Ўт пуфаги

07:35 / 23.03.2017 | Савол | 6431
Ассалому алайкум! Бундан икки йил аввал терапевт УЗД хулосасига кўра, ўт пуфагимда 20 % застой борлигини айтди. «Даволанмаса тошга айланиши мумкин» деди. Мен терапевт кўрсатмаси бўйича «Урсосан» капсуласини ичиб, алҳамдулиллаҳ даволандим, застой эриб кетди. Ўтган йили Рамазон ойида рўза тутгандим, терапевт буни оқламади. Бу йил рўза тутсам бўлармикин? Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим. Жуда ҳам рўза тутишни истайман. Шайх Ҳазратларини Аллоҳ раҳматига олсин, шунга ўхшаш саволлар бўлса, 3 та шифокор бир хил жавоб беришлигини айтардилар. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат
Шифокор:
Ва алайкум ассалом!
Сурункали холецистит 2 хил бўлади : тошсиз ва тошли холецистит. Агар сизда калькулёз холецистит бўлганида бу саволингизга йўқ деб айтишим эҳтимоли юқори эди. Сизнинг бу ҳолатингизда ҳа ёки йўқ деб жавоб беришим учун сизни обьектив кўрикдан ўтказиш, қорин ,эпигастрал соҳаларни пальпациялаб кўриш ,қондаги фермент ва билирубин миқдори,амилаза ва диастаза каби қон кўрсаткичларини билиш зарур . Агар ана шу кўрсаткичларингиз меьёрида бўлиб, айни рамазон ойида ўзингизни яхши ҳис қилаётган бўлсангиз , ўнг қовурға равоғи остида оғирлик ,оғриқ ,кўнгил айниши ,оғизда тахирлик бўлмаса ва рамазонда бирданига кўп миқдорда ва ёғли таомларни истеьмол қилиб қўя олмаслигингизга кўзингиз етса фарз амалингизни бажара оласиз деб ўйлайман. Бунинг учун аввалроқдан бир-икки кунлик фақат суюқлик ичиб ,таом емай кейин эса нафл рўза тутиб организмингизни бунга кўниктириб борганингиз маьқул ,бу сизни рўза тутганингизда организмингизнинг жавоб реакциясини аниқлашингизга ва унга тайёрланишга ёрдам беради. Ўт димланиши организмда сувсизлик бўлганида ва очлик пайтида зўрайиши эҳтимоли бор ,аммо ихлос ва қатьий ният қилсангиз Аллоҳ меҳрибон ЗОТ …ЎЗИдан ёрдам сўранг. Саҳарлик ва ифторлик пайтларида ўт димланишини бартараф қилувчи дори воситаларидан бирини ( Урсосан , Холудексан , Карсил кабилар) ичиб юришингиз мумкин. Овқатланишдан аввал занжабил ,наьматак , ялпиз дамламаларини ичиб, сўнг мева шарбатлари ёки мева-сабзавотли салатлар еган маьқул ,аччиқ,шўр ва қовурилган маҳсулотлар истеьмоли чекланган бўлиши керак. Рационингизда 90гр ўсимлик мойи бўлиши зарур