Ва алайкум ассалом! Қуръоннинг таржимаси деб бўлмайди. Чунки у Аллоҳнинг ожиз қолдирувчи каломи бўлиб, унинг айнан таржимасини қилиб бўлмайди, бундай қилишдан банда ожиздир. Шу сабаб “маъноларининг таржимаси” дейиш лозим.
[center:3fmv94qw]ҚУРЪОННИ ҚАНДАЙ ЎҚИЙМИЗ?[/center:3fmv94qw]
Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот олмоқчи бўлган шахс ўша нарса ҳақидаги боб ёки бўлимни очиб ўқийди-да, саволига жавоб топади.
Қуръонда эса боб ёки бўлимлар йўқ. Ҳа, у ўзига хос илоҳий Китоб, шунинг учун ҳам у ўзига алоҳида эътибор, алоҳида ёндашувни талаб қилади. Шунинг учун ҳам уни юмшоқ ўринда ястаниб ўтириб, ҳавасга варақлаб, кўз югуртириб чиқиб, сўнг токчага териб қўяман, деганлар хато қиладилар. Қуръон бир ўқиб чиқадиган, тасалли учун, вақт ўтказиш учун керак бўладиган нарса эмас.
Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига эриштириш учун нозил қилинган илоҳий дастурдир. У ҳидоят Китоби бўлиб, кимё, физика, тиб, тарих, жуғрофия ва бошқа соҳаларга оид оятлар ҳам инсон ақлига хитоб. Уларда ўқувчи шу нарсалардан ибрат олиб, Аллоҳ таолонинг қудратига ишонсин, ҳидоят йўлини топсин, деган ғоя бор. Шу билан бирга, Қуръондек муқаддас Китобда мазкур нарсаларнинг зикр қилиниши доимо мусулмонларнинг ўша нарсаларга қизиқишини орттирган, уларни ўрганишга чорлаган. Шунинг учун ҳам улар Қуръонга, унинг таълимотларига яқин бўлганларида, амал қилганларида дунё халқлари ичида пешқадам бўлганлар, Ибн Сино, Форобий, Улуғбек, Беруний, Хоразмий, Навоий ва бошқа улкан алломалар етишиб чиққан.
Қуръони Каримни тушуниш учун катта тайёргарлик керак. Аввал айтганимиздек, унинг оятлари йигирма уч йил давомида ҳаётга аралашиб тушган. Демак, ўша ҳаётнинг нозик тарафларигача билиш лозим, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлиш керак. Бир-икки ўқиш билан унинг ниҳоясига етиб бўлмайди. Аксинча, қайта-қайта ўқиш жараёнида ҳар сафар янгидан-янги маънолар чиқаверади. 1400 йил аввал бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган, тили, ҳаёт тарзи табиий ҳолатга яқин бўлган арабни ҳайратга қўйиб, қалбига йўл топган бу илоҳий Китоб ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш, маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани мураккаб электрон ҳисоблаш ускуналари бажараётган жамиятнинг серташвиш аъзоси қалбига ҳам йўл топмоқда. Чунки Қуръонни очиқ фикр билан ўқиб, уқиб, мулоҳаза этишлари билан бирга, уларнинг фахри бўлган электрон ҳисоблаш машиналари ҳам «Қуръон – илоҳий китоб», деб бир овоздан айтмоқда. Бу машиналар Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва жумлалари ҳам саноқли эканини ва бу улкан мўъжизалигини таъкидламоқда. Миср¬лик олим Абдураззоқ Навфал «Қуръондаги ададий мўъжизалар» номли китобни ёзиб, электрон машиналарнинг сўзини тасдиқлади.
Тажриба учун тўрт киши – араб мусулмон, мусулмон бўлмаган араб, араб бўлмаган мусулмон ва араб бўлмаган ғайримусулмонларни олиб, уларга Қуръон тиловатини эшиттириб, махсус электрон асбобларда руҳий таъсирланишлари синалганда, бир хил чиқибди. Мўъжизани қаранг, Қуръонни тушунадигану тушунмайдиган, унга эътиқод қиладигану эътиқод қилмайдиганларнинг барчаси бараварига таъсирланса! Аллоҳ таоло хоҳласа, яна янги илмий кашфиётлар бўлса, Қуръоннинг мўъжизалари янада кўпаяверади. Демак, Қуръонга жиддий ёндашмоқ, уни ўқиб-уқмоқ керак.
Қуръони Карим ўқиб-уқмоқ Китоби бўлибгина қолмай, уқиб, амал қилмоқ Китоби ҳамдир. Агар ўқиган одамнинг уққани ҳақ бўлса, амалга ўтмоғи муқаррар. Чунки Қуръон биринчи бор нозил бўлганда, унинг биринчи оятлари «Ўқи!» дейиш билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломни «Тур!» деб турғазиб, дунёга иймон нурини таратишга чорлаган. Унга иймон келтирган оз сонли илк мусулмонлар ҳам барча қийинчиликларга қарамай, роҳатни унутиб, бошқалар ҳам улар баҳраманд бўлган неъматдан – Ислом, Иймон неъматидан баҳраманд бўлсинлар деб, ҳаракатга тушганлар. Ўзлари эса ўқиб-ёдлаб ўрганган ҳар бир оятга амал қилмай туриб, иккинчисига ўтмаганлар. Оқибатда ер юзида икки оёғида юрадиган кўплаб тирик Қуръонлар юзага келган. Улар бутун дунёга Ислом, Иймон нурини таратганлар, одамларни ботил динлар зулмидан Ислом адолатига, ўзи каби бандаларга бандалик қилишдан бандаларнинг Роббига бандалик қилишга, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига олиб чиқишган.
Шу жумладан, бизнинг она Мовароуннаҳр халқи ҳам Исломни ва Қуръонни худди чанқоқ ер барака ёмғирини ютиб олгандай кутиб олди. Бу ёмғир таъсирида серҳосил ўсимликлар ўсиб чиқди. Тез орада бутун дунёга номи кетган улкан алломалар етишди. Диний ва дунёвий илмларнинг барча соҳаларида пеш¬қадам устозлар олам бўйлаб донг таратдилар. Бошқа жойлардан кўра бизнинг еримиздан шунчалик кўп алломаларнинг чиқиши бу диёр аҳолиси Исломга нақадар мос эканининг далили бўлса, бошқа даврларда эмас, фақат Ислом даврида бунча алломаларнинг чиқиши Исломнинг бу диёр аҳолисига мос эканининг далилидир.
Ҳа, барча қатори, бизнинг халқимиз ҳам қачон Қуръонга яқин бўлса, уни яхши тушуниб, амал қилса, бахт-саодати мукаммал бўлаверган. Аксинча бўлса, бошига бахтсизлик, мусибатлар ёғилаверган.
Қуръони Карим бизгача етиб келган ҳолида Аллоҳ таолодан нозил бўлганлиги, У Зотнинг мўъжизакор каломи экани ҳақдир. Кимки бирор оятни инкор этса, мусулмонлик доирасидан чиқади.
Қуръоннинг матни ҳақидаги қатъий гап шу бўлса, энди унинг маъноларини тушуниш тўғрисидаги гап бошқача. Инсоннинг уринишига, ақл-заковати ва билимига қараб, Қуръон маъноларини тушуниш ҳам турлича бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз:
«Инсоннинг Каломуллоҳни тушуниш учун қўлидан келганича қилган ҳаракати тафсирдир», – деганлар. Турли йўналишдаги сон-саноқсиз тафсирлар ичида бизнинг диёримиз уламолари қилган тафсирлар муҳим ўрин тутади.
Имом Фахриддин Розийнинг китобларини Ислом олами ҳурмат билан «Тафсири Кабир» – «Катта тафсир» деб атаса, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсири ҳақида уламолар: «Кашшоф» бўлмаганда, Қуръони Каримнинг маънолари кашф бўлмай қоларди», – дейдилар.
Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандийнинг «Таъвийлоту аҳли Сунна» тафсирлари ва бошқа китоблари учун Ислом олами бу зотни «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақийдасининг ислоҳчиси» деб номлаганлар.
Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут танзил» тафсирлари ҳозиргача Ислом ўқув юртларида ўқув қўлланмаси бўлиб келмоқда.
Афсуски, бизнинг юртимизда охирги тафсир қачон ёзилганини айта олмаймиз, яъни Қуръондан узоқлашганимизга анча бўлди, демоқчиман.
Қуръони Каримнинг таржимасига келсак, уни ҳеч бир тилга мукаммал таржима қилиб бўлмайди. Чунки араб тили мўъжизакор тилдир. Бу тилнинг ўзига хос кенг имкониятлари бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Китобига ушбу тилни ихтиёр қилган. Бу хусусиятлар ўзга тилларда йўқ. Лекин Қуръон маъноларини таржима қилишга уламоларимиз рухсат берганлар, буни зарурий нарса, деб таъкидлаганлар.
Қуръони Карим маъноси дунё халқларининг тилларига таржима қилинган. Шу жумладан, қатағондан, айниқса, диний уламоларимиз ортидан уюштирилган «ов»дан қочиб, дини, иймонини сақлаш учун Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган Олтинхон тўра домла (Маҳмуд Тарозий) томонларидан ўша вақтдаги ўзбек тилига таржима қилинган бўлиб, у Ҳиндистонда чоп этилган ва баъзи нусхалари бизга ҳам етиб келган. Бошқа уринишлар ҳам бўлган-у, лекин оммага етиб бормаган.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирда Қуръонга қайтиш бошланди, уни ўқишни ўрганаётганлар, табиийки, маъносини билишни истовчилар ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
[center:3fmv94qw]НИМА УЧУН ДИНИЙ МАНБАЛАРДА
«ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНОЛАРИНИНГ ТАРЖИМАСИ» ДЕГАН ЖУМЛА ИШЛАТИЛАДИ?[/center:3fmv94qw]
Шайх ҳазратлари! Бир нарсани яхши тушунмайман. Нима учун диний манбаларда «Қуръони Карим таржимаси» ибораси ўрнига «Қуръони Карим маъноларининг таржимаси» деган жумла ишлатилади? Аммо ҳадисларга келганда, «Ҳадисларнинг таржимаси» дейилаверади? Илтимос, Қуръони Каримни бошқа тилга таржима қилиш ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аввалги мусулмонлар Қуръони Каримни олий даражада тушунганлар. Деярли барчалари араб тилини яхши билганлар. Аммо кейинчалик араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар.
Вақт ўтиши билан араб тилини билмайдиган мусулмонлар Қуръони Карим маъноларини қандай ўрганишади, деган савол пайдо бўлди. Гап таржимага бориб тақалди. Лекин уламолар бир овоздан «Қуръони Каримни таржима қилиб бўлмайди», деб туриб олишди. Уларнинг фикрича, Қуръони Карим илоҳий, мўъжиза калом бўлиб, унга ўхшаш арабча калом келтиришнинг имкони бўлмаганидан кейин, унинг мақсадини бошқа тилда, айни шаклда баён қилишнинг ҳам имкони йўқ эди. Қуръони Карим савиясида бўлмаган нарсани «Қуръон» деб аташ эса мутлақо мумкин эмас. Энг муҳими, «Қуръони Карим таржимаси» деган даъво билан кишиларни Қуръоннинг ўзидан, аслидан узоқлаштириш хавфи туғилиши мумкин эди.
Ушбу ва шунга ўхшаш мулоҳазалар асосида «Қуръони Каримни таржима қилиш мумкин эмас» деган қатъий қарор қабул қилинди. Шунинг учун ҳам қадимда бошқа тилларда Қуръони Каримга ёзилган тафсирлар ёки тушунтиришларни учратамиз-у, аммо Қуръони Карим оятларининг бевосита таржималари деярли йўқ.
Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтларда тафсирчилик ҳам ривожланди. Мусулмонлар тушкунликка юз тутганларида эса ҳамма ишлар орқага кетди.
Замон ўзгариб, турли халқлар орасидаги алоқалар ривожланиши асносида ғарб халқлари ҳам мусулмонлар билан борди-келди қилишга ўтишди. Бу борди-келдилар мустамлакачилик асосида бўлгани ҳаммага маълум. Мустамлакачилик омили барча алоқаларга ўз соясини солиб туриши ҳам турган гап. Худди шу омил юзасидан, ғарб халқлари Қуръони Каримни ўз тилларига таржима қилишни бошлашди. Қуръони Каримнинг маъноларини билиш мусулмон халқлари ичида мустамлакачилик сиёсатини олиб борувчиларга жуда ҳам зарур эди.
Ана шу таржималарни нафақат мустамлакачилар, балки уларнинг тилини биладиган баъзи мусулмонлар ҳам ўқий бошлашди, чунки ҳар бир мусулмонда Қуръони Карим маъноларини билиш орзуси бўлиши табиий эди. Шунингдек, ҳар бир мусулмон ҳам араб тилини билавермаслиги бор ҳақиқат эди.
Бир томондан ушбу омиллар, иккинчи томондан Қуръони Карим таълимотларини, Ислом динини бутун дунёга тарқатиш масъулияти уламоларимизни Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш масаласини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.
Авваллари Қуръони Карим муҳофазаси йўлида, асл Қуръон қолиб, унинг маънолари таржимасига суяниб қолинмасин, таржималардаги ихтилофлар Қуръон ҳақида ихтилофларга олиб бормасин, таржимага таяниб одамлар араб тилини ўрганмай қўймасин, деган мулоҳазалар ва бошқа шу каби омилларни эътиборга олиб, Қуръони Карим маънолари таржимасига расмий рухсат берилмаган бўлса, энди, шароит тамоман ўзгариб, айнан Қуръон муҳофазаси учун таржимага рухсат бериш зарурати туғилган эди. Қолаверса, Аллоҳ таоло томонидан нозил этилган араб тилидаги асл Қуръон муҳофазаси қарор топган, одамлар маънолар таржимасига суяниб, асл матнни унутишлари мумкин, деган хавф ҳам кўтарилган эди.
Шунингдек, араб тилини биладиган мусулмонлардан кўра уни билмайдиган мусулмонлар кўпайиб кетган, уларнинг барчасига Қуръони Каримни тушунадиган равишда араб тилини ўргатиш қийинлиги ҳам аён бўлган эди. Бунинг устига, дунёнинг мусулмон бўлмаган халқларини ҳам Исломга даъват қилиш зарурати турарди. Энг муҳими, Қуръони Карим маъноларини бошқалар нотўғри таржима қилиб, тарқатмоқда эди. Бу ўзига яраша катта хатар эди. Ана шу омилларни эътиборга олган уламоларимиз Қуръони Карим маъноларининг исломий таржимаси зарурлиги ҳақида фатво чиқардилар ва бундай таржима учун керакли шартларни ҳам баён қилдилар.
Мазкур шартлар «Қуръони Карим маънолари таржимаси унинг тафсири каби нарсадир» деган тушунча асосида қўйилганидан, улар тафсир ва тафсирчи учун белгиланган шартларнинг айни ўзи эди.
Қуръони Карим тафсири ва таржимаси билан шуғулланадиган кишида бўлиши зарур шартлар ушбу соҳага доир китобларда батафсил баён қилинган. Қуйида ана шу шартлардан баъзиларини келтирамиз:
Биринчи шарт: Тафсир билан шуғулланадиган шахс соф эътиқодли бўлиши керак, чунки кишининг эътиқоди, мафкураси унинг барча тасарруфларида, сўзидаю амалида ўз аксини топади.
Иккинчи шарт: Ҳавойи нафсга эргашишдан холи бўлиш. Зеро, ҳавойи нафсга эргашиш одамзоднинг ҳақдан тойилишининг бош сабабидир.
Учинчи шарт: Араб тилини пухта билиш. Бу ҳеч қандай изоҳга муҳтож бўлмаган шартдир.
Тўртинчи шарт: Қуръони Каримга боғлиқ илмларни яхши билиш. Жумладан: қироат илми, тавҳид илми, сабаби нузул илми, носих ва мансух илми, муҳкам ва муташобиҳ илми, усули фиқҳ илми ва бошқалар.
Бешинчи шарт: Аввало Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш.
Олтинчи шарт: Қуръони Каримни Суннати мутоҳҳара билан тафсир қилиш.
Еттинчи шарт: Тафсирни Қуръони Каримнинг ўзидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан топмаса, саҳобаларнинг гапларига қайтиш.
Саккизинчи шарт: Агар тафсирни юқорида зикр қилинган манбалардан бирортасида ҳам топа олмаса, тобеъинларнинг тафсирига қайтиш.
Тўққизинчи шарт: Агар бирор янги маъно истинбот қилгудек бўлса, юқорида ўтган масдарларга таянган ҳолда, уларнинг чизиғидан чиқмасдан, Ислом ақийдаси ва аҳкомларига мувофиқ сўз юритиш.
Ўнинчи шарт: Ўткир фаҳмли бўлмоқ. Бу сифат бир маънони иккинчисидан устун қўя билиш ва шариат мақсадларига мос маъноларни истинбот қилиш учун керак бўлади.
Уламоларимиз муфассир бўлишдек улуғ бахтга эришиш учун киши ўзига яраша одобларга ҳам эга бўлиши кераклигини шарт қилиб қўйганлар. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Яхши ниятли ва соғлом мақсадли бўлмоқ. Муфассир фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ва охират савобини ҳамда дину диёнат равнақини кўзлаб иш қилмоғи лозим. Орага бошқа ғаразлар аралашса бўлмайди.
2. Ҳусни хулқли бўлмоқ. Албатта, Қуръони Каримга боғлиқ одам қуръоний ахлоқ-одобларга эга бўлмоғи лозим. Бўлмаса, унинг тафсиридан нима фойда бор?
3. Илмига амал қилмоқ. Амалсиз илм бефойда экани ҳаммага маълум. Бу нарса Аллоҳ таолонинг Китобига боғлиқ бўлганда, яна ҳам таъкидли маъно касб этиши турган гап.
4. Маъноларни нақл қилишда тўғрилик, холислик, садоқат ва аниқликни ушлай билиш. Муфассир ўзи аниқ ишониб, қалби таскин топган, ўзига ишончли манбалардан етиб келган маъноларнигина гапирмоғи ва ёзмоғи керак. Акс ҳолда гаплар бир-бирига аралашиб, ноаниқлик юзага келиши, натижада Қуръон маъноларига халал етиши мумкин.
5. Иззатини билиш. Муфассир ўзини хор қилмаслиги, пастга урмаслиги лозим. У турли бўлмағур ишлардан, бошқаларнинг ҳузурида ўзини паст тутишдан сақланмоғи керак. Аллоҳнинг каломидан гапириш ҳаммага ҳам эмас.
6. Ҳақгўй бўлиш. Аллоҳ таолонинг каломида ҳақгўй бўлмаса, нимада ҳам ҳақгўй бўлиши мумкин?!
7. Виқорли бўлиш. Муфассир юриш-туришда, ҳаракату саканотда виқорли бўлиб, ташқи кўринишида ҳам ҳайбат касб қилмоғи лозим.
8. Тавозеъли ва ҳалим бўлиш. Агар бу сифатлар бўлмаса, одамлар унинг илмидан фойда олишлари қийин бўлади.
9. Оғир-босиқ ва салмоқли бўлиш. Муфассир тасарруфотларида ва гап-сўзида шошмасдан, аниқлик ва босиқлик билан тасарруф қилмоғи керак.
10. Пешқадам олимларни ўзидан устун қўйиш. Ўзидан кўра пешқадам бўлган олимларнинг ҳурмат-эътиборини жойига қўя олган кишигина ҳақиқий муфассир бўла олади.
Булардан ташқари, Қуръони Карим маъноларининг таржимасига қўшимча шартлар ҳам қўйилган. Улардан баъзилари қуйидагилар:
1. Таржимон араб тилини пухта билиш билан бирга, таржима қилинаётган тилни ҳам жуда яхши билган, керакли малакани эгаллаган бўлиши шарт.
2. Таржимани «Қуръон таржимаси» эмас, балки «Қуръони Карим маънолари таржимаси» деб аташ ва тушуниш лозим, чунки Қуръони Каримни айни ўзидек таржима қилиш умуман иложи йўқ нарсадир. Нафақат таржима, балки араб тилида Қуръони Каримнинг комил матни у ёқда турсин, бирор оятига ўхшаш матнни келтириш ҳам амримаҳол экани собит ҳақиқатдир.
3. Мазкур маънолар таржимасидан фақат Қуръони Карим маъноларини тушунишдаги ёрдамчи сифатида фойдаланиш мумкинлигини унутмаслик. Маънолар таржимасини намозда қироат қилиш, улардан ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиш, таржималар атрофида ихтилофлар қилиш каби ишлар мутлақо мумкин эмас.
4. Қуръони Карим маънолари таржимасини ёзганда, албатта арабча оятлар билан бирга ёзиш шарт. Биринчидан, асл матннинг қудусияти – муқаддаслиги балқиб туради. Қолаверса, таржиманинг аниқлигини ҳар доим текшириш имкони бўлади.
Ушбу шарт ва кўрсатмалар Қуръони Каримни таржима ва тафсир қилишга тегишли бўлиб, бошқа диний матнлар, жумладан, ҳадиси шарифларга нисбатан ҳам иш нисбатан енгил кечади.
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.
Биринчи далил:
Ҳудайбия сулҳидан кейин Набийимиз алайҳиссалом уч қитъа вакиллари бўлмиш давлат бошлиқларига мактублар юбориб, Исломга даъват қилдилар:
1. Европадан Византия подшоҳи Ҳерақлга.
2. Осиёдан Форс давлати подшоҳи Кисрога.
3. Африкадан Миср подшоҳи Муқавқис ва Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга.
Ушбу мактубларда Қуръони Карим оятлари ҳам бор эди. Мазкур подшоҳлар ва уларнинг одамларига ўша мактублар, жумладан, улар ичидаги оятларнинг маънолари таржима қилиб берилган. Демак, мусулмон бўлмаган кишиларни Исломга даъват қилишда Қуръони Карим маънолари таржима қилиниши керак экан.
Иккинчи далил:
Имом Шамсул-аимма Сарахсийнинг «Мабсут» номли кўп жилдлик асарларининг «Китаабус-солат» («Намоз китоби») бўлимида (1-жуз, 37-бет) қуйидагилар ёзилган:
«Ривоят қилинадики, форслар Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзларига Фотиҳа сурасини форс тилида ёзиб беришни сўрадилар.»
Тожуш-шарийъанинг «Ҳидоя»га ҳошия қилиб ёзган «Ниҳоя» китобида (1-жуз, 86-бет) бу ҳақда батафсилроқ маълумот берилади:
«Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга Фотиҳани форс тилида ёзиб беришни сўраб мактуб ёздилар. Бас, у киши «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» – «Ба номе.» деб ёзди ва Набий алайҳиссаломга кўрсатганларидан кейин уларга юборди».
Демак, араб тилини билмайдиган мусулмонлар учун ҳам, улар у тилни ўрганиб олгунларича, Қуръони Карим маъноларини зарурат юзасидан таржима қилиб берилса, жоиз экан.
Учинчи далил:
Қадимда Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга оммавий равишда рухсат берилмаган бўлса ҳам, кези келиб, зарурат туғилганда, бу иш амалга оширилган.
Мазкур таржималарнинг кўпчилиги бизнинг давримизгача етиб келмаган. Бизгача етиб келган Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳақида устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳ қуйидагиларни ёзадилар:
«Подшоҳ Мансур Ибн Нуҳ Сомоний ҳижрий 345 санада туркистонлик катта уламолардан бир жамоасига Қуръони Каримнинг ҳаммасини форс, шарқий ва ғарбий турк тилларига маъно таржима қилишга амр этди. Табарий тафсирининг хулосасини ўша таржимага зиёда қилишга ҳам фармон берди. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу таржималар бизгача етиб келди ва улар Теҳрон ҳамда Истанбулда чоп этилди».
Кўриниб турибдики, мусулмонлар ўз мустақилликларига, тараққиётларига соҳиб бўлган вақтларида ўз Муқаддас Китобларига ҳам яхши хизмат қилишган. Аммо ҳар жиҳатдан заифлашиб, тушкунликка юз бурганларида ҳамма нарсани, жумладан, Қуръони Карим маънолари таржималарини ҳам бошқаларга топшириб қўйишган.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳозирда бу ишга алоҳида эътибор берилиб, ушбу ҳассос соҳада ҳам бир қанча яхши ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишда асосан араб бўлмаган мусулмонлар хизмат қилмоқдалар десак, муболаға қилмаган бўламиз, чунки айнан ўша кишилар ўз халқларига Қуръони Карим маъноларини таржима қилиб беришмоқда.
Албатта, бу ерда ҳам ўзига хос нозик муаммолар бор. Одатда, араб миллатига хос бўлмаган мусулмон халқлар ичида араб тилини, исломий илмларни яхши ўзлаштирганлар таржима қилишга ва ўз тилларида юқори савияда асар битишга вақтлари қолмаган бўлади. Аксинча, адиб ва таржимонликни яхши эгаллаган шахсларда араб тили ва исломий илмларни керагича ўзлаштиришга вақт топилмайди. Шундай бўлса ҳам, Қуръони Карим маънолари таржимаси бўйича сезиларли силжишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда Қуръони Карим маънолари деярли барча тилларга таржима қилиниб бўлган. Баъзи тилларда эса бир нечта таржималар мавжуд. Устоз Муҳаммад Ҳамидуллоҳнинг таъкидлашларича, урду тилида Қуръони Карим маъноларининг уч юздан ортиқ таржимаси, форс ва турк тилларида эса юздан ортиқ таржимаси бор.
Лекин гап таржималарнинг сонида эмас, сифатида эканини унутмаслигимиз лозим. Бу соҳада ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда. Бир қанча ташкилотлар, мутахассислар ҳамкорликда иш олиб боришмоқда. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини Ўз Китоби йўлидаги холис ва фойдали хизматлардан айласин.
Бу соҳадаги баҳс ва уринишлар натижасида асосий эътимод тафсирга бўлиши керак, аммо маълум мақсадларда Қуръони Карим маънолари таржимаси ҳам керак бўлиб қолади, деган фикрга келинган. Ана ўша мақсадлардан баъзиларини зикр қиламиз:
1. Мусулмон киши доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб туриши керак. Тиловатнинг муҳим шартларидан бири – оятларнинг маъносини тадаббур қилмоқдир. Арабларда ҳам ушбу маънода кишиларга ёрдам бўлиши учун Қуръони Карим матни четига тушунилиши осонлаштирилган қисқа тафсирлар чоп қилиш одат бўлган. Тиловат қилиб кетаётган шахс ҳожати тушганда дарҳол ҳошияга – мусҳаф четига қараб, маънони англаб олаверади. Бу борада араб бўлмаган мусулмонлар қийинчиликка учрашади. Ҳатто баъзи қорилар ҳам ўзлари ўқиётган оятлар маъносини тушунишмайди. Уларга Қуръони Карим маъноларининг таржимасини тақдим этиш ушбу муаммони ҳал қилишда алоҳида ўрин тутади.
2. Баъзи вақтларда ояти карималарни далил сифатида иқтибос келтиришга тўғри келади. Ана шу пайтда албатта, катта ҳажмдаги тафсирдан кўра, рақамланган ва арабча асл матн ёнига қўйилган маънолар таржимаси қўл келиши аниқ.
3. Қуръони Карим маънолари таржимаси асл матннинг мингдан бир ҳаловатини ҳам бера олмаслигини яна бир бор таъкидлаш билан бирга, ояти карималар маъноларининг бевосита, ўртага турли гап-сўзлар қўшмай қилинган таржимасининг ҳам ўзига яраша ҳаловати бор эканини ҳам англашимиз мумкин.
Ҳаммамиз динимизнинг асл манбаи бўлган Қуръони Каримга оид бу маълумотларни ўзимизга яхшилаб сингдириб олишимиз шарт. Валлоҳу аълам