Ассалому алайкум! Мусулмон булмаган ва кейнчаликхам исломни кабул килишни истамайдиган аёлга уйланиш мумкинми олдиндан рахмат
– Ва алайкум ассалом!
Моида 5. Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Иффатлари сақланган мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатлари сақланган аёллар ҳам, агар иффатингизни сақлаган, зинога бормаган ва ўйнаш тутмаган ҳолингизда маҳрларини берсангиз, (сизга ҳалолдир). Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.
Бу ояти кариманинг аввалида:
«Бугунги кунда сизларга барча пок нарсалар ҳалол қилинди», – деб юқорида зикр қилиб ўтилган олиймақом маъно яна бир бор таъкидланмоқда. Кейин эса ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмоқда:
«Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир».
Ислом мусулмонларнинг номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашларига рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики, мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган. Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум. Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди. Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлиши ҳақида кетмоқда.
Баъзи кишилар «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир», дейиш нима учун керак бўлди экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку, дейишлари мумкин. Уламоларимиз бунга жавобан «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган, сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади, деганидир», – дейдилар.
Бошқа дин вакилларига нисбатан Исломдаги бағрикенглик ушбу ҳукм билан чегараланиб қолмайди, балки яна ҳам чуқурроқ, яна ҳам нозикроқ масалада – никоҳ масаласида ҳам кўринади:
«Иффатлари сақланган мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган иффатлари сақланган аёллар ҳам, агар иффатингизни сақлаган, зинога бормаган ва ўйнаш тутмаган ҳолингизда маҳрларини берсангиз, (сизга ҳалолдир)».
Мусулмон эркак кишига иффати сақланган муслимага, иффатли бўлиб, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай, маҳрини бериб уйланиши шарт бўлганидек, аҳли китобдан бўлган иффати сақланган, покиза аёлларга уйланишида ҳам мазкур нарсалар шарт қилинди.
Аввал айтиб ўтганимиздек, бир жамиятда яшаётган икки диндаги шахс ўртасида уйланиш масаласи ҳам кўтарилиши мумкин. Шунинг эътиборидан Исломда мусулмон эркакнинг аҳли китоб аёлга уйланишига рухсат берилган. Бундай никоҳда хотин ўз истагига биноан, динини ушлаб қолиши мумкин. У ўз динининг кўрсатмаларига амал қилаверади. Ислом дини унинг ҳамма ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Бундай бағрикенглик жамики инсониятнинг бахтига кафолат берувчи мукаммал дин бўлмиш Исломга хос, холос. Бу ҳукмнинг нақадар инсонпарвар эканини англаб етиш учун бошқа динларга бир назар солишнинг ўзи кифоя.
Масалан, насороларнинг динида католик мазҳабидаги эркак ҳатто православ мазҳабидаги аёлга уйлана олмайди. Шунингдек, протестант ёки моруний мазҳабидаги аёлга ҳам уйланолмайди.
Ушбу ўта аҳамиятли ҳукмларнинг сўнгида шиддатли таҳдид келяпти:
«Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади ва у охиратда зиён кўрувчилардандир».
Мазкур ҳукмларга оғишмай амал қилиш иймондандир, бошқача қилиб айтганда, иймон белгисидир. Кимки ушбу ҳукмлардан юз ўгирса, иймонни инкор қилган, ундан юз ўгирган бўлади. Иймондан юз ўгирган, иймонни инкор қилган одамнинг эса аввал қилган ҳамма амаллари беҳуда кетади. Бу маъно Қуръон матнида «ҳабата» сўзи билан ифодаланган. Бирор ҳайвон заҳарли ўсимлик еб, қорни шишиб ўлса, «Ҳабата кетди», дейилади. Ботил амал ҳам заҳарли ўсимликка ўхшайди, уни қилган кимсага офат келтиради. Энг ёмони – охиратда у зиёнкорлардан бўлади.
Валлоҳу аълам!