Дадамнинг пуллари

23:16 / 12.06.2022 | Kozim | 332

Ассалому алайкум! Бола неча ёшгача отасини пулини ейиши мумкин

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ўзи мустақил тасарруф қиладиган бўлгунича. 

«Нисо» 6. Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар. Агар уларда онгу идрок кўрсангиз, уларга ўз молларини қайтаринг. У(мол)ларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин деб, шошилиб, еманг. Ким бой бўлса, иффатини сақласин. Ким камбағал бўлса, маъруф ила есин. Молларини ўзларига қайтарганингизда уларга гувоҳлар келтиринг. Ҳисоб қилувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур.

Бу ояти карима етим балоғатга етиб, эс-ҳушини таниганда, дарҳол унга молини топшириш зарурлигини, уларнинг молини исроф қилмаслик, оталиқка олганлар томонидан, «Бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак бўлади», деб шошилиб, еб қўймаслик, агар оталиққа олган одам бой бўлса, етимнинг моли масаласида иффатли бўлиш зарурлиги, камбағал бўлса, маълум чегарада ейишига рухсат борлиги ва етимга молини топшираётганда гувоҳлар олдида топшириш каби фиқҳий амалларни баён қилмоқда.

«Етимларни то никоҳ(ёши)га етгунларича синаб туринглар».

Демак, етим бола балоғат ёшига яқинлашганда, оталиққа олган одам уни синаб, текшириб ва ҳолатини синчиклаб кузатиб туриши лозим. Ёш болаларнинг никоҳ – балоғат ёшига етганини билишнинг шариатда баён қилинган аломатлари бор. Қиз болалар ҳайз кўрсалар, балоғатга етган саналадилар. Ўғил болаларнинг балоғатга етганининг асосий белгиси эҳтилом бўлишидир. Яъни уйқусида булғанишидир. Инсон балоғатга етиши билан тўла масъулиятли – мукаллаф бўлади, яъни шариат таклифларини амалга ошириши лозим бўлган шахсга айланади. Шу кундан эътиборан, ўзи содир қилган ишларга ўзи жавобгар бўлади. Шу билан бирга, катта одамларга берилган ҳуқуқлардан фойдаланишга, жумладан, ўз молини ўзи сарфлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Аммо оталиққа олганлар етим болада балоғатга етганлик аломати пайдо бўлиши билан дарров унга молни топшириб қўймайдилар. Балки унда молни тўғри тасарруф қилиш қобилияти борми, эс-ҳуши жойидами, синаб кўришлари лозим. Буни билиб олиш унчалик қийин эмас. Бу борада ҳар бир жамоанинг ўзига яраша тажрибаси, аломат-белгилари бор. Қачонки етим бола балоғатга етиши билан унда молу мулк тасарруфида эс-ҳуш, қобилият борлиги англаб етилса, унга моли дарҳол топширилади. Бу нарса оятдаги

«Агар уларда онгу-идрок кўрсангиз, уларга ўз молларини қайтаринг», деган жумлада баён қилинган.

Етимни оталиққа олган шахс унинг молини ҳам вақтинча олиб туради. Баъзи кишилар «Мен етимни оталиққа олганимдан кейин молини нима қилсам, ўзим биламан» дейиши ёки «Бу балоғатга етса, молини қайтариб беришим керак экан, ундан кўра у балоғатга етгунча тезроқ молини еб қўяй», дейиши мумкин. Аллоҳ таоло бу оятда шундай тасарруфлардан қайтариб:

«У(мол)ларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин деб, шошилиб, еманг», – демоқда.

Демак, етимни оталиққа олганлар учун асосий ҳукм – етимларнинг молидан емаслик. Аммо оталиққа олувчиларнинг ҳоли ҳам ҳар хил бўлади – баъзилари бой, ўзига тўқ, бошқалари камбағал, муҳтож. Буни эътиборга олиб, оятда бойга алоҳида, камбағалга алоҳида ҳукм баён қилинган:

«Ким бой бўлса, иффатини сақласин. Ким камбағал бўлса, маъруф ила есин».

Бой одам ўзига етарли моли бўлгани, ҳожати тушмагани учун иффат қилиб, ўзини шубҳали нарсадан узоқ тутгани маъқул. Етимларни оталиққа олгани, уларнинг мол-мулкларини сақлагани, парваришлагани учун ажру савобини олади. Агар оталиққа олувчи шахс камбағал бўлса-чи? Унда парваришдаги етимнинг молидан яхшилик – тўғрилик билан фойдаланишига рухсат бор. Бу нарса унга хизмати учун ҳақ ўрнида ўтади. Буни қуйидаги ривоят ҳам тасдиқлайди.

Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар қилган ривоятда айтилишича, бир киши Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:

– Қарамоғимда бир етим бор. Унинг моли бор, меники йўқ. Унинг молидан есам бўладими? – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Исроф қилмасдан, тўғрилик билан егин, – дедилар.

Имом Молик ривоят қилишларича, бир саҳролик араб Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб:

– Қарамоғимда етимлар бор. Уларнинг туялари бор, менинг эса биттагина туям бор, холос. Мен ўз туямнинг сутидан камбағалларга бериб тураман. Етимларнинг туялари сутидан менга нима ҳалол бўлади? – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос:

– Агар йўқолганда топиб келсанг, қўтирига қарасанг, ҳовузини тузатиб турсанг ва уларни боқаётган бўлсанг, наслига зарар келтирмай, сутидан ич. Аммо уларни соғиб олишингдан қайтараман, – дедилар.

Шу таълимотлардан келиб чиқиб, оталиққа олган одам етимнинг молидан муҳтож бўлганда ҳожатини қоплагунча еса бўлади, дейилади.

Оятнинг сўнгида яна бир нозик, зарурий ҳукм баён этилган:

«Молларини ўзларига қайтарганингизда уларга гувоҳлар келтиринг».

Мол олди-бердиси жуда ҳам нозик иш. Унда бировнинг ҳаққига хиёнат бўлиши эҳтимоли кучли. Шунинг учун ҳам Исломда бундай ишларни ҳужжат-далил билан, адолатли гувоҳлар иштирокида амалга ошириш таъкидланади. Шундай қилинса, бировнинг ҳаққига хиёнат эҳтимоли йўқолади, бирор келишмовчилик чиқса ҳам, гувоҳлар ҳақиқатни (адолатни) ўрнатишда ёрдам берадилар.

Оятнинг сўнгида

«Ҳисоб қилувчиликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» жумласининг келиши эса бу ишларда доимо Аллоҳдан қўрқиб туриш лозимлигини уқдиради.

 Валлоҳу аълам!