.Ва адайкум ассалом! Албатта ўзбекча таржимасини ўқишингиз яхши, лекин Аллоҳ таолонинг каломини китоб нозил бўлган тилда ўқиш жуда фазилатлидир. Шунинг учун қийин бўлса ҳам ҳаракат қилсангиз ажр-савоби улуғ бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар”.
Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти.
Ушбу ривоятда Қуръони каримни мукаммал ёдлаб, уни бирон қийинчиликсиз ўқий оладиган, Қуръон қироатига моҳир қори Аллоҳнинг улуғ фаришталари билан бир мақомда экани айтилмоқда.
“Қуръонни маҳорат билан қироат қилиш” деганда, уни мукаммал ёдлаш, Қуръонни муттасил ўқиб туриш, умуман Қуръонга муҳаббат қўйиш ва унга эътиборли бўлиш тушунилади. Қуръонни тўлиқ ёд олмаган бўлса-да, уни бошидан охиригача маҳорат билан бирон хато ва тутилишсиз ўқийдиган қорилар ривоятда ваъда қилинган фазилатга эришадилар, иншааллоҳ!
Аллоҳнинг амрларини бандаларга етказувчи, бандалар қилаётган амалларни ёзиб борувчи ва Аллоҳга итоатгўй фаришталар У Зот ҳузурида қандай мавқеъга эга бўлсалар, Қуръон қироатига моҳир бўлган қорилар ҳам шундай улуғ мақомга эга бўладилар. Бу Қуръон қироатига бандаларни жалб қилишнинг ажойиб усулидир. Ким ҳам фаришталар мақомига етишишни хоҳламайди. Аллоҳ даргоҳида улуғ мартабага эришишни ким ҳам истамайди?! Ҳамма хоҳлайди буни. Бунга эришиш учун Қуръон қироатини ўрганиш, уни ёдлаш ва Қуръонга амал қилиш керак.
Уламолар “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир” ҳадисини икки хил таъвил қиладилар:
1. Бундай бандаларга охиратда фаришталар мақоми берилади;
2. Бундай бандалар фаришталарнинг амалини қилган, улар йўлидан борган бўладилар.
“Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”.
Ривоятнинг давомида айтилишича, Қуръонни қийналиб ўқийдиган қори икки марта кўпроқ ажр олади. У Қуръонни ўқигани ва қироатда машаққат чеккани сабаб савобга эришади.
Ал-Қозий ва бошқалар: “Бу ҳадис тили қийналиб тиловат қиладиган банда Қуръонни маҳорат билан ўқийдиган қоридан кўра афзаллигини англатмайди, балки моҳир қори афзал ва унга кўпроқ савоб берилади. Сабаби улар фаришталар билан бир мақомдадирлар”, дейишган.
Бандалар ранги ва кўриниши ҳар хил бўлганидек, уларнинг имкониятлари, ақлий қобилияти ва жисмоний салоҳиятлари ҳам турлича бўлади. Кимдир ақл ва тил жиҳатидан устун бўлади ва Қуръонни қийналмасдан, ҳарфларини дона-дона қилиб талаффуз қилади. Яна кимдир Қуръон ўқишга қийналади, тили баъзи ҳарфларни талаффуз қилишга келишмайди. Ҳадиснинг иккинчи қисмида бундай кишиларга башорат берилмоқда, уларнинг руҳлари кўтарилмоқда, улар чекаётган машаққатлар бесамар кетмаслиги, балки Қуръонни қийинчиликсиз қироат қилувчидан кўра кўпроқ савобга эришишлари маълум қилинмоқда.
Аслида Қуръони карим тилларга осон қилиб қўйилган. Аммо баъзи ҳолларда маълум жумла ёки сўзларни талаффуз қилиш тилга оғирлик қилиши мумкин. Ана шундай ҳолларда мазкур ривоят ёдга олинса, бу йўлда чекилган ҳар бир машаққат чексиз роҳатга, ҳар бир қийинчилик беҳисоб савобга айланади. Валлоҳу аълам!
Тиловатни эмас таржимасини ўқиганни савобини олади.Валлоҳу аълам!.