Оила

01:14 / 07.08.2022 | Ummu Abdulloh | 383

Ассалому алайкум! Агар эр хотинидан кичик бир айби масалан чойни вақтида дамлаб беролмагани ёки овқатни аввалидан қайнонага олиб қўймагани ва шунга ўхшаш хатолари учун қайна қайнотадан кечирим сўрашга мажбурлайверса нима қилиши керак? Ҳолбуки келин уларга сабабини тушунтирган. Тогрисини айтсам гуноҳ бўлмаган кичик хатолар учун ҳам узр сўрашга мажбурланиш менга жуда оғир ботади.

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Шариатимиз ҳар бир инсон бошқа инсонни ҳурмат қилишини, унинг ҳаққини адо этишини талаб этади. Оилада ҳам шундай. Барчанинг муносабати шариатга мувофиқ бўлиши лозим. Оилада эса келин ва бошқаларнинг ўзаро муносабатларида ҳам жуда эҳтиёт бўлиш керак. Билмаган ҳолда зулм қилиб қўйиш мумкин. Аммо қайнона ва қайнотангиз, турмуш ўртоғингиз буни яхши тушунишмаса демак онгли инсон сифатида ҳамма нарсани ўз қўлингизга олишингизга тўғри келади. Оиланинг тинч-тотувлиги учун узр сўраб қўйишнинг зарар томони йўқ. Оила аъзоларингиз сиздан эгилувчанликни талаб этишяпти. Майли ўзингизни эгилувчан қилиб кўрсатинг. Уларни хотиржам қилиш сизнинг қўлингизда. Табассум қилиб “Хоп бўлади” деб турсангиз уларнинг ичидаги сизга нисбатан қарши туриш кучи йўққа чиқа бошлайди ва сизни ўзиникидек кўра бошлайдилар. Оилангизда тинчлик тотувлик ўрнатилади. Табиийки сизга қилинган бу тазйиқлардан сўнг табассумлик бўлиб, “хоп бўлади” деб самимий муносабат қилиш ўта мушкул иш. Аммо бунинг натижаси зарур бўлса демак шу учун сабр қилиб амалласа бўладиган иш. Валлоҳу аълам.