Ассалому алайкум! Мен 2-3 йилдан буён жуда ёмон ҳолатдаман. Бу ҳол туфайли яшаш завқини, шукроналикни, инсоний туйғуларни йўқотиб қўйгандекман. Гўёки бир қора қути ичида руҳимни ва миямни қамаб, чиқишга йўл бермаётгандек. Руҳим учиб кетгандек, кундан кунга ҳамма нарса бир хил, текис, рўё, саробга ўхшайди ҳаёт. Ҳис қилмаяпман, ҳаётдан орқада қолиб кетгандекман, қотиб қолганга ўхшайман. Оилалиман, бир ўғлим бор, 9 ойлик. Ҳўжайним сафарда, оилам яхши. Алҳамдулиллаҳ, ҳеч қанақа зулм кўрмайман, бошимдан операциялар, авария ўтказмаганман, оғир тушкунликка тушадиган ҳеч қандай катта фожиа бўлмаган Аллоҳга шукур. Туғруқ жараёнида қийналганман, ҳомиладорликда озгина стесслар бўлган эрим сафардаликлари учун. Бу ҳолатдан чиқса бўладими, қандай касаллик бу?
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Сиздаги бу ҳолат менимча, туғруқдан кейинги стресс (послеродовая депрессия) ҳолатидир. Бу ҳолат секин-аста ўтиб кетади. Албатта, агар кўпроқ дам олиб турсангиз, ўзингизга, соғлигингизга эътибор қилиб турсангиз. Эҳтимол, бу ҳолатнинг пайдо бўлиши, турмуш ўртоғингиз ёнингизда эмаслигининг таъсиридан бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, озгина сабр қилинг. Вақт ўтиб, турмуш ўртоғингиз ёнингизда бўлсалар, фарзандингиз бироз каттароқ бўлса, ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Албатта уйқуингизни нормал ҳолатда сақланг, яъни 8-9 соатдан кам ҳам эмас, ундан ортиқ ҳам бўлмаслиги керак. Нохуш хабарларга қулоқ солманг. Телевизор кўрмасликка ҳаракат қилинг. Эрталабки қуёшда 1-1,5 соат пиёда юринг. Қўпроқ мева, сабзавот ва кўкатларни хом ҳолатда истеъмол қилинг (салатларда). Овқат пиширганингизда кўпроқ мош, ловия, нўхот, тариқдан тайёрланг ва нонуштангизга творог, қайнатилган тухум, пишлоқ, қуритилган хурмо, қуритилган анжир ва зайтун истеъмол қилишга ҳаракат қилинг. Кун давомида ҳаёлингиздан ёмон ҳодисаларни тозалашга ва яхши ҳаётни кўз олдингизга келтириб, ўзингизни кўпроқ табассум қилишга мажбурланг. Шуни эсда тутингки, сизга оғир меҳнат қилиш ва ҳаддан зиёд чарчаш мумкин эмас. Валлоҳу аълам!.