Хўжайинимга боғланиб қолганман

16:56 / 09.06.2022 | U Sh | 466

Ассалому алайкум. Ёшим 26да, 2нафар фарзандим бор. Мен меланхолик темпераментга мансубман. Ҳаётда ҳеч кимга ишонгим келмайди. Ҳамма кўзимга сохта бўлиб кўринаверади. Ҳудди ёлғондан мулозамат қилишаётгандай. Сирларимни ҳеч кимга айтгим келмайди, жуда ёпиқман. Фақат хўжайинимга суяниб қолганман. Уласиз ўзимни тасаввур ҳам қилолмайман. Онам ва фақат хўжайиним менга чин меҳр беришади. Қолган ҳамма назаримда сохта. Одамларни тили яхши гапирса ҳам, ичи қорадек туюлаверади. Мен хўжайинимга шунчалик боғланиб қолганманки, бир кун барибир ўлим сабаб ажралишимизни ўйласам, йиғидан ўзимни тиёлмиман. Инсонга бунчалик боғланиш тўғри эмаслигини биламан. Балки мени психологик ҳолатим яхшимасмикин. Менга маслахат берсангиз илтимос.

Руҳшунос:

Ва алайкум ассалом. Бу ҳолатингиз эҳтимол ёпишқоқ ҳаёллар неврозидир. Сиз психотерапевт қабулига борганингиз маъқул. Баъзи муолажалар ва дори-дармондан кейин аҳволингиз анча яхшиланади иншааллоҳ. Бу ҳолатингиз шунчаки пайдо бўлмаган. Бунинг сабабини билиш керак. Аҳволингиз яхшиланиши учун бир неча маротаба психолог қабулига боришингиз сизга анча ёрдам бўлади. Сизнинг бу ҳолатингизга меланхолик темпераментингизнинг алоқаси йўқ. Тўғри меланхолик одам одамови, бировнинг васийлигига муҳтож, негатив ўй-ҳаёлларга берилган бўлади, аксарият ҳолатларда тушкун кайфиятга тушиб қолаверади. Аммо сиздаги ҳолатингиз сизни қаттиқ қийнаётган экан демак ёпишқоқ ҳаёллар неврози бўлиши мумкин. Шу сабаб психотерапевт шифокори мутахассисига мурожаат этганингиз яхши. Валлоҳу аълам.