Илоҳий китоблар

21:52 / 11.05.2018 | Hadisa.1 | 1079
Ассалому алайкум! Билишимча китоб сўзи луғатда "ёзилган" дегани экан. Энди, Таврот ва Қуръон нозил бўлиши билан ёзилган. Лекин Инжил Исо алайҳиссалом даврида ёзилмаган экан. Нега Илоҳий ваҳий китоб деб аталади? Бунинг сабаби борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Қуръони Каримнинг номларидан бири «Китоб»- дир.
Бу илоҳий дастурнинг «Китоб» деб номланиши унинг сатрларда жамланганига ишорадир, чунки ҳарфларнинг бир-бирига қўшилиб, жамланиши ва улардан ташкил топган лафзларнинг тартиб билан жойлаштирилишидан ҳосил бўладиган тўпламга «китоб» дейилади.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Ўз бандасига Китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик қилмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин» (1-оят).
Оятда «бандаси» деганда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутиляпти. «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзининг Муҳаммад алайҳиссаломга туширган ваҳий тўпламини бошқа кўплаб оятларда ҳам «Китоб» деб номлаган. Баъзи оятларда эса ушбу икки исмни бирга зикр қилган.
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Алиф лаам ро. Ушбулар Китобнинг ва очиқ-ойдин Қуръоннинг оятларидир» (1-оят).
Аллоҳ таоло яна Намл сурасида бундай дейди:

«То син. Ушбулар Қуръоннинг – очиқ-ойдин Китоб-нинг оятларидир» (1-оят).
Юқоридаги икки оятда Аллоҳ таоло Қуръони Каримни «Китоб» ва «Қуръон» деб атамоқда. Аввалгисида «Китоб» исмини, кейингисида «Қуръон» исмини олдин келтирмоқда.
Ушбу илоҳий ваҳийнинг «Китоб» ва «Қуръон» деб номланиши ниҳоятда табиийдир. Зеро, ушбу имтиёз Муҳаммадий ваҳийнинг барча босқичларида – матнларининг сақланишида, таълимотларининг ёд олинишида, сатрларда нақшланиб, қалбларда жамланишида яққол кўринади, намоён бўлади.
Шунга кўра, ушбу икки исм Қуръони Каримнинг бошқа исмларига қараганда кўпроқ ишлатилади.
(Қуръон илмлари китобидан).