Оғир характер

07:45 / 02.01.2023 | Раъно | 277

Ассалому алайкум ! Ёшим 21 да. Ёшлигимдан жуда вазмин, камгапман, киришимли эмасман. Турмуш қурганимизга 2 йил бўлди, аммо ҳали фарзандимиз йўқ. Турмуш ўртоғим ҳам худди ўзимга ўхшайдилар. Лекин янги оиламдагилар мендан норози бўляптилар. Бизга қўшилмайсиз, кам гапирасиз, очилиб ўтирмайсиз, бизни беҳурмат қиляпсиз, ўта камтарлик манманликка киради, сиз ўзгаринг деяптилар. Суҳбатлари кўпроқ ғийбатга айланиб кетади, менга эса бу ёқмайди. Хушчақчақ, киришимли, доимо табассум қилиб юрадиган инсонларга ҳавас қиламан. Дуоларимда ҳам Аллоҳдан гўзал хулқ сўрайман. Хўжайиним пойтахтда ишлайдилар, ойда 1 ҳафта уйда бўладилар. Шунинг учун кўпинча соғиниб кайфиятсиз юраман. Намозларим, дуоларим билан овуниб юраман, диний китоблар ўқийман. Уйдагиларга ҳижобга кирмоқчилигимни айтсам кескин қаршилик қилмоқдалар. Нимага тўйдан олдин хижобда эмасдиз, бизга хижобли келиннинг кераги йўқ дейдилар, хўжайиним ҳам қаршилар. Илтимос менга маслаҳат беринглар, тез-тез тушкунликка тушиб қоляпман. Ўзимни ўзгартира олмаяпман

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Оила аъзоларингизга ҳеч бўлмаса табассум ила боқинг. Гапирган одамга табассум билан унинг гапини маъқуллагандек бошни “ҳа” деб қимирлатамизку ана шундай қилиб бошингизни қимирлатиб туринг. Бу қаршингизда турган ва сизга гапираётган одамга ёқади ва унда сиз ҳақингизда негатив ҳаёл туғдирмайди. Сизнинг вазминлигингизнинг сабаби темпераментингизда. Яъни сизнинг темпераментингиз (мизожингиз) шундай. Бу туғма ҳолатдир. Аммо буни юқоридаги каби тактикалар қўллаш орқали юмшатиш мумкин. Онда сонда қайнонангизга ва оила аъзоларингизга комплимент (мақтов) улашиб туринг. Шунда улар сизни тинч қўйишади. Одам уни мақтаган одамга қарши иш қила олмайди. Дуоларга ибодатларга маҳкам бўлиб туринг. Албатта фарз амаллар сўзсиз бажарилиши зарурдир. Аммо уйингизда жанжал чиқмаслиги учун авратларингизни ёпадиган даражадаги кийимларни кийиб юринг. Масалан енги узунроқ, кўйлак ёки юбкангизнинг тўпиғигача тушадиганини кўпроқ кийиб юринг. Бошингизга рўмол ёки шарфларни модага асосланган қилиб кўрсатиб ҳар хил фасонлар қилиб ўраб олинг. Рўмолингизнинг бир четини бўйин атрофидан ўтказиб олинг. Бундай юришингиз уларга хижоб ўрагандек туюлмайди. Оила аҳлингизнинг ҳаққига кўп дуоларда бўлиб туринг. Валлоҳу аълам.