Шукр намоз

22:25 / 13.08.2023 | Odina | 251

Ассалому алайкум ва рохматуллох кадрли устозам соглигларингиз яхшими. Сизга яна бир савол йулламокчи эдим. Аллох Таолога хамдлар булсин менга сураганларимдан хам ортигини бермокда. Бунга купдан куп шукрлар киламан. Биз Аллохга шукримизни кандай килиб изхор килсак булади? Хар куни шукр намоз укиш мумкинми? Жавоб учун олдиндан рахмат. АЛЛОХ сиздан рози булсин.

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Шукр

«Шукр» сўзи араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга «шукр» сўзини ишлатиш машҳур бўлган.

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.

Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар.

Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса савоб, ажр ва гўзал мақтовдир», деган.

Муновий: «Шукр икки хил бўлади. Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган. 

Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлашидир.

Шукрнинг қоидалари.

Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан, ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилинган:

1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъси.

2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.

3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчининг неъматини эътироф қилиши.

4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига неъмат учун мақтов айтиши.

5.    Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.

Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўша миқдорча нуқсон бўлади».

Шукрнинг турлари.

Шукр уч турга тақсимланади:

1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.

2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.

3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофот ила бўлади.

Шукр ҳақидаги ояти карималардан намуналар:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир» (Нисо сураси, 147-оят).

Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? 

Уларни азоблашдан бирор фойда топадими? 

Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? 

Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч қандай фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!»

Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз кимса қилган хатоси эвазига тўғри йўлга қайтсин, деб бу дунёда азобланади. Уни охиратда азоблаш эса ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида

«Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир».

Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.

Бу оятда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда. 

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

 

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (Бақара сураси, 152-оят).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон одам доимо Аллоҳ таолони зикр этиб, Унга шукр қилгандагина, иши олға босади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло шукрни куфрнинг муқобилига қўймоқда.

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шукрни ибодат билан бир қаторда зикр қилади:

 «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолда енглар. Ва агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинглар» (Наҳл сураси, 114-оят).

Мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳ таолонинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса Аллоҳ таолога ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда: «агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.

Бу маъно қуйидаги ояти каримада янада кенгроқ баён қилинган:

 

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди. Саноқни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсангиз» (Бақара сураси, 185-оят).

Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, Унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ таоло бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши лозим.

Аллоҳ таоло Намл сурасида Сулаймон алайҳиссаломнинг шукрларини шундай баён қилади:

 

«Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб-юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) у(тахт)нинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр келтираманми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир», деди» (40-оят).

Ҳа, Аллоҳ таоло баъзи бандаларига фазлидан бирон неъмат берадиган бўлса, унда синов ҳам бўлади. Банда бу неъматга шукр қиладими ё ношукр бўладими? Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай неъматларга шукр ёки куфрони неъмат қилишнинг Аллоҳ таолога ҳеч қандай фойда ёки зарари йўқдир. Нима бўлса, банданинг ўзига бўлади.

«Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, Роббим ўта беҳожатдир, ўта карамлидир», деди».

Шукр қилган банда савоб олади. Аллоҳ унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади. Ношукрлик қилган одам эса гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ унга берадиган неъматларини узиб қўяди. Бандасининг шукр қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ, у карамли Зотдир. У неъматларини Ўз карами ила беради, шукр учун эмас.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

«Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлдалигини – мустақим эканини кўрсатади.

Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доимо кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.

Неъматга куфронда бўлиш эса унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, У Зотга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрон этиш уни берган Зотга – Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар «Менга неъматни Аллоҳ берди», демайди, балки «Унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим», дейди. Шу сабабдан, ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар.

Ҳолбуки, шукроналик банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга эҳтиёжманд эмас.

Шукр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:

عَنْأَبِي هُرَيْرَةَ tأَنَّرَسُولَ اللهِ r قَالَ: «مَنْ لَا يَشْكُرُ اللهَ لَا يَشْكُرُ النَّاسَ». رَوَاهُ أَبُودَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّوَلَفْظُهُ: «مَنْلَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ».

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Одамларга ташаккур қилмаган (инсон) Аллоҳга ҳам шукр қилмайди», дейилган.

Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган нобакор шахс банданинг яхшилигини билармиди?! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишдан асрасин! Омин!

عَنْعَبْدِ اللهِ بْنِ غَنَّامٍ الْبَيَاضِيِّ tأَنَّرَسُولَ اللهِ r قَالَ: «مَنْ قَالَ حِينَ يُصْبِحُاللَّهُمَّ مَاأَصْبَحَ بِي مِنْ نِعْمَةٍ فَمِنْكَ وَحْدَكَ، لَا شَرِيكَ لَكَ، فَلَكَ الْحَمْدُ، وَلَكَ الشُّكْرُ، فَقَدْ أَدَّى شُكْرَ يَوْمِهِ، وَمَنْ قَالَ مِثْلَ ذَلِكَ حِينَ يُمْسِي، فَقَدْ أَدَّى شُكْرَ لَيْلَتِهِ».

 

Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким субҳ кирганда «Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фа минка ваҳдака лаа шарийка лака. Фалакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, батаҳқиқ, ўша кунининг шукрини адо қилибди. Ким худди ўшани кеч кирганда айтса, батаҳқиқ, ўша кечанинг шукрини адо қилибди», дедилар». 

(Маъноси: Аллоҳим, нимаики неъматга эга бўлсам, ёлғиз Сенинг Ўзингдандир. Сенинг шеригинг йўқдир. Сенга ҳамд бўлсин ва Сенга шукр бўлсин)

عَنْأَبِي أُمَامَةَ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «عَرَضَ عَلَيَّ رَبِّي لِيَجْعَلَ لِي بَطْحَاءَ مَكَّةَ ذَهَبًا، قُلْتُلَا يَارَبِّ، وَلَكِنْ أَشْبَعُ يَوْمًا، وَأَجُوعُ يَوْمًا - أَوْ قَالَثَلَاثًا، أَوْ نَحْوَ هَذَا - فَإِذَا جُعْتُتَضَرَّعْتُ إِلَيْكَ وَذَكَرْتُكَ، وَإِذَا شَبِعْتُ شَكَرْتُكَ وَحَمِدْتُكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришини таклиф қилди. Мен: «Йўқ, эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, – деб уч ёки шунга ўхшаш айтдилар ва давомида: – Оч қолсам, Сенга тазарру қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимда Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

عَنْمُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ tأَنَّرَسُولَ اللهِ r أَخَذَبِيَدِهِ، وَقَالَ: «يَا مُعَاذُوَاللهِ إِنِّي لَأُحِبُّكَ»، فَقَالَ: «أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ، لَا تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ تَقُولُاللَّهُمَّ أَعِنِّيعَلَى ذِكْرِكَ، وَشُكْرِكَ، وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ». رَوَاهُ أَبُودَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

 

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб: 

«Эй Муъоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муъоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинний ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибодатика», дейишни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси: 

«Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

عَنِالْمُغِيرَةِ t قَالَإِنْ كَانَ النَّبِيُّ r لَيَقُومُلِيُصَلِّيَ حَتَّى تَرِمُ قَدَمَاهُ أَوْ سَاقَاهُ، فَيُقَالُ لَهُ، فَيَقُولُ: «أَفَلَا أَكُونُعَبْدًا شَكُورًا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِوَالنَّسَائِيُّوَالتِّرْمِذِيُّوَلَفْظُهُصَلَّى رَسُولُاللهِ r حَتَّىانْتَفَخَتْ قَدَمَاهُ، فَقِيلَ لَهُأَتَتَكَلَّفُ هَذَا،وَقَدْ غُفِرَ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ: «أَفَلَا أَكُونُعَبْدًا شَكُورًا».

 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки қадамлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дердилар».

Икки шайх, Насоий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. 

Шунда у зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. 

Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар», дейилган.

Камтарликни қаранг! 

Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! 

Инсониятнинг улуғи, Аллоҳ таолонинг энг севикли Набийси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотнинг олдингию кейинги гуноҳларини – фаразан гуноҳлари бўлса – мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди. 

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта – шукр қилувчи банда бўлиш.

Шукрнинг фойдаларидан:

1. Шукр иймоннинг мукаммалигидир.

2. Шукр Исломнинг гўзаллигига далолатдир.

3. Шукр неъмат берувчининг ва неъматнинг эътирофидир.

4. Шукр неъматнинг муҳофазасидир.

5. Шукр неъматнинг зиёда бўлишига сабабдир.

6. Шукр Роббнинг розилиги сабабидир.

7. Шукр Роббнинг муҳаббати сабабидир.

8. Шукр халқнинг муҳаббати сабабидир.

9. Шукр нафс хотиржамлиги ва ақл комиллигидир.

Имом Байҳақий қилган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Албатта, неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир. Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандадан шукр узилмагунича Аллоҳдан зиёда қилиш узилмайди».

Имом Ибн Можа ва Ибн Асокир Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Аллоҳ шукр эшигини очиб, зиёда эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ дуо эшигини очиб, қабул эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ тавба эшигини очиб, мағфират эшигини беркитиб қўймас. 

Сизларга Аллоҳнинг Китобидан тиловат қилиб бераман. Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деган. 

У Зот яна: «Агар шукр қилсангиз, зиёда қилурман», деган. 

У Зот яна: «Мени зикр қилинглар, сизни зикр қилурман», деган. 

У Зот яна: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли Зот топади», деган».

Рустам ўз сўзида форсларни улуғлади, арабларни ерга урди. Уларнинг ҳолати ёмон бўлгани ва ночор яшаганларини эслади.

Муғийра: «Аммо сенинг бизнинг ёмон ҳолатда, ночор ҳаётда ва ихтилофда эканлигимиз ҳақида қилган васфинг тўғри. Буни инкор қилмаймиз. Дунё айланиб туради. Шиддатдан кейин фаровонлик келади. Агар Аллоҳ сизга берган нарсаларга шукр қилганингизда ҳам, шукрингиз сизга берилган нарсадан оз бўлар эди. Аммо шукрнинг озлиги сизнинг ҳолингизни ўзгартирибди. Аллоҳ бизга бир Набий юборди», деб ўзидан олдингиларнинг гапини такрорлади. 

Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий тақвони: 

«Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, Уни эслаш ва унутмаслик, Унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар.

 

шукрнинг Ҳақиқати

Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсаларни яхшилаб ўрганиб чиқилса, шукрнинг ҳақиқатини англаб олиш мумкин бўлади. Зотан, бошқа барча гаплар бу маънони иҳота қилишга етишмайди.

Илм.

Илм асос бўлиб, ундан ҳол пайдо бўлади. Илм уч нарсани – неъматнинг ўзини, унинг неъмат эканини ва неъмат берувчининг зотини, неъмат бериш учун зарур бўлган сифатларини ҳамда ўша Зотдан унга неъмат содир бўлишини билишдан иборатдир.

Демак, неъмат неъмат берувчидан қасд ва ирода ила берилиши керак. Ушбу ишларнинг барчасини билиш лозим. Барча неъматлар Аллоҳ таолонинг Ўзидан эканини, фақат Унинг Ўзигина неъмат берувчи эканини ва воситачилар Унинг томонидан беминнат хизматкор қилинганини билиш лозим.

Худди шу маърифатдан тавҳид ва тақдис келиб чиқади. Иймон маърифатлари ичида тақдис биринчи ўринда туради. Қачон муқаддас Зотни таниса ва ўша Зотдан бошқа бирорта муқаддас зот йўқлигини билиб етса, тавҳид бўлади.

Сўнгра дунёдаги барча нарсалар мазкур ягона Зотдан вужудга келганини, барча нарсалар Унинг неъмати эканини билади. Бу эса тақдис ва тав­ҳиддан кейинги ўриндаги маърифат бўлади.

Демак, барча нарса Аллоҳ таолодан эканига маърифат ҳосил қилмагунингча шукр қила олмайсан. Агар бу борада озгина шубҳанг бўлса ҳам, на неъматни, на неъмат берувчини таниган бўласан. Маърифатинг ноқис бўлиши ила ҳолинг ноқис бўлади. Ҳолнинг ноқислиги амалнинг ноқислигига олиб боради.

Ҳол. 

Неъмат берувчининг инъомидан ҳосил бўлган хузуъ ҳамда тавозе аралаш қувончга «ҳол» дейилади. Бу нарса қувонч шукр бўлиши учун асосий шартдир. Қувонч неъмат ёки инъомдан эмас, балки неъмат берувчидан бўлиши керак.

Амал.

Неъмат берувчига маҳбуб бўлган нарсани қилиш «амал» дейилади. Амални неъмат берувчининг маърифатидан ҳосил бўлган қувонч ила қилинади. 

Бу борадаги амал дил, тил ва аъзоларга боғлиқ бўлади.

Дил билан шукр қилиш барча халққа яхшиликни қасд қилиш билан бўлади.

Тил билан шукр қилиш Аллоҳ таолога ҳамду сано сўзларини изҳор қилиш билан бўлади.

Аъзолар билан шукр қилиш Аллоҳ таолонинг неъматларини У Зотнинг тоати учун ишлатиш ва маъсиятига ишлатмаслик билан бўлади.

Неъматларнинг тақсими:

Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган неъматлари беҳисоб экани ҳеч кимга сир эмас. У Зотнинг Ўзи Иброҳим сурасида: «Агар Аллоҳнинг неъматини санасангиз, адоғига ета олмайсиз», деган (34-оят).

Уламолар неъматларни уч асосий қисмга тақсимлаганлар:

1. Дунёвий: соғлик, офият ва ҳалол мол кабилар.

2. Диний: иймон, Ислом, Аллоҳ таолонинг маърифати, тақво, илм ва амал кабилар.

3. Ухровий: оз амалга кўп савоб берилиши каби.

Шокирларнинг даражалари:

1. Авомларнинг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг неъматларига шукр қиладилар.

2. Хосларнинг даражаси. Улар неъматларга ва кулфатларга шукр қиладилар.

Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: 

«Аллоҳ таоло: «Эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандининг, кўз қорачиғининг, қалбининг самарасининг жонини олдингми?» дейди. Фаришта: «Ҳа», дейди. Аллоҳ: «У нима деди?» деб сўрайди. Фаришта: «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейди. Шунда Аллоҳ таоло: «Жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди», деганлар.

Имом Ҳоким келтирган ривоятда айтилади:

«Жаннатга биринчи чақириладиганлар Аллоҳ азза ва жаллага енгиллик ва оғирликда ҳамд айтадиганлардир».

3. Хосларнинг хосларининг даражаси. Улар фақат Аллоҳнинг Ўзига шукр қиладилар. Неъматни ҳам, кулфатни ҳам кўрмайдилар. (Руҳий тарбия.)

Валлоҳу аълам!