Ассалому алайкум! Инсон онгини позитив тарафга узгартириш учун аффирмациялар бор, колаверса орзулар дафтарини тутиш лозимлиги хакида куп эшитганмиз. Саволим, бу амаллар исломда жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Позитив дунёқарашга эга одам гумонини тўғри қилади. Гумонини чиройли қилиш эса ҳар бир мусулмон учун чиройли одоб. Қуръони каримда оятларда Аллоҳ бандаларига “гумонингдаман” деб хитоб қилган. “Амаллар ниятга боғлиқдир” маъносида ҳадис бор. Шайх ҳазратлари Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб “Амаллар ниятга боғлиқдир” номли китобларини ўқисак бу мавзу жуда кенг ва чуқур ёритилганини тушуниб олишимиз мумкин. Шундай экан одам ўзининг гумонини чиройли қилиши учун аффирмацияларни айтиши ёки бу ниятларини бирон жойга ёзиб қўйгани яхши албатта. Аммо бу ишлар одамни ибодатдан чалғитмаслиги, одамнинг вақтини исроф қилмайдиган даражада жуда оз миқдорда бўлиши керак. Ҳудди кундалик режаларини ёзиб қўйгани каби. Бу ишни қилар экан одам баъзи нотўғри фикр қиладиган одамлар каби ширк амал даражасигача чиқазиб “шуни ёзиб қўйсам фалон фалон ишим рўёбга чиқади” деб фикр қилиб гуноҳкор бўлиш керак эмас астағфируллоҳ. Бундан ташқари шуни айтиш жоизки одам барча амалларини исломга боғлайвериши шарт эмас. Масалан кунини режалаштириб бирон дафтар тутиб ёзиб қўйишга исломда ижозат берилганми деб фатво излаши одам ўз ақл-идрокини ишлатишидан қўрқишидир ёки шаръий илмлари етарлик даражада эмаслигидандир. Валлоҳу аълам!