Пулни ўйлаш

21:04 / 27.08.2022 | Ruhshona | 334

Ассалому алайкум! Ҳозирда талабаман, ёшим 18да, бирорта ишда ишламайман. Дадам анчагина яхши ойлик оладилар, леким ақлимни танибманки, ҳамма пуллари укаларига, дадаларига, уларга уй жой қилишга сарфланади. Укалари оилали, ишли бўлсаям барибир дадам катта ёрдам берадилар. Ёрдам бермасинлар демаймай, бу яхши, лекин дадам учун биз ҳудди охирги даражада тургандекмиз. Ёшлигимда бу нарса билинмасди, лекин ҳозир катта бўлиб анча билиняпти. Уст бошимизга, еб ичишимизга пул берадилар, лекин ундан ортиқ бермайдилар. Ойим ҳозир ишламаяптилар, охирги пайтда дадамга нимадир айтсак ҳам урушиб беряптилар ҳамма пулим фақат сенларга кетади деб. Ҳозир илм олиш учунам инсонни пули бўлиши керак, китоблар ҳам қиммат, арзонмас. Ўзим грантда ўқийман, институтдаги билим кам, китоб олишни, курсларга боришни хоҳлайман. Лекин дадам пул бермайдилар, неччи марта курсларимни бекор қилдим. Яқинда бобомга машина олиб бердилар, пул муаммоси бўлди шекилли, шундан бери асабийлар. Уйга нон опкелинг десак ҳам койиб берадилар. Мен бу нарсалардан сиқилиб кетдим, ахир ота қизини ҳамма нарсасини таминлаши керакку. Нимадир айтсам ишлаб пул топ дейдилар, ҳозирча бирорта ишда ишламайман, қиз боламан тайинли иш топишим қийин бўляпти. Ундан ташқари ҳаёлим пулда бўляпти, тезроқ пул топишни, кўп пулим бўлишини, хоҳлаганимча китоблар сотиб олишни, курсларда қатнашишни ўйлаяпман ҳолос. Тезроқ тилни ўрганиб, сертификат олиб, кўп пулли ишда ишлайман деб ўйлаяпман. Мен ҳозир пул ҳақида ўйламай фақат ўқийдиган давримку, лекин вазият бошқа. Илм олишда ниятим фақат пул учун бўляпти деб қўрқяпман. Аллоҳ розилиги учун илм олишни хоҳлайман. Нима қилай? Ниятимни қандай қилиб тўғрилай? Пулни қандай қилиб ҳаёлимдан чиқарай?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Дадангизни пулни қандай сарфлаши, ўз ихтиёрларига ҳавола, буни тўғри қабул қилинг чунки, ўзлари меҳнат қилиб топадилар. Дадангизни ҳа деб ака-укаларига қилган ҳаражатлари учун айблаб, уларни танқид қилмасликни маслаҳат бераман. Ризқни Аллоҳ таоло беради ва бу ризқ Аллоҳнинг розилиги, яхшиликлар учун йўналтирилса, шунчалик баракаси кенгаяди. Сиз норози бўлган билан сизга аталганигина насиб қилади. Аксинча, уларни бу амаллари учун танқид қилмасдан, яхшиликларини эътироф этиб, рағбат қилинса, аминманки, ўз оиласларига ҳам оғринмасдан сарфлайдилар. Инсоннинг ҳар бири ишининг баракали бўлишида рағбат ва меҳр ётади. Эркак кишининг рўзғорга, оиласига қилганларини мамнунлик билан қабул қилиниши янада ундан миннатдор бўлган яқинларини эҳтиёжларини, ҳоҳишларини адо этиш учун қувват бўлади.  Бу масалада онангизнинг дадангизга меҳри ва рағбати алоҳида аҳамиятли. Ўйлайманки, ўз жигарларига кўмак беришни билган инсон, оиласининг ҳам сарф-ҳаражатлари масъулиятини ҳис эта олади. Фарзанд сифатида сиз ҳам отангизнинг оиласи учун қилаётган меҳнатларидан миннатдорлингизни билдирсангиз, меҳрингизни изҳор қилиб кўнгилларини кўтарсангиз сиз учун муааммо бўлган масалалрни отангизнинг ўзлари ҳал қилиб берадилар. Эркак киши доим қўллаб-қувватланишни, эътирофни, рағбатни кутади. Танқид ва танбеҳни эса ёқтирмайди. Ҳар қандай ҳолатда улардан рози бўлинг. Фарзанд отанинг ҳаракатларини баҳолашга шаръий жиҳатдан ҳақли эмас. Валлоҳу аълам!