Маййитга жаноза ўқиш

13:09 / 28.03.2017 | Савол | 1354
Ассалому алайкум! Ассалому алайкум Одинахон опа! СССР пайтида Хоразмда уйланиш учун қалинга катта пул талаб қилинарди. Шунинг учун кўпчилик СССРнинг бошқа республикаларида армияда хизмат қилиб ўша ердан уйланиб келишарди. Айримлари ғайридинларга уйланган. СССР пайти динга қаттиқ бўлгани учун кўпчилик бунга эътибор қилмаган. Энди шу аёллардан умр давомида тавҳид келтирмай яшаб ўтганлари ҳам бор. Лекин қайнота ва қайнонасига, эрларига мусулмонча маъракалар бергани, маҳаллада тўй-маъракаларда қатнашгани, давлат томонидан мусулмон эри билан ЗАГСдан ўтгани, мусулмонлар билан маҳаллада ўсгани сабабли тавҳид(яъни ла илаҳа иллаллоҳ)ни айтмаса ҳам, болаларининг талаби ва амали билан унга, яъни майитга жаноза намози ўқиса бўладими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу эътиқодга тааллуқли бўлгани учун жуда нозик масаладир. Ушбу ҳолатда ўтган кишининг ҳаётига диққат билан назар солиш керак. Чунки агар у ғайридин бўлса, унга адашиб мусулмоннинг муомаласини қилиб қўйиш эҳтимоли, агар мусулмон бўлган бўлса, ўз ҳаққи бўлган жанозадан маҳрум қилиб қўйиш эҳтимоли бор. Шунинг учун унинг ҳаёт тарзига қараш керак. Тавҳид калимасини айтган-айтмаганлиги аниқ бўлмаса, эътиқодга тегишли нима қилган, чўқинганми ё мусулмонларнинг эътиқодга тааллуқли ишларини қилганми? Ана шунда масала ойдинлашади ва шунга қараб иш тутилади. Аммо талаб қилинганда тавҳид калимасини айтмаган бўлса, мусулмон ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам