Йўлдош инфаркти бу касаллик эмас, балки асоратдир

09:05 / 08.05.2019 | hamidova | 823
Ассалому алайкум! Мен 28 хафталик ҳомиламни юраги тўхтаб қолганини билдим. Шифохонада уни таблетка бериб туғдириб олишди. Аллоҳга шукр, ҳаммаси яҳши ўтди. Ўзимни соғлиғим яҳши. Даволаш курсини тугатиб яна ҳомиладор бўлишни Аллоҳдан умид қилиб турибман. Аниқланишича, йўлдош инфаркти бўлган. Кейинги сафар ҳам шундай бўлади деган қўрқув кучли. Яна шундай ҳол қайтарилиши эҳтимоли қанчалик кучли?
Шифокор:
Ва алайкум ассалом! Йўлдош инфаркти бу касаллик эмас, балки асоратдир. Яъни уни олдини олишни иложи бор. Менимча, сизда қон ивиш системасида патология бўлган ёки биронта бошқа соматик касалликлар бўлган. Балки токсикоз кучли кечган бўлиши мумкин. Сурункали пиелонефрит, гломерулонефрит, қон босимининг юқори юриши, қизамиқ, сувчечак, герпес, токсоплазма, цитомегаловирус, қон томирлар варикози, тромбофлебитлар, васкулит, ўткир ангина, АФ синдроми ‒ мана шулар йўлдош инфарктига замин яратувчи касалликлар ҳисобланади. Ҳомиладорликда барвақт рўйхатга туриш, қайд этилган касалликлар бўлганида аввалдан даволаниб, ҳомиладор бўлишга ҳаракат қилиш, ҳомила14-16 ҳафтасида ҳомила скрининг, допплерини ўтказиш бундай нохушликларни олдини олади.
Умуман олганда, 20-25 фоиз ҳомиладорларда у ёки бу даражада бачадон-йўлдош қон айланишининг бузилишлари бўлиб туради. Аммо ҳамма ҳолатда ҳам бу фетопланцентар етишмовчиликка олиб келавермайди. Барвақт ташхис қўйиб, даволаниш асоратларни олдини олади. Ҳомиладор бўлгунга қадар шифокор кўригидан ўтинг, даволанинг. Иншааллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади