Ассалому алайкум! Қабрдаги савол-жавоб нечта бўлади? Ҳадисда 3 та ўқигандим. Одамлар айтишича яна қўшимчаси бор экан. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
.Ва алайкум ассалом
Қабр саволи ҳақида айтилган ва билишимиз зарур бўлган маълумотлар қўйидагидир:
Вафот этган одамнинг қабрда фаришталар томонидан сўроққа тутилишига жазм ила эътиқод қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Бунга далиллар жуда ҳам кўп.
عَنْ عُثْمَانَ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ إِذَا فَرَغَ مِنْ دَفْنِ الْمَيِّتِ وَقَفَ عَلَيْهِ، فَقَالَ: «اسْتَغْفِرُوا لِأَخِيكُمْ، وَسَلُوا لَهُ بِالتَّثْبِيتِ، فَإِنَّهُ الْآنَ يُسْأَلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَزَّارُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитни дафн қилиб бўлсалар, унинг (қабри) устида туриб:
«Биродарингиз учун истиғфор айтинг, унга сабот сўранг, чунки ҳозир у сўралади», дер эдилар».
Абу Довуд, Баззор ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Демак, ўлганнинг қабрда саволга тутилиши ҳақ экан ва тирик мусулмонлар ўлганларнинг ҳаққига дуо қилишлари керак экан. Янги кўмилган одамга сўроқ-савол вақтида сабот сўраб, дуо қилиш лозим экан.
عَنِ الْبَرَاءِ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «إِذَا أُقْعِدَ الْمُؤْمِنُ فِي قَبْرِهِ أُتِيَ، ثُمَّ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، فَذَلِكَ قَوْلُهُ ﮋﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷﭸﮊ.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса, унга келинади. Сўнгра «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳи», деб шаҳодат келтиради. Ана ўша Аллоҳнинг «Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ва охиратда субутли сўз ила собит қилади», деганидир», дедилар».
Бу ҳадисдаги «Қачон мўмин қабрида ўтирғизилса», дейилгани унинг дафни ва устига тупроқ тортилганидан кейин бўлади. Уни қабрида ўтирғизиб, сўроқ-савол қилиш бошланади.
«Унга келинади», яъни унинг олдига сўроқ-савол қилиш учун келинади. Бу ишни бажаргани иккита қорамтир кўк рангдаги фаришта келади. Уларнинг исмлари Мункар ва Накийр бўлади. Уларнинг яратилиши фариштага ҳам, одамга ҳам ўхшамайди.
Мўмин-мусулмон кишини қабрда икки фаришта сўроққа тутганда, унинг иймони ва солиҳ амаллари туфайли Аллоҳ таоло унга ёрдам бериб, субутли сўз билан собит қилади. У калимаи шаҳодатни айтишга муяссар бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам хабар берган экан.
Аллоҳ таоло ҳаммамизни ана шундай саботли калима эгаси бўлган бандаларидан қилсин.
عَنْ أَنَسٍ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «إِنَّ الْعَبْدَ إِذَا وُضِعَ فِي قَبْرِهِ وَتَوَلَّى عَنْهُ أَصْحَابُهُ وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ قَرْعَ نِعَالِهِمْ، أَتَاهُ مَلَكَانِ فَيُقْعِدَانِهِ فَيَقُولَانِ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ لِمُحَمَّدٍ ، فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ فَيَقُولُ: أَشْهَدُ أَنَّهُ عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ. فَيُقَالُ لَهُ: انْظُرْ إِلَى مَقْعَدِكَ مِنَ النَّارِ قَدْ أَبْدَلَكَ اللهُ بِهِ مَقْعَدًا مِنَ الْجَنَّةِ، فَيَرَاهُمَا جَمِيعًا. أَمَّا الْمُنَافِقُ وَالْكَافِرُ فَيُقَالُ لَهُ: مَا كُنْتَ تَقُولُ فِي هَذَا الرَّجُلِ؟ فَيَقُولُ: لَا أَدْرِي، كُنْتُ أَقُولُ مَا يَقُولُ النَّاسُ. فَيُقَالُ: لَا دَرَيْتَ وَلَا تَلَيْتَ، وَيُضْرَبُ بِمَطَارِقَ مِنْ حَدِيدٍ ضَرْبَةً فَيَصِيحُ صَيْحَةً يَسْمَعُهَا مَنْ يَلِيهِ غَيْرَ الثَّقَلَيْنِ». رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда қачон қабрига қўйилса ва соҳиблари қайтиб кетса, уларнинг кавушлари тақиллаганини эшитиб турганида олдига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва: «Бу одам – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида нима дер эдинг?» дейишади.
Мўмин бўлса «Шаҳодат бераманки, у Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир», дейди. Шунда унга: «Дўзахдаги ўрнингга назар сол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга уни жаннатдаги ўринга алмаштириб берди», дейилади. У икковини ҳам кўради.
Мунофиққа ва кофирга эса: «Бу одам ҳақида нима дер эдинг?» дейилади.
«Билмадим, одамлар айтадиган нарсани айтар эдим», дейди. Бас унга:
«Билмадинг ҳам, (билганларга) эргашмадинг ҳам», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан бир урилади. Шунда шундай қичқирадики, инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича Қуръон ва Суннат билан собит бўлган ақийдавий масала – қабр саволи ва азоби ҳақ экани ва унинг қай йўсинда бўлиши ҳақида сўз бормоқда.
Бу ҳадисни диққат билан ўрганишимиз ва ундаги ҳар бир масалани ақийда маъносида сингдириб олишимиз ва ҳар лаҳзада ундаги ҳолатни эслаб туришимиз керак.
Худди ушбу биз ўрганаётган ҳадиси шарифда айнан қабрда нималар кечиши ҳақида сўз бормоқда. Келинг, уларни бир-бир ўрганиб чиқайлик:
1. Қабрдаги янги кўмилган киши ўзини кўмиб кетаётган кишиларнинг оёқ товушларини эшитиши. Бу ҳақиқат ҳозирги замон илми орқали ҳам тасдиқланади.
2. Қабр саволи кўмиб қайтаётган кишилар қабрдан узоқлашмай турибоқ бошланиши.
3. Қабр саволи икки фаришта томонидан олиб борилиши.
4. Қабрдаги кишини ўтирғизиб олиб, сўроқ қилиниши.
5. Бериладиган саволлардан бири Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида бўлиши.
6. Бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, иймони ва амали жойида бўлган киши қабр саволи вақтида ҳушёр бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги саволга дадил ва аниқ жавоб бериши.
7. Мўмин-мусулмон кишининг дадил ва аниқ жавобидан кейин ҳалиги икки фаришта унга агар мўмин-мусулмон бўлмаганида, дўзахдаги жойи қайси бўлишини кўрсатиши. Сўнгра мўмин-мусулмонлиги туфайли унга жаннатдан бериладиган жойни кўрсатишлари. Аллоҳ барчамизни ана ўшандоқ бахтли кишилардан қилсин.
8. Кофир ва мунофиқлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўроқ қилиниши. «У дунёда бу одам ҳақида нима дер эдинг?» деб сўралиши.
9. Кофир: «Билмасам», деб жавоб бериши. Тилида, мусулмонман, деб юрган одам эса «Одамлар нима деса, ўшани айтар эдим», дейиши. Демак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида одамлар нима деса, ўшани айтиб юриш кифоя қилмас экан. Кишининг қалбида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мустаҳкам эътиқод бўлиш, зоти шарифларини аниқ билиши керак экан.
10. Саволга жавоб бера олмаганидан кейин, кофир ва мунофиққа қаттиқ сўз айтилиб, бошига темир гурзи билан уриб, азоб бериш бошланиши. «Азоби қабр» дегани шу бўлади. Қабр азобининг баёнотлари келгуси ҳадисларда ҳам келади.
11. Қабрида темир гурзидан калтак еган кофир ва мунофиқнинг дод-войини одамлар ва жинлардан бошқа ҳамма мавжудот эшитиши.
Ушбу нарсаларга тўлиқ иймон келтириш ва ҳаётда ҳали имкон борида қабрга кирганда яхши ҳолда бўлишга лойиқ ишларни қилишга ўтиш керак.
عَنْ أَسْمَاءَ قَالَتْ: إنَّ النَّبِيَّ حَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «مَا مِنْ شَيْءٍ لَمْ أَكُنْ أُرِيتُهُ إِلَّا رَأَيْتُهُ فِي مَقَامِي هَذَا، حَتَّى الْجَنَّةَ وَالنَّارَ، وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيَّ أَنَّكُمْ تُفْتَنُونَ فِي قُبُورِكُمْ مِثْلَ أَوْ قَرِيبَ مِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيْحِ الدَّجَّالِ، فَيُقَالُ: مَا عِلْمُكَ بِهَذَا الرَّجُلِ؟ فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ أَوِ الْمُوقِنُ فَيَقُولُ: هُوَ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ، جَاءَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَالْهُدَى، فَأَجَبْنَاهُ وَآمَنَّاهُ، هُوَ مُحَمَّدٌ ثَلَاثًا، فَيُقَالُ لَهُ: نَمْ صَالِحًا، فَقَدْ عَلِمْنَا إِنْ كُنْتَ لَمُؤْمِنًا بِهِ. وَأَمَّا الْمُنَافِقُ أَوِ الْمُرْتَابُ فَيَقُولُ: لَا أَدْرِي، سَمِعْتُ النَّاسَ يَقُولُونَ شَيْئًا فَقُلْتُهُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.
Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг шундай дедилар:
«Албатта, мен ўзимга кўрсатилмаган ҳар бир нарсани ушбу маконимда кўрдим. Ҳатто жаннат ва дўзахни ҳам. Менга сизлар албатта, қабрларингизда Масиҳи Дажжолнинг фитнасичалик ёки шунга яқин фитнага учрашларинг ваҳий қилинди.
«Бу одам ҳақида қандай илминг бор?» дейилади. Мўмин ёки аниқ ишонган одам:
«У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг (чақириғига) жавоб бердик ва унга эргашдик. У Муҳаммаддир», деб уч марта айтади. Шунда унга:
«Солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сенинг унга қаттиқ ишонишингни билар эдик», дейилади.
Мунофиқ ёки шубҳали киши эса: «Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитувдим. Ўшани айтганман», дейди».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда келган гапларини Кусуф намозидан кейин қилган хутбаларида айтганлар.
Кусуф намозига оид ҳадиси шарифларни ўрганганимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша намозни бир ўқишларида кўп нарсалар кашф қилинганлиги ва улардан баъзи намуналар ҳам айтиб ўтилган эди.
Бу ҳадиси шарифда эса ўша кашф қилинган нарсалардан қабр саволига тегишли бўлаги келтирилмоқда.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қабр фитнаси Дажжолнинг фитнаси ёки унга яқин бир фитна эканлиги. Бундан унга зинҳор эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги келиб чиқади.
2. Мўмин, аниқ ишонган одамнинг
«У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг чақириғига жавоб бердик ва унга эргашдик», деб жавоб бериши ҳам эътиборга лойиқ ҳолатдир.
Демак, оғизда «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули», деган билан кифояланиб бўлмас экан. У киши Аллоҳ томонидан нималар келтирганини яхши билиш ҳам керак экан. У киши чақирган нарсага «лаббай» деб жавоб бериш ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам керак экан. Бу эса Ислом динига тўлиқ эътиқод ва амал қилиш билан бўлади.
3. Фаришталарнинг мўмин одамга, унинг дадил ва ишончли жавобидан кейин «Солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сенинг унга қаттиқ ишонишингни билар эдик», дейишларидан иккита хулоса чиқади:
Биринчиси: Қабр саволидан кейин маййит қиёмат қоим бўлгунча ухлаб туради.
Иккинчиси: Қабрдаги сўроқ бир нарсани билиш учун эмас, билиб бўлинган нарсани банданинг ўзига иқрор қилдириш учун бўлади.
4. Мунофиқ, динга ишончи собит ва мустаҳкам бўлмаган одамнинг қабр сўроғига:
«Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитувдим. Ўшани айтганман», деб жавоб беришида ҳаётда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом ҳақидаги одамлардан эшитган гапини тилидагина айтиб, ўзини мусулмон санаб юрганларнинг ҳаммаси мунофиқ ва шубҳа эгаси эканликлари англашилади.
Аллоҳ шуларга ўхшашдан Ўзи сақласин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: «إِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا مَاتَ عُرِضَ عَلَيْهِ مَقْعَدُهُ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ، إِنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَمِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ، وَإِنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ فَمِنْ أَهْلِ النَّارِ، فَيُقَالُ: هَذَا مَقْعَدُكَ حَتَّى يَبْعَثَكَ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ўлса, эртаю кеч унга ўрни кўрсатиб турилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса, аҳли жаннатдан. Агар аҳли дўзахдан бўлса, аҳли дўзахдан. Ва унга: «Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича, мана шу сенинг ўрнинг бўлади», дейилади», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Қабрда ётиб, эртаю кеч бу гапларни эшитиш мўмин-мусулмон банда учун кони роҳат бўлиб, мунофиқ ва осий банда учун эса қабр азобининг бир қисми бўлади.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَرَّ رَسُولُ اللهِ بِقَبْرَيْنِ، فَقَالَ: «إِنَّهُمَا لَيُعَذَّبَانِ، وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ، أَمَّا أَحَدُهُمَا فَكَانَ لَا يَسْتَبْرِئُ مِنْ بَوْلِهِ - وَفِي رِوَايَةٍ: لَا يَسْتَتِرُ مِنْ بَوْلِهِ - وَأَمَّا الْآخَرُ فَكَانَ يَمْشِي بِالنَّمِيمَةِ». ثُمَّ أَخَذَ جَرِيدَةً رَطْبَةً فَشَقَّهَا نِصْفَيْنِ، ثُمَّ غَرَزَ فِي كُلِّ قَبْرٍ وَاحِدَةً، ثُمَّ قَالَ: «لَعَلَّهُ يُخَفَّفُ عَنْهُمَا مَا لَمْ يَيْبَسَا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Бу икковлари азобланмоқдалар. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Ҳа! Улардан бири пешобидан покланмас эди», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига бўлиб, ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдилар-да:
«Шоядки, иккови қуригунча, у иккисидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Қабр азоби собит нарса экан. Энди ўша икки шахснинг нима сабабдан қабр азобига дучор бўлганларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.
Мазкур икки кичик нарсага шунчалик қабр азоби бўлса, катта гуноҳларга қанчалик қабр азоби бўлар экан?!
وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالنَّسَائِيِّ: كَانَ رَسُولُ اللهِ يَدْعُو: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ عَذَابِ النَّارِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ».
Икки шайх ва Насаий ривоят қилган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода «Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўликлик фитнасидан ва Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», дер эдилар», дейилган.
Демак, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган нарсалар, жумладан, қабр азоби ҳам бор ва собит нарса. Биз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, ушбу нарсалардан, жумладан, қабр азобидан паноҳ сўраб туришимиз керак.
عَنْ هَانِئٍ مَوْلَى عُثْمَانَ قَالَ: كَانَ عُثْمَانُ إِذَا وَقَفَ عَلَى قَبْرٍ بَكَى حَتَّى يَبُلَّ لِحْيَتَهُ، فَقِيلَ لَهُ: تُذْكَرُ الْجَنَّةُ وَالنَّارُ فَلَا تَبْكِي، وَتَبْكِي مِنْ هَذَا؟ فَقَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ قَالَ: «إِنَّ الْقَبْرَ أَوَّلُ مَنْزِلٍ مِنْ مَنَازِلِ الْآخِرَةِ، فَإِنْ نَجَا مِنْهُ فَمَا بَعْدَهُ أَيْسَرُ مِنْهُ، وَإِنْ لَمْ يَنْجُ مِنْهُ فَمَا بَعْدَهُ أَشَدُّ مِنْهُ». قَالَ: وَقَالَ رَسُولُ اللهِ : «مَا رَأَيْتُ مَنْظَرًا قَطُّ إِلَّا الْقَبْرُ أَفْظَعُ مِنْهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳониъдан ривоят қилинади:
«Усмон қачон қабр устига келса, йиғлар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетарди. Унга:
«Жаннат ва дўзахни зикр қиляпсанми? Йиғлама. Шунга йиғлайсанми?» дейилди. Шунда у:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабр охират манзилларининг аввалгисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингилари ундан осондир. Агар ундан нажот топмаса, кейингиси ундан кўра шиддатлидир», деганлар. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қанча даҳшатли манзара кўрган бўлсам, қабр ҳаммасидан кўра даҳшатлироқдир», деганлар», деди».
Термизий ривоят қилган.
Ҳа, қабр энг қўрқинчли, энг даҳшатли жой экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп шиддатли жойларни, жумладан, дўзахни ҳам кўрганлар. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабар беришларича, ҳеч бир жой қабрчалик қўрқинчли ва даҳшатли эмас экан