Ассалому алайкум! Яқинда бир дугонамнинг никоҳига гувоҳ бўлдим. Никоҳ, менинг назаримда, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Никоҳ” ҳақидаги маърузаларида келтирилган тартибда бўлмади. Келин-куёв розилиги, гувоҳлар гувоҳликка розилиги сўралди. Мулла Қуръон оятларидан ўқиди. Сўнг қўллар дуога очилди. Юзга фотиҳа тортилгандан кейин имом ёш келин-куёвга насиҳат қилди. Шу билан никоҳ маросими тугади. Ҳеч қандай Қуръон сураларини қайтартирмади. Ҳеч қанақа маҳр ҳақида гап бўлмади. Ушбу никоҳ саҳиҳми? Никоҳ ўқиш тартибу қоидалари ҳақида тушунтириб ўтсангиз
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Никоҳдаги асосий икки рукн – келин-куёвнинг розиликлари ва икки гувоҳнинг ҳозир бўлиши. Шу билан никоҳ дуруст бўлаверади. Албатта, никоҳ ўқувчи имом домла бошчилигида. Никоҳ хутбасини ҳар ким ҳар хил адо қилади. Мавзу никоҳ ҳақида бўлса – бўлди. Валлоҳу аълам.
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади. Уларнинг лафзи «Завважту» – «Ўзимни сенга никоҳладим» ва «Тазавважту» – «Никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «Заввижнии» – «Мени никоҳла», деганда «Никоҳладим», дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади. Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам, барибир. (Форс тилидаги) «дол»дан кейин мимсиз «дод» ва «Фазируфт» ва «Фазируфти» (яъни топширди, қабул қилди), дейиш билан никоҳ боғланади. Бу «Сотдим» – «Олдим» каби. Гувоҳлар олдида «Биз эр-хотинмиз», дейишлари билан никоҳ боғланмайди. Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади. Икковлари бир-бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб, биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир