Озишнинг зарари

17:16 / 11.04.2019 | iffatnuri | 1047
Ассалому алайкум! Мен парҳез қоидаларига мувофиқ, озиш учун ҳаракат қилдим. Бир ярим ойда 10 килограмм оздим. Лекин унинг асоратлари оёқ ва қўл мускулларимда оғриқни пайдо қилди. Бу ҳолат хавфли эмасми? Мен бу оғриқларни бартараф этиш учун қандай муолажа қилишим керак?
Бир мақолани ўқиб қўрқдим: қачонки инсон зарурий калорияни қабул қилмаса, унинг организмида йо-йо таъсири юзага келади. Бу очлик парҳези пайтида озиш ёғ эмас, кўпинча лимфоид тўқималари ва мускул пайлари йўқотилиши ҳисобига юз беришини англатади. Очлик пайтида озиш юз бериши аниқ, бироқ бу йўқотиш тез орада катта зарар ва вазн ҳисобига яна қайтади. Қолаверса, очлик парҳези доимо овқат ҳазмининг бузилиши билан тугайди. Оч қолишнинг энг қайғули натижаси мускулларни йўқотишдир. Овқат ҳазми бузилган инсон тез орада ўз вазнини ошиғи билан қайтариб олади. Бу парҳезгача бўлган вақтингиздан ҳам вазнингизнинг ошишини билдиради. Мана шу йо-йо таъсири деб номланади. Биз очлик натижасида озсак, кўпроқ мускул йўқотиб, кўпроқ ёғга эга бўламиз. Йо-йо таъсири нима? Маслаҳат беринг
Шифокор:
.Ассалому алайкум. Озиш учун парҳез сақлаш шарт деган тушунча кўпчилик онгидаги нотўғри тушунча. Озиш учун нималарга эътибор бериш керак ўзи? Озиш учун организмга кириб келаётган озуқа энергиясини организм эҳтиёжига заруридан ортиқчасини мутаносиб равишда сарфлаш керак. Айтайлик , сизга кундалик ҳаёт тарзингиз учун 3000 килокалория энергия зарур. Сиз эса уч маҳал овқатланасиз (ҳар овқатланганингизда 2000 кклр × 3 = 6000кклр) ва ҳар овқатланганингиздан сўнг кам ҳаракатланасиз ёки умуман ҳаракатланмай, дам оласиз. Бу эса озуқадан олинган энергиянинг сарфланмай, ортиб қолишига (бизнинг мисолимизда 6000-3000=3000кклр!) олиб келади. Ана шу ортиқча ккалориялар ёғ тўпланишига олиб келади. Демак, озиш учун парҳез сақлаш эмас, аксинча соғлом турмуш тарзига риоя қилиш керак. Рационал овқатланиш керак. Ҳозирда кўп жойларда ташкил қилинаётган "Валеологик кабинетлар" ёки "Саломатлик марказлари"да фаолият кўрсатаётган валеолог шифокорлар айнан қачон ва қандай овқатланиш кераклигини ва қанча муддатда озиш маъқуллигини маслаҳат беришади. Бунинг учун улар махсус курсларда таълим олади. Маслаҳатим, валеолог кўригига бориб, текширувлардан ўтинг ва тавсияларига риоя қилинг. Эътиборингизни "Валеология асослари" китобига қаратишингизни хоҳлардим. Бу китобда керакли маълумотлар талайгина