Ассалому алайкум! Биз аёллар Рамазонда ҳар кеча таровеҳ намозини ўқиймизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳа. Валлоҳу аълам.
[center:1h7w13cl]ТАРОВЕҲ НАМОЗИ[/center:1h7w13cl]
Таровеҳ – «ором олдириш, дам бериш» маъноларидаги «тарвеҳа» сўзининг кўплик шаклидир. Рамазон ойида хуфтон намозидан сўнг ва витр намози олдидан ўқиладиган намозга «таровеҳ» дейилади. Унинг ҳар тўрт ракатидан сўнг дам олингани учун шундай ном берилган. Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, суннати муаккададир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан савоб умид қилиб рамазон намозини (таровеҳни) ўқиса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш эса маҳалла кишилари учун суннати кифоя ҳисобланади. Яъни баъзилар жамоат бўлиб таровеҳни ўқишса, қолганлардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Аммо бир маҳаллада ҳеч ким жамоат бўлмаса, шу маҳалладаги ҳамма одам суннатни тарк қилган ҳисобланади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар: «Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни ҳидоят, тўғри йўлдан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бўлган Абу Юсуф устозидан: «Нима учун Умар розияллоҳу анҳу бу ишни қилган?» деб сўради. Абу Ҳанифа: «Таровеҳ – суннати муаккадалардандир. Умар розияллоҳу анҳу бу ишни ўзидан ўйлаб чиқиб жорий қилгани йўқ. У ҳаргиз бидъатчилардан бўлмаган. У мусулмонларни нимага буюрган бўлса, ўзи билган диндаги асл нарсага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бор бўлган амалга буюрган», деб жавоб бердилар.
Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракат ҳисобланади. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, то бомдод вақти киргунча давом этади. Витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракатдан ўқилади, ҳар тўрт ракат ўқилгач, бир оз истироҳат учун ўтириш маъқулдир. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Таровеҳ (истироҳат) намози, деб номланишининг ҳам асл сабаби шудир. Чунки таровеҳ роҳатланиш маъносидадир. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди.
Бизнинг диёрларда ушбу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:
سُبْحانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكوُتِ، سُبْحانَ ذِي الْعْزَّةِ وَالعَظَمَةِ وَالْقُدْرَةِ وَالْكِبْرِياءِ وَالْجَبَرُوتِ، سُبْحانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لَا يَمُوتُ، سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَّبُّنا وَرَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ، لَا إلَهَ إِلَّا اللهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ، نَسْئَلُكَ الْجَنَّةَ وَنَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ.
«Субҳаана зил мулки вал малакуути, субҳаана зил ъиззати ва ъазомати вал қудроти вал кибрийааи вал жабаруути, субҳаанал маликил ҳаййил лазий лаа ямууту, суббууҳун қуддуусур Роббунаа ва Роббул малаикати вар рууҳи, лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ, нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».
Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм қилиб чиқиш ҳам рамазон ойининг суннат амалларидандир. Афзали имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Борди-ю таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малоллангудай бўлса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Фотиҳадан кейинги зам сурани узун оятдан бир оят, қисқа оятдан уч оят миқдоридан кам ўқиб қўйиш ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади. Чунки бунда вожибни тарк қилиш бор. Таровеҳнинг ҳар икки ракати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва «Аъузу.», «Бисмиллаҳ.»лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча салавот ва дуоларни ҳам қўшади ва ҳоказо.
Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўлатуриб ўтириб ўқиш ҳам дурустдир. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўлатуриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади. Таровеҳ намозининг масжидда адо қилиниши маъқулдир. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир. Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди. Чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хослангандир. Мабодо, бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди.
Таровеҳ намози рўзанинг суннатларидан эмас, балки рамазон ойидаги суннатлардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.
(“Мўъминнинг мерожи”) китоби