Ассалому алайкум! Мен турмуш ўртоғимнинг бир аёл билан алоқаси борлигини сезиб қолдим. Ундан қарз олган ман деб у шунчаки танишим деб аввал ҳам сезиб қолганимда мени юпатгандилар. Ҳозир у аёл чет элдан келган. Яна телwфонда гаплашаётганларини сезиб қолдим. Телефонларини сўроқсиз титкилаб телефонда гаплашаётганларини аниқладим. Кейин у аёлга телефон қилдим. Бўлмаса хўжайиним тан олмасди гаплашаётганини. У аёл мени телефон қилганимни хўжайинимга айтибди. Мени орқамдан иш қилдинг деб хўжайиним мени жуда ёмон калтакладилар. 6 ойлик ҳомиладорман. Қилган ишимдан пушаймонман. Оллоҳга товба қилдим. Лекин стрессдан қутула олмаябман. Ҳомиламда ҳам ўзгариш бор. Гипертонус кўп кузатилябди. Маслаҳат беринг.
– Ва алайкум ассалом! Одам бир нарсани қидирса албатта топади. Турмуш ўртоғингизнинг орқасидан пойласангиз албатта бирон аёлга йўлиқасиз. Нима учун? Чунки сиз гумон қилдингиз. Аллоҳ Қуръони Каримда бандаларга “Гумонингдаман” деб хитоб қилган. Ҳар ким қилган гумонига яраша топади. Агар турмуш ўртоғингиз ҳақиқатда ҳам бирон бегона аёл билан муносабати бўлса унга уйланишига, никоҳига олишига шаръан ҳаққи бор. Шундай қилса у ҳолда сиз нима ҳам қила олардингиз? Сабр қилишдан бошқа иложи йўқ. Шундай экан турмуш ўртоғингизни рашк қилишда ўзингизни қўлга олишни ўрганишингиз лозим бўлади. Эркак кишининг биронта аёл билан муносабати бор бўлган тақдирда ҳам аёл киши буни билиб қолганини билдирса тамом эркак киши бу ишини очиқчасига қилади. Яшириб нима қилади ҳамма нарса айён бўлса. Шунинг учун турмуш ўртоғингизни тинч қўйингда ўзингизнинг устингизда ишлашни бошланг. Агар аёл киши турмуш ўртоғидан ташқари унинг ҳаётида ўзи ҳам борлигини тушуниб олса, охиратда ҳар ким қилган қилмиши учун ўзи жавобгар эканлигини идрок эта олса, аёл кишининг ўзининг шахсий ҳаёти ҳам борлигини, яъни фарзандларига масъул эканлигини, ибодатларига ўзи масъул эканлиги, севган машғулотлари борлигини, илм олиши лозимлиги, дам олиши лозимлиги ва ҳаказо ҳамда бу ишларга жуда кўп вақт талаб қилинишини тушуниб олса эркак кишини тинч қўя бошлаб ўзининг шахсий ҳаёти билан шуғуллана бошлайди. Парадокс шундаки агар аёл киши турмуш ўртоғига табассум ила илиқ муносабатда бўлиб, етарли даражада меҳр бериб ўз ҳаёти билан ҳам машғул бўлар экан бундай эркак бошқа аёлларга эътиборини қаратгиси келмай қолади агар аёл эркак кишининг шаҳватига ҳам мос равишда бўла олса. Валлоҳу аълам.