Қайнонам билан муносабат

19:18 / 20.03.2019 | muslima_07 | 1004
Ассалому алайкум! Оиламда муаммоларга дуч келяпман. Шулар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиламан-у, лекин роса дилим оғрияпти.
Тўйимиз бўлганига ҳали бир йил бўлмади. Хўжайиним билан алоҳида турамиз. Мен ҳам, хўжайиним ҳам ибодатдамиз. Лекин оиладагиларимиз ундай эмас.
Тўйимиз чиройли ўтди. Хўжайиним бизга тўй оғирлигини туширмади, уйнинг ҳамма ёғини жиҳозлаб қўйди. Бизга ҳеч нарса керак эмас, бахтли яшашса бўлди, дейишди катталар. Бундан, албатта, хурсанд бўлдим. Ахир, ота-онамга енгиллик бўлди-да. Ўзим шундай бўлишини доим ният қилардим.
Қайнонам хорижда ишлаб, ўша ерда яшардилар, тўйдан кейин қайтиб кетдилар. Биз ўзимиз қолдик уйда. Хўжайиним жуда яхшилар. Қайнонам 2-3 ойда 3-4 кунга келиб-кетардилар. Мен бирон нарса сўрамасам ҳам, ҳар доим ўзлари келишларида кийим, у-бу нарсалар олиб келардилар менга. Хўжайинимнинг қариндошларига бу нарса ёқмасди. Ҳар доим ҳаммани ёмонлаб юришади. Шунинг учун ҳам ортиқча гап бўлишини хоҳламай, иложи борича камроқ суҳбатда бўлишга ҳаракат қиламан. Хўжайиним ҳам шунақа тайинлардилар.
Ҳозир ҳомиладорман, алҳамдулиллаҳ. Аллоҳ бизга шундай неъматини берди, бундан жуда хурсандмиз. Қайнонам ҳам менга ҳеч қаттиқ гапирмасдилар. Лекин кимдир нимадир деб мени ёмонлабди. Хуллас, қайнонам ўзгардилар. “Кам овқат есанглар бўлмайдими?!” деб миннат қилгандек гапирдилар. Қоним кам экан, ҳомила учун қон кўпайтириш керак бўлди. Яна кислород етишмай, бола нафас олишга қийналяпти экан. Хуллас, дори олиб ичганимни ҳам, еган-ичганимни ҳам гапириб, дилимни жуда қаттиқ оғритдилар. Роса йиғладим, Аллоҳ гувоҳ. Дилим ҳеч қачон бунчалик оғримаганди. Менга қолса, оч ўтирардим, лекин вужудимдаги болам учун ҳам ейишим керак-ку.
Қисқаси, шулар ҳақида ўйламайман, деб ҳаракат қиляпман-у, лекин алам қилганидан хаёлимдан кетмаяпти. Ўйласам, йиғлаб сиқилиб қоляпман. Хўжайиним боламизни ўйланг, у гапларни унутинг, дейдилар. Нима қилишга ҳам ҳайронман, илтимос, маслаҳат беринг!
Руҳшунос:
Ва алайкум ассалом! Тушунишимча, ҳозирги дамда сизда картизол гормони кўпайиб кетган ҳамда эстроген ва прогестин гормонларининг ҳам баланси бузилган. Бу ҳомиладорлик даврингиз билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу гормонлар меъёрида бўлса, сиздаги негатив ҳис-туйғулар ҳам ёйилиб кетади. Бунга аниқлик киритишингиз учун гинеколог-эндокринолог шифокор кўригидан ўтишингиз мумкин.
Кейин эр-хотин алоҳида яшаймиз, деб ёзибсиз. Алоҳида яшалганда нима еб, нима ичганингизни сиз айтмасангиз, биров билмайди-ку. Оилангиздаги гап-сўзларни мумкин қадар бировга гапирманг. Инсон кўпинча атрофидагиларнинг гап-сўзлари кўпайишига ўзи сабабчи бўлиб қолади. Бехосдан гапирилган гапга бошқалар яна гап улаб, қандай қилиб кўнгил оғритувчи ишлар содир бўлаётганини билмай қолади киши. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сизнинг ичингизга сиғмаган сир-синоат бировнинг ҳам ичига сиғмайди. Қанчалик сирли бўлсангиз, шунча оилангиз хотиржам бўлади. Биров келиб гап олмоқчи бўлганида ичингизда зикр қилиб ўтираверинг. Шунда ўзингизни бемаъни гапларга аралашишдан сақлашингиз осон бўлади. Чунки икки аёл бирга ўтириб гаплашиб қолса, мазза қилиб хуморидан чиқиб, ҳар нимани гапириб, кейинчалик афсусланиб: “Фалон нарсаларни бекорга айтиб юбордим”, дейди. Бунинг сабаби гаплашаётган вақтда (гўё шоколад егандек) бахт гормонлари “ишга тушиб” кетиб, ўз ҳолатига келганида эса афсус-надомат чекиш бошланади. Шу сабаб инсон ўзини ўзи назорат қилиб тургани маъқул. Фарзандингиз дунёга келганидан кейин бу ҳолатингиз ўзгаради. Валлоҳу аълам!.