиқий хушдан кетишда эса буларнинг акси кузатилади. Аёлингиз билан муносабатларингизни яхшилиги яхши . Бундан кейин ҳам аҳилликда бўлишингизни тилаган ҳолда сизга сабр ва эьтиборли бўлишни тавсия қиламан