Ҳайз вақтида жиззакилик

05:15 / 24.09.2022 | Farizod FarizodBegalieva | 784

Ассалому алайкум! жиззакилик Мен ҳайз кўришдан олдин ўзимда ҳаддан ортиқ асабийлик ва жиззакиликни сезаман. Бу ҳолат ҳайз кўришнинг 2-3 кунларида ортда қолади. Бундай вақтда нима қилсам камроқ асабийлашаман?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Сизда ҳайз олди синдроми белгилари куриняпти . Ҳайз олди синдроми – руҳий-ҳиссий, вегетатив, эндокрин ва соматик бузилишлардан иборат синдром бўлиб, ҳайз келишидан бир ҳафта олдин бошланади ва ҳайз бошланган куни ўтиб кетади. Бу синдром турли ёшдаги аёлларда учрайди: 19-29 ёшларда – 20 %, 30-40 ёшларда – 40-45 %, 41-50 ёшларда – 50-55%.
Этиологияси. Ҳайз олди синдроми доимий психоэмоционал зўриқиш ҳолатида яшайдиганлар, депрессияга мойил аёллар, мигрен касаллиги, алкоголизм ва гиёҳвандликка ружу қўйганларда кўп учрайди. Шунингдек, нейроэндокрин фаолиятнинг бузилишини юзага келтирувчи бошқа патологик ҳолатлар ҳам ҳайз олди синдроми ривожланишига туртки бўлади.
Клиник симптомларнинг қай бири устунлик қилишига қараб ҳайз олди синдромининг қуйидаги турлари фарқланади:
Психоневротик
Цефалгик
Кризли
Шишлар билан кечувчи
Атипик
Психоневротик тури ўта кучли жаҳлдорлик, йиғлоқилик, ташқи таъсиротларга (товуш, ёруғлиқ, ҳидлар) кучли сезгирлик, агрессив ҳаракатлар, бош оғриғи, кайфиятнинг тушиб кетиш, хавотир, масталгия, паришонхотирлик, уйқу бузилишлари билан намоён бўлади. Баъзида фақат кучли апатия ва депрессия кузатилади.
Апатия ҳолатларида ва АҚБ тушиб кетса кофеин-бензоат натрий 2 мл дан м/и га қилинади ёки таркибида женшен сақловчи дорилар ичишга буюрилади. Бу синдромда Е витамини ҳам тавсия этилади.   Физиотерапевтик муолажалардан елка соҳасига калций хлорид ва натрий бромид электрофорези қилинади, елка соҳаси уқаланади, игна билан даволаш қўлланилади.
 Бу синдром енгил кечиши учун беморга соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилади. Ёғли ва тузли овқатлар ҳамда каҳва ва аччиқ чойлардан чекланиш тавсия этилади. Дорилар билан даволаш психотерапия усуллари билан биргаликда олиб борилса, самараси юқори бўлади. Спорт ва жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган аёлларда ҳайз олди синдроми жуда енгил кечади ёки умуман кузатилмайди
 Сизнинг ҳолатингизда ҳайз бошланмасидан аввал Персен ёки Седавит препаратларидан бирини 1 таблеткадан 3 маҳал 14 кунгача ичишни ҳам маслаҳат берардим. Валлоҳу аълам!