Ассалому алайкум! Устоз, рўзадор аёл уйида лаб бўёғи суриб юрса бўладими ёки бу беихтиёр рўзани очиб юбориши мумкинми?
Атир сепса бўладими? Унинг ёқимли ҳиди рўзани очмайдими? Устоз илтимос рўзадорларга оид қонун-қоидалар бўлса линкини юбора оласизми? Рамазон рўзаси ҳақида маълумотим етарли эмас. Катта раҳмат!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Лаб бўёғи ҳалқумдан ўтмаса, рўза очилмайди. Аммо оғизга кириши макруҳ. Шунинг учун бунинг эҳтиётини қилиш керак. Рўза ҳақида бир эмас, бир қанча китоблар ёзилган. Интернет сайт ва тармоқлари шу кунларда бундай маълумотга тўла. Шайх ҳазратлари умрларини шу каби нарсаларга сарф қилдилар. Ҳозирда у кишининг шогирдлари ва бошқалар бу хизматларни давом эттириб туришибди. Сизларга қолган иш, шуларни топиб ўқиш ва амал қилиш. Бироз эътиборлироқ бўлишингларни илтимос қиламиз. Валлоҳу аълам.
Ҳадисларда «Ким узр ёки касалликсиз бир кун рамазон рўзасини тутмаса, умр бўйи рўза тутсада уни қазосини адо қила олмайди», – дейилган.
Бу ҳадисни шарҳ қилувчилар: “умр бўйи рўза тутсада, ўша кундаги фазилатдан баҳраманд бўла олмайди” деганлар.
Рамазон рўзасини билиб туриб қасддан тутмаса ёки очиб юборса, каффоротига рўза тутиши вожиб бўлади.- Каффорот бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиши лозим. Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учун.Рамазонда қасддан рўзасини очиб юборган одам, икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1 муд 1843 ғиром) миқдорида таом беради. Бу эса, ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бериш билан бирга, мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир