Аслида севги борми?

21:56 / 28.09.2019 | Мутахассис | 1848

Ассалому алайкум! Аслида инсонлар ўртасида ҳақиқий севги борми? Ҳозирги кунда «Сени севаман, сенсиз яшолмайман», дейдиган ўсмирларнинг гапига ишонса бўладими? Яъни улардаги ҳис-туйғуларни севги деб аташ мумкинми?

Мутахассис:

Ва алайкум ассалом. Албатта, ҳақиқий севги бор. Бу Аллоҳга бўлган муҳаббатдир. Бандаларни эса Аллоҳ учун севиш мумкин. Мисол учун, йигит бир қизга кўнгил қўйди, дейлик. Агар унга совчи юборса, совчи юборишдан мақсади унга никоҳланиб, фарзанд кўриш, бахтли ҳаёт кечириш бўлса ва шариат кўрсатмасига мувофиқ никоҳига олиб, турмуш ўртоғини Аллоҳ учун ҳурмат қилиб, яхши кўриб яшаса, мана шу ҳақиқий севги бўлади. Агар йигит бир қизга «Сени севаман, сенсиз яшолмайман» деган гапларни фақатгина кўнгилхушлик учун ёки бўш вақтини бекор ўтказмаслик учун айтаётган бўлса, буни севги деб бўлмайди. Ҳақиқатда юрагида муҳаббати бор инсон севган кишисини икки дунёда ҳам Аллоҳнинг олдида уятга қўйишни хоҳламайди. Никоҳига олмай туриб, бир қизга севги изҳор қилмайди, уни учрашувга таклиф қилмайди, уни одамларнинг гап-сўзига, фитнага нишон қилиб қўймайди. Яна таъкидлаб айтаман, икки жинс орасидаги муҳаббат фақат ва фақат шариат кўрсатмасига мувофиқ совчилик билан, никоҳ билан бўлиши, изҳор қилиниши мумкин. Аслида кинолардаги етишиб бўлмас севги қиссаларидаги ҳолатлар – бу шунчаки “жабрланувчи образ” ҳолати. Кўп ҳолларда «севаман», деб гўёки севгиси учун курашиб юрган ёшлар аслида бир-бирларини эмас, курашишни, бошқаларга ўзининг довюраклигини исботлашни яхши кўрадиган одамлардир. Яъни улар курашаётган пайтдаги ҳис-туйғуларини, жабрланувчи сифатида жасорат кўрсатаётганларини бошқаларга намоён қилишни исташади. Шундай ёшлар билан ишлаганимизда, аслида нариги жинс вакилини у қадар севмаслигини, шунчаки ўрганиб қолгани ва қилаётган ишини тўғри деб ҳисоблагани, ҳаммага ниманидир исботлаш учун курашаётганини англаб етишган. «Сенсиз яшолмайман», дейдиганлар кўпинча бошқалар билан бахтли яшаб кетганининг гувоҳи бўлганмиз. Аммо нияти қатъий бўлса, турмуш ёшига етгунча сабр билан кутишини ва ота-она розилиги билан, қонуний, шаръий никоҳланиб, севиб-севилиб, бахтли яшашларини тавсия этамиз.