Ақлий ривожланиш

11:55 / 11.08.2018 | Oisha92 | 1219
Ассалому алайкум! Турмушга чиққанимга икки йил бўляпти, эримнинг руҳий ҳолати қандайдир ғалати. Бирорта ҳам дўстлари йўқ, тенгдошлари билан мулоқотда ноқулайлик сезадилар. Мобил телефон тутмайдилар, яхши тушунмайдилар. Фақат кичик болалар билан яхши келишиб жуда қизиқиб ўйнайдилар, ҳудди тенгдошлардек. Қийинроқ жумалаларни тез айтсам секин тушунадилар, 31 ёшга эмас кўпроқ 15 ёш болага ўхшайдилар. Мендан ҳатто бироз қўрқадилар. Буларни ҳаммаси менга шубҳали туюляпти. Айтингчи, ёшга нисбатан ақл даражасини мустақил равишда текшириб кўришни усуллари борми? Турмуш ўртоғимга сездирмаган ҳолда бажарсам, агар сезиб қолсалар ҳафа бўладилар деб қўрқаман
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Юқоридаги гапларингизга қараганда, турмуш ўртоғингизни мустақил равишда текшириб бўлибсиз. Ишончингиз комил бўлиши учун, амаллаб, врач кўригига олиб борганингиз маъқул. Аммо, бир ҳил инсонлар болалигида бирон қаттиқ қўрқиш оқибатида, тенгдошлари томонидан кучли тазйиққа учраган ёки ота-она эътибори, тарбияси етарли даражада бўлмаганлиги сабабли, “одамови”, “ўзи билан ўзи”, ўта камсуқум бўлиб қолиши мумкин. Бу бирон руҳий касаллик эмас, шунчаки ҳудди “мия ҳали у даражада очилиб кетмаган”дек кўринади. Афсуски, турмуш ўртоғингиз нима иш қилади, қандай қилиб “нон”ини топади, фарзандларингиз борми, нечта, уларнинг ривожланиши қандай, у инсоннинг сизга, ота-онасига муносабатлари қандай, шулар ҳақида тўлиқ маълумот бўлганида мукаммалроқ жавоб бера олган бўлардим. Ҳамда келин-куёв тўй олдидан маълум врачлар кўригидан ўтадику. Сизларга невропатолог ва психдиспансердан врач соғлом деган тасдиқлов берган бўлса, демак қўрқувга ўрин йўқ. Валлоҳу аълам