Ассалому алайкум! Аллоҳ хизматларингиздан рози бўлсин. Оила бошлиғини рисоладагидек қандай тарбияласа бўлади, унинг аёли сифатида? Турмушга чиққанимга 2 йил бўляптики деярли барча ҳаражатларимни қайнота-қайнонам қоплайдилар. Кўп ҳолларда ўзимни тийиб яшайман, уларга оғирлигим тушмасин деб. Қайнонам баъзида миннат билан гапирадилар... Яқинда бошқаларни ризқини еб ичиб ўтирибсизлар, ҳаром ҳисобланади дедилар. Жудаям сиқилиб кетаман шунақа пайтларда. Эрим ҳам оз болса-да топади, топганини ўзига сарфлайди кўпинча. Жуда енгил яшайди: уйдаги овқат ёқмаса кўчадан овқатланиб келади, сигаретасига ва бошқа ман билмайдиган ҳаражатларига сарфлайди, телефонида жуда кўп бўш вақтини ёу тобе ва бошқа тармоқлардан бекорчи бефойда видеоларга сарфлайди. Рўзғордаги камчиликлар билан иши ҳам йўқ. Мақтаб кўрдим, эплайсиз ҳаммасини , ўзингиз яхшисиз деб, керак нарсаларни тез-тез эслатиб кўрдим, тушунтирдим эркак киши шуғулланиши керак эканлигини, сингдиришга ҳаракат қилдим (иссиқ сув тўловида муаммо, кир ёядиган кераклиги, чанг ютгич кераклиги, коридорга катта ойна қўйиш кераклиги, келин ётоқхонасига ҳамма истаган вақтида ойна учун кириб чиқмаслиги учун ва ҳк). Лекин олдинга силжиш йўқ... Қайнотам ҳам худди шундай, ҳеч нарса парвосига келмайди, бутун умр қайнонам ҳал қилган жуда коп нарсаларни, лекин мани оиламда унақа бўлишини хоҳламайман. Хоп қиламан, ҳаракат қиламан дейдиларда, гаплари умуман бажараётган амалларига тўғри келмайди. Очиқ ойдин кўз олдимда ёлғон гапирадилар қайнота-қайнонамга. Шунинг учунам манга гапирадиган гаплари ҳам, тушунтирганлари ҳам ёлғонлигини сезаман. Фикрлари жуда тарқоқ, режалар қилиб, шуларга етиш учун ҳаракатлар қилмайди, ҳаёлига келганидек яшайди. Эримнинг бунақа масъулиятсизлигидан алоҳида чиқиб яшашдан ҳам умидимни узганман. Ман сизга маъқул келмаган бўлсам, кўнглингиздагидек аёлга уйланинг розиман, муаммо чиқармайман деб ҳам кўрдим, балки шунда серғайрат болиб қолар, бошқани хоҳласа эришиш учун деб ўйлаб, чунки мандан кўп қониқмайди, ош-овқатларимдан ҳам, тўшакда ҳам, рўзғорда ҳам (Яхши-яхши еб ичишни хоҳлайди, харажат олиб келмайди, кўзини ўйнатиб юришимни хоҳлайди, харажатларимни қопламайди) Муомаласи, гапираётган гапларидан адекват, барча нарсани англаган, тушуниб етган, яхши одамдек тутади ўзини. Лекин амалларидан умуман бошқа одамни кўраман. Қўрқиб кетаман бу одам билан бутун умр қандай бир оила бўлиб яшашни ўйласам. Ақлим етмаяпти, тўғри йўл кўрсатинг, илтимос.
– Ва алайкум ассалом! Назаримда саволингиз аввалида айтганингиздек сиз кўпрок турмуш ўртоғингизни тарбиялашга урғу беряпсиз.Бу иш эркакнинг аёлига тегишли эмас, шундоқ ҳам сизга уйланганигача онаси тарбиялаган. Демоқчиманки, сиз бу вазифани бажаришга уринманг бунда на сизга, на эрингизга манфаат бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир”, ушбу ҳадис кишининг ботинидаги фикрлари зоҳирида ҳам акс этишига далилдир.Сизнинг фикрларингиз эрингизни тарбиялаш, эҳтиёжлар учун рўзғор қилиш кабиларга қаратилган, ниятингиз ҳам шунга йўналтирилмоқда. Билингки, эркак ва аёл бежизга жуфт қилиб оила бўлишга буюрилмади, ҳар иккисининг ҳам бир-биридан оладиган эҳтиёжлари, манфаатлари мавжуд. Эркак оилапарвар бўлиши учун, раҳбарлик қилиши учун шунга мувофиқ эҳтиром даркор, эр киши шу эҳтиромдан роҳатлангач, оилада бош эканлигини ҳис этади, масъулиятини англай бошлайди.Ўзингизга ҳам савол бериб кўринг мен эрим истаганимдек эр бўлиши учун қайси жиҳатларим билан жавоб қайтара оламан? Шариатда ҳам ҳар бир инсон ўзига муносибига жуфт қилиб яратилади деган фикр мавжуд. Турмуш ўртоғингизни сизга нисбатан ҳам эътирозлари бор экан, ислоҳ доимо ўзимиздан бўлса, исталган натижага эришилади, эрингизни камчиликларини тузатишга шошмай туринг, аввало сизга нисбатан айтган эътирозлари устида ишлаб кўринг, ҳар қандай муаммо ўз ечими билан келади, шу сабаб оила,эркак ва аёл психологияси, эрга эҳтиром кўрсатиш борасида илм олсангиз Иншааллоҳ муносабатларингизни мустаҳкамлаб, сиз ният қилгандек оилавий ҳаётга эришасиз. Валлоҳу аълам.