Ажрашганимизни қизимга айтолмаяпман...

07:36 / 19.08.2019 | Gulnora | 998
Ассалому алайкум!Ажрашганимга 6 йил бўлди. Қизим 7 ёшга тўлди. Мактабга чиқади. Отаси байрамларда совғалар билан келиб туради.Саволим, қизимга ажрашганимизни қандай тушунтириб айтишим керак? Қайнонани, отани болага ёмонлаш келажакда оила қуришида болага салбий таъсир қилиши ҳақида ўқиганман. Қизим гиперактив ва тез киришувчан. Отаси ҳам, мен ҳам оила қурмаганмиз. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Руҳшунос:
Ваалайкум ассалом. Болага ҳеч қачон ўз қариндошларини ёмонлаб бўлмайди. Чунки қиз болада отаси билан қандай муаммолар туғилса, шу муаммолар келажакда турмуш ўртоғи билан бўлган муносабатда ўз аксини топиши мумкин. Масалан, бирон қиз отасининг хулқ-атворидан норози дейлик. Айнан ўша сифатларни ўз турмуш ўртоғида топиб қийналиш эҳтимоли бўлиши мумкин. Болада ота-она, бобо-бувиларининг қандай бўлишидан қатъи назар уларга нисбатан ҳурмат уйғотиш, уларнинг камчиликларини оқлаш, уларнинг дуоларини олишга интилишга қизиқиш уйғотиш керак. Ахир шариатимиз ҳам шуни талаб қилмайдими?! Қизингизга ҳозирча отаси кўп ишлагани сабабли бошқа жойда яшашга мажбурлигини тушунтириб тураверинг. Бироз катта бўлгач, ҳақиқатни тушунтираверасиз. Ҳозирча қизингиз тушунадиган ёшда эмас. Аммо ёлғон гапларни қўшиб гапирманг. Шунчаки ҳақиқатни бироз яшириб туринг, холос. Отаси билан, отасининг яқинлари билан бўладиган мулоқотлардан қизингизни тўсманг. Улар билан келишиб олинг: ҳеч ким ҳеч кимни болага ёмонламайди, ҳаммамиз бир-биримизга дўстона муносабатда бўлишимиз керак, деб. Боланинг гиперактивлигининг олдини олиш учун ширинликни камайтириш, кўпроқ спорт тўгараклари билан шуғуллантириш керак. Кун тартибини тузиб, унга қатъий амал қилишни ўргатиш катта ёрдам беради. Валлоҳу аълам.