Ассалому алайкум. Сиздан ёрдам сўрамоқчиман. Менга шу вақтгача ҳеч нарса ёрдам бермади. Психологик китобларнии ўқидим. Маслаҳатларни эшиттим... Бир қадам олдинга силжимадим. Ҳеч нарсани эплолмайдиган одамман. Доим шунақа деб сифатлашади мени. Ҳатто салом беришни эплолмайман. Менга кулиб қараган одамга кулиб қаролмайман. Гапирсам ҳам, тутилиб тузикроқ гап чиқмайди. Қанийди, фойдали одам бўлсам. Юришниям эплолмайман. На эрни, на болаларни эпладим. Ё бу касалликми? Ўша фикрлаши теран, қадами чапдаст, гапирганда эпига келтириб гапирадиган, ғамхўр, оиласига фойдали аёлларга айлана олмадим. Эрим яқинда устимга уйланди. Сотувчи аёл билан маза қилиб гаплашиб юрибди. Мендан кўнгли қолиб шундай қилганини, минг рад этмасин, биламан. Нима қилай?!! Ҳатто товушим ҳам ёғочларни бир-бирига ишқалаганда чиқадиган товушга ўхшайди. Нега ҳамма эплайдиган нарсалани эплолмайман?
Руҳшунос:
Ваалайкум ассалом. Сиз аслида ундай аёл эмассиз. Шунчаки сиздаги бу ҳолат тушкунлик, холос. Турмуш ўртоғингиз устингизга хотин олганига бу тушкунлик янада ортиб кетган. Аммо шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз, нима учун турмуш ўртоғингиз сизга уйланган? Демак яхши хислатларингиз, яхши томонларингиз кўпки, миллионлаб аёлларнинг ичидан сизни танлаб уйланди. Сиздан фарзанд орттирди. Иккинчи марта хотин олишига келсак, бу ишда ўзингизни айблашингиз керак эмас. Бу − тақдир. Шундай хатни эплаб ёзибсиз-ку, ўз ҳис-туйғуларингизни баён этишни уддалабсиз-ку, демак, бошқа кўпгина ишлар ҳам қўлингиздан келади ва ҳали очилмаган қирраларингиз ва истеъдодларингиз бор. Ўз устингизда ишлашингиз керак. Валлоҳу аълам.