Тухумдон кистаси

22:34 / 23.08.2019 | Bonu07 | 706

Ассалому алайкум. Менда чап тухумдонда киста бор деди узида кечагина. Аввал умуман бўлмаган менда бундай ҳолат. 6см экан. Ҳайз сиклим бузилган спирал туфайли, шундан бўлиши мумкинми? Ўзи асосан, нимадан келиб чиқади? Ҳайзим келса сўрилиб кетиши мумкин дейишди. Яна пайдо бўлмаслиги учун нималарга эʼтибор бериш керак? Киста бўлса ҳомиладор бўлолмиманми? Ўзимда тушунарсиз ҳолатлар кузатиляпти, ҳудди токсикоздек. Қандай маслаҳатлар бера оласиз. Жавобингизиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.

Шифокор:

Ва алайкум ассалом! Аввало сизга тухумдон кисталари ҳақида маьлумот бериб ўтсам.
Тухумдон кисталари суюқлик билан тўлдирилган тузилмалар, янада содда айтсак пуфаклардир. “Кystis” – грекча сўздан олинган бўлиб, “пуфак” деган маънони билдиради.Улар ҳажми бир неча сантиметрдан 30-40 сантиметргача бўлади, улар суюқлик билан тўлган ва пациентларнинг деярли ҳар бир ёш гуруҳида учрайди. Уларнинг аксарияти ҳеч қандай шикоятларсиз юзага келади ва ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Кўпинча улар текширув пайтида кутилмаган тарзда кўрилади. Деярли ҳар бир аёлнинг тухумдонида киста пайдо бўлиши рўй беради, гарчи улар аслида хавфсиз бўлса ҳам, улар хавфли бўлиш эҳтимоли бўлгани учун кўпчилик аёлларни ваҳимага солиши мумкин.  
Тухумдон кисталарининг аксарияти хавфсиз бўлади!
Репродуктив ёшдаги аёлнинг тухумдонида диаметри 2-10 мм бўлган кўплаб кисталар бўлади (тухумдон кисталари, фолликуляр кисталар) бу кисталардан биттаси ҳар ойда ўса бошлайди ва ҳайз циклининг 14-15 кунларида ёрилади.
 Тухумдон кистасининг  пайдо бўлиши ва аломатлари :
Кистанинг аломатлари:
− кўпинча пациент ҳеч қандай шикоят қилмайди ва мунтазам текширувлар пайтида тасодифан кўрилади.
− энг кўп ҳайз цикли бузилиши, қорин шиши,  орқа тешик ва қинда оғирлик ҳисси, безовталик кўринишидаги қорин оғриғи шаклида намоён бўлади
−  жинсий алоқа пайтида оғриқ
− қориннинг тўлиқлигини ҳис қилиш
− қаттиқ оғриқ жуда кам учрайди. Агар оғриқ бўлса, кист яллиғланган ёки эндометриоз сабабли бўлиши мумкин.
−  камдан-кам ҳолатларда кистанинг буралиши ёки ёрилиши кучли оғриқларга, ҳатто жарроҳлик амалиётига олиб келиши мумкин.
Киста ёрилиши:
Шишган пуфак сингари, кисталар ҳам ўсганда ёрилиши мумкин. Жинсий алоқа, жисмоний машқлар ёки муолажа пайтидаги босиш ҳам кистани ёриши мумкин. Бу ҳолатда оний пичоқ санчиғи шаклида оғриқ бўлиб ўтади ва вақт ўтиши билан оғриқнинг пасайиши кузатилади. Аммо, агар ёрилиш пайтида катта томир учи очилса, қорин бўшлиғига қон кетиши мумкин. Қон кетиши кучайган ҳолларда жарроҳлик амалиёти талаб қилиниши мумкин.
 Кистанинг буралиши:
Баъзида тухумдон кисталари ўз оғирлиги билан тухумдонни айлантириб буриши мумкин. Ўткир аппендицитда бўладиганга ўхшаш оғриқ бўлиши мумкин. Тухумдонга борадиган томирларда қон айланиши бузилганлиги сабабли, тухумдон сурункали равишда шикастланиши мумкин.
 Ташхис:
Ташхис қўйиш одатдаги кўрик ва ултратовуш текшируви ёрдамида амалга оширилади. Шикоятларингиздан келиб чиқиб, шифокор қон ва пешобнинг умумий таҳлили ҳамда УТТ текшируви ўтказилишига кўрсатма беради. Кистани хавфли ўсмадан ажратиш имкони қийинлашса, компьютер томографияси буюрилади. Баъзан киста тури ва даражасини аниқлаш учун лапароскопия амалиёти ўтказилиб, жараённинг ўзидаёқ ўсма олиб ташланиши мумкин. Ҳасталик белгиси бачадондан ташқари ҳомиладорлик билан ўхшаш бўлгани учун айрим ҳолларда ҳомиладорликни аниқлашга доир тест ҳам ўтказилади.
Фолликуляр киста одатда ўз- ўзидан сўрилиб кетганлиги туфайли махсус даво талаб қилмайди ва ҳомиладорликка монеь бўлмайди. Сўрилмаган киста эса чуқурроқ текширувлар ва гинеколог маслаҳати асосида консерватив ёки хирургик йўл билан даволанади. Валлоҳу аълам.