Ассалому алайкум! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Мен Алҳамдулиллаҳ муслималарданман, лекин ҳозирги вақтда жуда ҳам тез жаҳлим чиқиб, ҳамма нарсадан нафратланиб кетяпман. Кўпчиликка билганларимни айтаман, маслаҳат бераман, лекин ўзим амал қилишим сусаётгандай. Ҳамма мени ёмон кўраётгандай. Ҳамма орқамдан гапираяпти. Уларга нима деб ўзимни оқлай? Ўзимга ишонч ҳосил қилишга, бошқаларнинг ҳам ишончини оқлашга ёрдам беринг. Аллоҳ рози бўлсин. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Сиз ҳеч кимнинг гапига қулоқ солманг. Ўз устингизда ишланг, ўзингизни ислоҳ қилиб туринг. Илмга берилинг. Кўп китоб ўқинг. Илмингиз ошгани сари, ич-ичингиздан салобат берувчи энергия кўпая боради. Ташқаридаги одамлар буни албатта ҳис этадилар. Шунда сизга сиз ҳақингиздаги фикрнинг қизиғи ҳам бўлмай қолади. Ҳеч кимнинг олдида ўзингизни оқлашингиз шарт эмас. Иложи борича кам гапиринг. Ҳар куни бир соатдан сайр этинг. Сайр вақтида табиат қўйнидан баҳраманд бўлинг. Фикрларингиз анча тозаланади. Иложи бўлса оқар сувнинг олдига бориб, ёлғизликда сувга дардларингизни гапиринг. Анча енгил тортасиз. Чунки сув ботқоқ бўлиб қолган негатив энергияни ҳам тозаловчидир. Ўзингизнинг севган машғулотингиз, яъни хоббиингиз билан кўпроқ шуғулланинг. Аёл киши бундан ич-ичидан яйраб, кўзлари чақнаб, энергияга тўла боради. Нозик латофат эгаси бўлиш учун, мия дам олиши учун, зукко ва ақлли бўлиш учун, ҳадисларга мувофиқ, бичиш-тикиш, тўқиш каби машғулотлар билан шуғулланишингиз катта фойда беради. Ўзингизнинг ўрганган илмингиздан, қилган бичиш-тикиш каби ишларингиздан, завқингиз ошиб, ич-ичингиздан ўзингизга бўлган ишонч орта бошлайди. Валлоҳу аълам