Ассалому алайкум! Ассалому алайкум ҳурматли Мадина опа!
Олдинлари киришимли, хушчақчақ қиз эдим. Лекин ҳозир характерим жуда ҳам ўзгариб кетяпти. Бунга албатта қайнонам ва овсинларимнинг турли гап сўзлари ҳам сабаб бўлётгандир Уларни асло ёмонламоқчи эмасман. Аллоҳ рози бўлсин улардан, яхши инсонлар. Аммо жуда ғалати феъллари бор. Кўп дилимни оғритиб қўйишади, айниқса, қайнонам. Овсинларимга жуда яхши муомала қилади. Лекин мени ҳадеб тергайверади. Эрим ҳам ортимдан кўп дакки эшитади. Ўзимни ҳам ўзгартиришга уриндим. Лекин қўпол даккилар эшитавериш ҳолдан тойдирди мени. Портлаб кетадигандекман. Ичимга ютаман. Баъзида чидолмай гап қайтариб юбораман. Эримга ҳам шикоят қилиб юбораман. Кейин афсусланиб яна анча ичимга ютиб юраман. Хуллас ўзимни ислоҳ қила олмаяпман. Одамлар билан орам бузилиб кетяпти. Олдинлари хар ҳил гап сўзларга хафа бўлмас эдим, эътибор қилмасдим. Энди эса ўша эски гап сўзлару хозиргилар, ҳаммаси тенг миямга келиб ҳаёлимда қайнонам билан уришавераман. Қайнонам жуда хунук ишлар қилдики, ичимдан ёмон кўриб кетяпман. Лекин бу фақат ҳаёлимда. Яъни қилган ишларини эслаб ҳаёлан нафратланиб кетаман. Реалда эса яхши муомала қиламан, ёмон кўрмайман. Лекин олдингидек суйиб яхши кўргим келмайди. Мени фикрларим, қарорларим билан хадеб бахслашаверишлари, аралашаверишлари, фақат ўзларининг айтганларини қилдиришмоқчи бўлаверишлари, умуман ҳурматим йўқлиги жуда эзиб юборди мени. Айниқса ҳали гўдак боламга ҳам беҳурмат қилдиришяпти мени. Жуда алам қиляпти. Ўзимни қандай ўзгартирай? Ҳурмат қозониш учун нима қилай? Айбдорлик, қўрқоқликлардан қандай қутулай? Бақириб, додлаб йиғлагим келаверади Маслаҳат беринг, илтимос