– Ва алайкум ассалом! Бу оддий фоизли кредит шартномаси, 0% ли эмас, фақатгина фоизларни бошқа муассаса тўлаб беради.
Бундай шартномага киришишнинг ўзи жоиз эмас. Бу шариатга тўғри келмайди.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”, - деганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир» китобида исломнинг мадори бўлган ушбу ҳадис шарҳланади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап”.
Китобда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бир қанча фиқҳий қоидаларни келтирадилар. Жумладан,
Биринчи қоида: Аслида ҳамма нарса мубоҳ-ҳалолдир.
Иккинчи қоида: Ҳалол ва ҳаромни Аллоҳ таоло белгилайди.
Учинчи қоида: Пок нарсалар ҳалолдир, нопок нарсалар ҳаромдир.
Тўртинчи қоида: Банданинг ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол дейиши ширкдир.
Бешинчи қоида: Ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир.
Олтинчи қоида: Ҳалол ҳаромдан беҳожат қилур.
Еттинчи қоида: Ҳийла билан ҳаромга эришиш ҳаромдир.
Саккизинчи қоида: Яхши ният ҳаромни оқлай олмайди.
Тўққизинчи қоида: Ҳаромга қўл уришдан қўрқиб, шубҳали нарсалардан сақланиш.
Ўнинчи қоида: Ҳаром ҳаммага бирдек ҳаромдир.
Ўн биринчи қоида: Заруратлар ман этилганларни мубоҳ қилур.
Ўн иккинчи қоида: Агар ҳалол билан ҳаром жам бўлса, ҳаром ғолиб бўлади.
Валлоҳу аълам.
Музаффар Ҳусниддинов, Ислом молияси тадқиқотчиси. Валлоҳу аълам!