Вақтингизни аямай берган жавобингиз учун катта раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин!
Руҳшунос:
Ваалайкум ассалом. Жуда тўғри йўлни тутибсиз. Сиз каби аёллар жуда-жуда кўп. Баъзида аёллар турмушга чиққандан сўнг ўзлигини унутиб қўяди ва борлиғини, вужудини ҳам турмуш ўртоғига, фарзандларига, қайнона-қайнотасига топшириб қўя қоладилар. Аммо шунга лойиқ жавоб ололмай, қилган яхшиликларини миннат қилиб, ҳаммадан нафратлана бошлайдилар. Аслида, яқин қариндошлар, фарзандлар бандасига синов учун берилганлиги ҳақида ояти карималарда ҳам келтирилганку. Турмушни қаҳва деб қарайдиган бўлсак, аёл киши қанд эмаски унда эриб йўқ бўлиб кетса. Мен турмушида ўзига яхши муносабат тополмаган кўпгина аёлларни шу қандга ўхшатаман. Аммо аёл киши шу билан биргаликда беодоб бўлиб, ўзидан катталарга хизмат қилмай, эрининг қариндошларига беписанд бўлмаслиги керак. Турмуш ўртоғи ва унинг яқинларига қилинадиган хизматларда чегара борлигини унутмаслик керак. Ўзини қуллик даражасига ҳам туширмаслик керак ва беодоб ҳам бўлмаслик керак. Албатта ўзининг ҳақ-хуқуқларини биладиган, ўз қадрига етадиган, асосийси бу дунёдаги вазифаларини яхши тушунадиган аёл ўша чегарани бузмай яшай олади. Ана шунда турмушдаги баъзи қийинчиликлар, нохушликлар қалбга зарба бермайди, инсон ўзини йўқотиб қўймайди ва дардга муккасидан кетиб асосий вазифаларини унутмайди. Валлоҳу аълам.