Ассалому алайкум! Ёшим 20 да. Исмим Комилжон. Оилада 2-фарзандман. Онам кўз олдимда сўлиб боряптилар. Ёшлари 41 да. Кундан кунга оилавий муаммолар кўпайиб боряпти. Бу муаммоларга ечим топиш эса қийин бўляпти. Онам оилага садоқатли, исломдан ўзларига яраша хабарлари бор аёллар, лекин ҳаётда жуда кўп сиқилганлар. Отам, қайноналари (яъни бувим), биз 4 ўғил фарзандларнинг ғам-ташвишлари онамни қаритиб бўлган. Дадам хорижда ишлайдилар, 3-4 йилда бир келадилар, уйга бефарқлар, иккинчи аёллари ҳам бор, спиртли ичимликлар ҳам ичиб турадилар (ҳатто нариги аёллари билан ҳам). Биз фарзандларини келажакда ким бўлишимизга бепарволар. Бувим эса онамга гаплари билан ҳам, амаллари билан ҳам зулм қиладилар. Акамни яқинда уйлантирдик, уйланганланларини тўйга яқин онамга айтдилар. Онам тўй устида ўлиб қоладилар деб роса қўрқдим. Муаммони ҳаммасини бир саволда ёритиш қийин. Онамга сизлар ҳақингизда айтсам: «Қандай бўларкин?», дедилар. Сизларга мурожаат қилиб кўрмоқчилар. Мен кўп дардларини эшитиб ўтираман. Илтимос маслаҳат беринг!
Руҳшунос:
Ваалайкум ассалом. Онангизга ўзини қадрлашни, бу дунёга инсон фақат азоб уқубат учун эмас, балки шукр қилиш учун келишини тушунтириш керак. Қачон инсон чин дилдан шукр қилади? Қачонки ўзини яқинларига, дўсту-биродарларига кераклигини, қадри борлигини ҳис этса, бахтли бўлса. Аммо илм соҳибаси дунёдаги энг бахтли инсон бўлмаса ҳам бу ҳис-туйғуларни ўзида мужассам эта олиши мумкин. Чунки илм эгаси ўзининг ҳақ-хуқуқини жуда яхши билади. Ҳақ-ҳуқуқини яхши билган инсон, айниқса аёл киши турмуш ўртоғи ва бошқа инсонларда унга бўлган ҳурматни, меҳрни уйғота олади. Бунга эришиш учун инсон мумкин қадар ҳақиқат йўлида юришга, илмларини ошириш, ривожланиш йўлида бардавом бўлиши керак. Тўғри, айтиш осон, аммо бу гапларга амал қилишга келсак, онангиз ўзида куч тополмаслиги мумкин, шунинг учун бизнинг сайтимиз саҳифаларини мунтазам равишда кузатиб туришини (чунки сайтимиз саҳифаларида жуда қизиқарли, инсонни мулоҳазаларга, чуқурроқ ўйлашга чорлайдиган ҳадис, видео, мақола, ҳикматларни кузатиб бориш мумкин) ва зарурат бўлса психолог кўригидан ўтишини тавсия қилган бўлардим. Валлоҳу аълам.