Мен нима қилишим керак ?

07:16 / 23.03.2017 | Савол | 1944
Ассалому алайкум!
Мен 18 ёшдаман Бир йил аввал оилавий шароитимизга кўра Россия давлатига келгандим. Ўша кунлари ҳайз ҳолатида эдим. Тугагандан сўнг ғусл қилиб аввалгидек намоз, Қуръон ўқишни бошладим. Орадан бир ҳафта ўтиб, яна қорамтир лойқали қон кела бошлади. Ўзимча ҳаво алмашганидан бўлса керак деб ўйладим. Шариатга кўра 2 ҳайз орасидаги муддат 15 кунлиги бўлгани учун ҳар намозга янги таҳорат қилиб, намоз ўқийвердим ва бир ҳафтадан сўнг қон келиши тўхтади. Яна аввалги ҳайз келадиган санада аввалгидек қон келаверди. Мана шундай тарзда орадан роса бир йил ўтди. Ҳайз муддатим 8 кун. Бу сафар эса 25-да ҳайзим тугагандан сўнг орадан 10 кун ўтди, яна қон кела бошлади. 4- 5 кун оз-оздан келиб, кейин яна ҳайз ҳолатидек келаверди, лекин орадан 15 кун ўтса ҳам қон келиши тўхтамаяпти. Илтимос айтиб беринг, бу қандай касаллик?
Шифокор:
.Ассалому алайкум, синглим. Сиз турмушга чиқмаган бўлсангиз, сиздаги бу ҳолат ювенил дисфункционал қон кетиш деб аталади. Унинг сабаблари : жинсий система аъзоларидаги яллиғланишлар, кисталар, кучли стресс ҳолатлари, витаминлар етишмаслиги, қон ивишининг бузилиши билан кечувчи айрим касалликлар ва ҳ.к. бўлиши мумкин.
Маслаҳатим ойингизга бу ҳақида хабар беринг ва биргаликда ўша ердаги ювенолог (қизлар гинекологи)га учранглар. Сиз келажакда соғлом она бўлишингиз керак , бунинг учун вақтида даволанишингиз муҳим.
Имконингиз борича тезроқ мурожаат қилинглар.
Агар имконингиз бўлмаётган бўлса қуйидагиларни қилиб турсангиз бўлади :
1. Аскорутин 1 табл.дан 3 маҳал (10 кун).
2. Витамин Е 1 тадан 2 маҳал (10 кун) .
3. Транексам 0.5 мг 1 тадан 1 ёки 2 маҳал, ( 3-5 кун).
4. Бу фақат дисфункция оқибатида бўлса-киста эмас -Витамин В1 ва В6 ларни кунора 1.0 дан ёнбошдан в/м (20 кун давомида) .
5. Ноотропил 200 мг 1 тадан 3 маҳал (15-20 кун).
6. Валерьянка настойкасидан 20 томчидан 3 маҳал (10кун).
7. Сизда бу кетишда анемия ривожланиб бўлгани эҳтимоли кўп, шунинг учун албатта темир препарати қабул қилиб туринг- Феррум Лек ёки Апофер … 1 маҳалдан (1-3ой) давомида.
Аммо даво муолажасини аввало ювенологга кўриниб, маслаҳатлашиб, кейин олишингизни маслаҳат бераман. Сизларда страховой полюс бор-йўқлигини билмаганим учун, агар бўлмаса, очтиргунингизча қон кўп йўқотмаслигингиз учун шуларни қилиб турарсиз, деб бу тавсияни ёздим. Ювенологга учрасангиз, менга яна хабар беринг, синглим. Аҳволингиздаги ўзгаришларга бефарқ эмасман. Саломат бўлинг!.