Ассалому алайкум! Одинахон опа. Аввало Астагфируллоҳ . Ҳар бир муминни Оллоҳим ўзи хидоятга бошласин. Уйимдан жуда катта игна топгандим руқия (озим қуръон ўқиб) қилиб Оллоҳга дуо қилдим. Ҳали олдинги саволимда айтганимдек Соффот жин ясин духон сураларини коп оқийман. Сехр масаласида масжид имомидан маслаҳат олганимда шу сураларини оқишни вазифа қилиб берган эди. Одинахон опа нотогри тишунмангу битта ўгилга текканман қайнотам ёқ қайнонам иссиқ совуқ қилдириб юради. Фолбинга борганини козим бн кормаганманкуя эрм кириш жойига сувлар қойиб қояди кофега шакарлар аралаштириб ташлайди. Бугун қуруқ чой солиб чой дамлагандим чойим шўр туз аралашган деб қорқиб ичмадим. Қайнонам ўглини қизгонади қайнотам вафот қилган ҳатто биринчи хомламни аборт қилдир деган қайнонам оглини қизгониб. Инсон зити бошига не келса кораркан опажон ўлолмасакансиз яшаб яшолмасакансиз. Нима қилай уйимда тузимдан то сувингача руқия қилиб чиқайми туну кун оллоҳдан сорайман сехр қилгувчиларни ропарамдан олсин ё тавфиқ бериб ё жазо бериб амийн
– Ва алайкум ассалом! Бақара сураси сеҳрни ман қилади.
Сеҳрнинг муолажаси.
Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тааммул билан ўйлаб кўрган киши турли офатлар ва беморликларнинг ориз бўлиши ҳам борлиқдаги муқаддар қонун-қоидалардан бири эканлигини англаб етади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан бўладиган синовдир.
Ким «Солиҳ бандалар бало ва мусибатлардан узоқда бўлади», деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат ва мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир. Солиҳ кишига, жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилганлиги аломатидир. Офат ва беморликлар бундай кишилар учун гуноҳларининг каффоротидир.
Ҳа, агар мусибатга учраган банда солиҳ бўлса, мусибат унинг учун гуноҳларига каффорот ёки даражотларининг кўтарилишидир. Агар осий бўлса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатишдир.
Гоҳида сеҳр ва кўз тегиши орқали ҳам бандага мусибат етади. Шунинг учун мусулмон одам мазкур икки нарсадан сақланиш йўлларини яхши билиб олиши керак. Сақланиш муолажа қилишдан кўра осонроқдир. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш бир неча услублар ила амалга ошади.
1. Тавҳид ила руҳни тетиклаштириш.
2. Борлиқдаги барча нарсанинг тасарруфини фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қилишига иймон келтириш.
3. Яхшиликларни кўп қилиш.
4. Сеҳргарлиги ва кўзи борлиги билан машҳур бўлган одамлардан узоқда бўлиш.
5. Аллоҳдан сеҳр ва кўз тегишидан паноҳ сўраб, керакли дуо ва зикрларни ўқиб юриш.
6. Мазкур дуо ва зикрларнинг ҳақ эканлиги ва уларнинг фойдаси борлигига иймон келтириш. Мазкур иймон қанча кучли бўлса, ўша дуо ва зикрларнинг таъсири ҳам шунча кучли бўлади.
7. Мазкур дуо ва зикрларни айтганда қалб ҳозир бўлиши. Чунки ғофил қалб ила қилинган дуо қабул бўлмайди.
8. Кундузги дуо ва зикрлар Бомдоддан, кечкилари эса Аср намозидан кейин айтилади.
9. Сеҳр ва кўз тегишидан сақланиш учун «Оятул Курсий», «Бақара» сурасининг охирги икки ояти, «Ихлос», «Фалақ» ва «Наас» суралари ўқилади. Бошқа ўқиладиган дуо¬лар ва зикрлар ушбу китобнинг тегишли жойида келади. 10. Сеҳрланиб қолганлик ва кўз текканлик аломатлари қуйидагича: кишининг аъзолари соғ бўла туриб, бошининг у ер-бу ери оғриса, юзи сарғайса, кўп терласа ва бавл қилса, иштаҳаси йўқолса, юраги безовта бўлса, белининг ва икки курагининг пас¬тида оғриқ турса, узрсиз хафалик ва юрак сиқилиши бўлса, у одам сеҳрланган ёки унга кўз теккан бўлади.
Шунингдек, бир одам бекордан-бекорга хавфсирайверса, аччиғи чиқаверса, одамларга қўшилгиси келмай қолса, дангаса бўлиб қолса, уйқуси келаверса, қўйингки, тиббиётга оид бўлмаган ҳолатларга учраса, унга сеҳр таъсир қилган ёки кўз теккан бўлади.
Мусулмон одамнинг иймони ва қалби кучли бўлиб, васвасага йўл қўймаслиги лозим.
Сеҳр қилинган одам бир неча йўл билан муолажа қилинади.
Биринчиси – сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, «Фалақ» ва «Наас» сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.
Иккинчиси – сеҳр ўзига ўхшаш сеҳр билан муолажа қилинади. Бу иш ҳаромдир.
Учинчиси – шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда «Фотиҳа», «Фалақ» ва «Наас» суралари ёки Пайғабаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган дуолар ўқилади.
Имом Абдурраззоқ ўзининг «Мусаннаф» номли китобида сеҳрнинг муолажаси ҳақида қуйидаги маънони келтирган:
«Сидрнинг баргидан еттита олинади. Улар икки тошнинг орасига олиб, туйилади. Унга «Каафи¬рун», «Ихлос», «Фалақ» ва «Наас» суралари уч марта ўқи¬лади. Сўнгра сувга солиб, ичилади ва ғусл қилинади. Аллоҳ шифо бергунча такрорланади».
Тўртинчиси – сеҳр қилинган нарса қоринда бўлса, ич суриш билан, бошқа жойда бўлса, қон олиш йўли билан халос бўлинади.
11. Дам солишнинг шартларидан бири – унинг Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳамда ривоят қилинган дуолар билан бўлишидир.
12. Дам солиш араб тилида бўлиши ёки бошқа тилда бўлса, маъноси тушунарли бўлиши шарт.
13. Дам солиш ўзича таъсир қилмаслиги, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътиқод қилмоқ шарт.
14. Дам солувчи тақводор, солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалар тақводор бўлса, таъсири шунча кучли бўлади.
15. Дам солиш жараёнида Аллоҳга сидқидилдан юзланиш ва ёлвориш лозим.
16. Киши ўзига-ўзи дам солгани афзал.
17. Дам солдирувчи киши солиҳ мўмин бўлиши керак.
18. Дам солдирувчи киши шифони Аллоҳ таолонинг Ўзидан ихлос билан сўраши лозим.
19. Шифо бўлмаяпти, деб шошилмаслик керак.
20. Кўз тегишидан хавфсираган жойларга тумор, кўзнинг шакли, отнинг тақаси, исириқ каби нарсаларни осиш мумкин эмас.
21. Сеҳргарлар одамларни ўзига ишонтириш учун тақводор бўлиб кўринишга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун улар намоз ўқишлари, зикр қилишлари ва одамларни жалб қиладиган бошқа ишларни амалга оширишлари бор.
22. Сеҳргарларнинг аломатлари кўп. Шулардан бири – улар беморнинг ва унинг онасининг исмини сўрайдилар. Ҳолбуки, шаръий дам солишда бу исмларнинг ҳеч кераги йўқ.
23. Сеҳргарлар баъзи кийимларни ёки кийим парчаларини келтиришни сўрайдилар.
24. Сеҳргарлар маълум сифатга эга бўлган ҳайвонни келтиришни сўрайдилар. Уларни жинларга атаб сўйишлари ёки қонини беморга суртишлари мумкин. Бу ҳам сеҳргарликнинг аломатларидандир.
25. Сеҳргарлар маъносини тушуниб бўлмайдиган тилсим ва шаклларни чизадилар.
26. Сеҳргарлар беморга тўртбурчак шакллар ичига турли ҳарфлар ва рақамлар ёзилган варақлар беришади.
27. Сеҳргарлар беморларга одамларга аралашмай, маълум муддат алоҳида хонада яшашни амр қиладилар ва ҳоказо.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан ).