Қалбни ва феълни ислоҳ қилиш

08:50 / 07.09.2022 | Дилбар Ражабова | 265

Ассалому алайкум! Одам феълидаги иллатлардан халос бўлиш ва қалбини ислоҳ қилиши учун қандай амалий тавсия берасиз. Илтимос, ёрдам беринг.

Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Қалбини ислоҳ қилиши учун одам покизаликни, ибодатларини, зикрларини маҳкам ушлаб амалларини гўзал бўлишига қаттиқ мақсад қилиб бажариши лозимдир. Қалбини ислоҳ қила олган одамнинг феъли ҳам ўзгара боради. Чунки у ўз иллатларини йўқ қилган бўлади. Бу иллатлар нималар дейдиган бўлсак булар барча гуноҳ амаллар ва аксарият ҳолатларда биз унчалик эътибор қилмайдиган амаллар борки булар -  ҳасад қилиш, ғийбат қилиш, гумонхўрлик, кўп ейиш, кўп ухлаш, кўп кулиш ва ҳаказолардир. Шариатимиз нима нарсаларни талаб қилган бўлса ана шуларга амал қилиб нима ишлардан қайтарган бўлса ана ўшаларни қилмаслик керак. Агар эътибор қилган бўлсангиз одамнинг ўзига ва атрофдаги бошқа одамларга зарар қилиши мумкин бўлган барча ишларни шариатимиз харом қилган. Масалан ҳаммамизга маълумки чўчқа гўштини ейиш харом. Унинг одамга қанчалар зарар эканини ҳам биламиз. Ёки яна бир мисол маст қилувчи ичимликларни ичиш динимизда харом. Бунинг оқибати нималарга олиб келишини шу ичимликни ичган одамларнинг хулқ-атворини кузатиб кўриб билганмиз. Худди шундай бировга нисбатан ҳасад қилиш, ўзининг ғазабини намоён этиш, бировнинг ҳаққини ейиш, одамлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, хуллас инсониятга зарар келтирувчи барча амаллар шариатимизга мувофиқ амаллар эмас ҳамда одамнинг ўзига ҳам зиён қилувчи ҳолатлардир. Мана шу каби ёмонликларни қилмай бу иллатлардан ўзини эҳтиёт қилиш ўз характерини ўзгартиришга олиб келади. Бу йўлда бардавом бўлиш учун қилинадиган энг яхши амаллардан бу илм ўрганиш ва шу заҳоти ўрганган нарсасига амал қилишдир. Сизга бу йўлда катта илм бўладиган китоб бу Шайх ҳазратимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ қаламларига мансуб “Руҳий тарбия” китобларидир. Валлоҳу аълам.