Ўзимни тушуна олмаяпман

13:37 / 22.03.2017 | Савол | 3271
Ассалому алайкум! Мен 2 йил аввал депрессияга тушган эдим, 1 йил олдин шифокор маслаҳатига бориб, мана бир йилдирки дори истеъмол қиламан(Феварин ва просулпин), яъни менда кичик невроз касали мавжуд бўлиб қолгани маълум бўлди. Ҳозир Аллоҳга шукр, 1 йил аввалги ҳолатимдан анча яхшиман. Фақат бир нарса менга тинчлик бермаяпти: яъни намозга борсам ёки маърузалар тингласам, миямда ҳаммаси ёлғон, бўлмаган гап, деган хаёллар айланаверади ва яна кулгили ҳолатдек туйилади. «Астағфируллоҳ» деб истиғфор айтиб, бу ҳолатдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Илмсизлигим туфайлими ёки шу касалликнинг таъсирими, билолмаяпман. Илтимос, ёрдам беринг. Борган шифокоримга бу ҳақида, яъни Ислом динига тааллуқли бўлгани учунми, гапиргим келмайди. Аллоҳ рози бўлсин, олдиндан раҳмат
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом . Сиздаги бу ҳолатни обсессиялар ёки миядан кетмайдиган фикрлар деб баҳолаш мумкин.Обсессиялар -мияга фикрларнинг кетма-кет ёғилиб келиши беморнинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолатда рўй беради. Бу хаёллар беморга ёқмайди, оғир ботади ва бемор улардан қутулишни истайди. Бу ҳолат неврозга хос белги бўлиб, қисқа муддатда ундан фориғ бўлиш қийин. Миядан кетмайдиган фикрлар неврознинг бир тури ҳисобланиб, унинг учун психостеник белгилар жуда хос, яьни доимий шубҳа, мияга азоб берувчи тасаввур ва ғоялар, интилишлар каби.
Юқоридаги каби ҳолатлар кучли депрессия ҳолатининг асорати (неврозлар ва ҳ.к.) натижасида пайдо бўлиши мумкин деб ўйлайман. Чунки сиз миянгизга келаётган ёқимсиз фикрлардан азобланаяпсиз, ўтмишда депрессиядан даволангансиз, депрессия ва неврозлар гоҳида хуруж ва ремиссия ( тинчланиш, яхшиланиш ) даврлари билан алмашиниб туриши мумкин. Авваламбор сизнинг бу каби динингизга нисбатан қарши, нотўғри фикрларнинг пайдо бўлишига нисбатан норозилигингиз, уни енгишга бўлган интилишингизни ўзи сизни мусулмонлигингиз ва иймондан айрилиб қолиш қўрқуви эса ўз нафсидаги қусурлар билан курашувчан мусулмонлигингиз даракчиси эмасми? Ахир сиз иймонингиздан хавотирдасиз, уни қадрлайсиз, шундай эмасми?! Руҳиятингиздаги бу ўзгаришларни шайтон васвасаси деб қаранг ва унга бўйсунмасликка ҳаракат қилинг. Руҳингизга қувват бўлувчи воситаларга харис бўлинг. Руҳга иймон-эътиқод, илму маърифат, ибодат, Қуръон қироати, Аллоҳнинг зикри кабилар қувват бўлади. Руҳ Аллоҳ таолони таниш, У Зотнинг таълимотларини ўрганиш, уларга ишониш, ихлос қилиш кабилар орқали озиқланади. Демак, руҳиятингиз кучли бўлиши учун гуноҳ-маъсиятлардан тийилиб юришга ва мунтазам равишда ўзингизга керакли даражада маънавиятингизни оширувчи илмларни эгаллашга аҳамият беришингиз керак. Бекорга уламоларимиз: «Руҳнинг асосий озуқаси илмдир, агар у 3 кундан ортиқ ушбу озуқадан маҳрум қилинса, ҳалокатга юз тута бошлайди»,-дейишмаган.
Шу ўринда мен муҳтарам шайҳимиз (Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин ) Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ушбу гапларини иқтибос қилиб келтирмоқчиман : » Инсон оғир касалликка чалинса, шу касаллиги сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолмаслик учун Аллоҳга бўлган иймонига суяниши керак. Дард берган Аллоҳ давосини ҳам беради, деган эътиқодда бўлиши лозим. Шу билан бирга суннатдаги ана шундай ҳолатларда ўқиладиган дуоларни ўрганиб, ихлос билан ўқиб юриш керак. Валлоҳу аълам. «Жумладан, васвасага қарши дуо- » Аманту биллаҳи ва русулиҳ » ни ўқиб юришингизни тавсия қилардим. Ислом.уз сайтида васваса ва уни муолажаси ҳақида шайх жанобларига берилган савол ва унинг жавоби бор, архивдан қидириб кўринг, янада кўпроқ маълумот оласиз.
Ушбу сатрларни ўқиётган ҳурматли акам ( ёки укам) ! Ин шаа Аллоҳ Сиз албатта тузалиб кетасиз ! Иродангизни мустаҳкам қилинг. Ахир Сиз аввал кучли инсон бўлгансиз! Ушбу куч Сизни вақтинча тарк этган бўлса, ин шаа Аллоҳ у яна ўзингизга қайтиб келади .Чунки бу Сизнинг кучингиз!.