Ассалому алайкум! Нега Пайғамбаримиз с.а.в намозларимизни айниқса ўрта намозларимизни муҳофаза қилишни айтганлар?
– Ва алайкум ассалом! Бу маъно оятда келган, ҳадисда эмас.
Бақара 238. Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг.
Намозларни муҳофаза этиш уларни ўз вақтида, яхшилаб, камчиликсиз ўқиш маъноларини билдиради. «Ўрта намоз» ҳақида уламолар турли фикрларни айтганлар. Лекин далилларни солиштириб кўрган уламолар «Ўрта намоз»дан мурод аср намози», – деганлар.
Имом Муслим қилган ривоятда Набий алайҳиссалом «Аҳзоб» урушида:
«Бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилдилар. Аллоҳ уларнинг қалбларини ҳам, уйларини ҳам оловга тўлдирсин», – деганлар.
«Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг».
Яъни намозда Аллоҳни қўрқув билан, қалбни фақат Унга боғлаган ҳолда зикр қилинг. Авваллари мусулмонлар намоз ичида баъзи зарур нарсаларни гапириб ҳам турар эканлар. Ушбу оят нозил бўлгандан кейин бундай нарсалар намозда батамом ман қилинган. Намозда фақат Аллоҳ эсланади, фақат У зикр қилинади.
Валлоҳу аълам!