Шубҳали нарсаларни ташлаш керакми?

12:55 / 28.03.2017 | Савол | 1338
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум, Одина опа! Биз ғарб давлатларидан бирида яшаймиз ва бу ерда луқмамизга эътибор берсак, кўп шубҳали нарсаларни учратамиз. Шубҳали бўлган, яъни ҳалоллигини текширганимизда 50% 50 бўлган маҳсулотларни ҳам билмай олиб қўйган ҳолатларимиз ҳам бўлиб қолди. Шунда мен яқин танишимга: «Шубҳали нарса экан, ташлаб юборайми?» дедим , у киши эса «Йўқ, ҳаромлиги аниқмаску! Исроф эса ҳаром» деб жавоб қилдилар. Мен эса шубҳали бўлгани учун ташлаб юборишни афзал кўрардим. Бундай ҳолатда қандай йўл тутайлик? Албатта билганимизча текшириб олишга ҳаракат қилаяпмиз
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят ‎қилинади:‎
‎«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: ‎
‎«Ҳалол очиқ-ойдиндир. Ҳаром ‎очиқ-ойдиндир. Ва иккиси орасида шубҳали ‎нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг ‎кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, ‎дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким ‎шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди ‎қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. ‎Ундан ўтлаб қўйиши осон. ‎
Огоҳ бўлингки, ҳар бир подшоҳнинг ўз ‎қўриқхонаси бордир. ‎
Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг қўриқхонаси ‎Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. ‎
Огоҳ бўлингки, жасадда бир парча гўшт ‎бордир. Агар у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ ‎бўлур. Агар у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ ‎бўлур. ‎
Огоҳ бўлингки, ўша нарса қалбдир».‎
Шубҳали нарсаларга яқинлашиш ҳаромга ‎тушишга сабаб бўлади. Шунинг учун шубҳали нарсани тарк этиш исроф ҳисобланмайди.‎ Валлоҳу аълам